islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Iyun 8, 2019

Day

Бас, ким зарра оғирлигида яхшилик қилса ҳам кўради. Ва ким зарра оғирлигида ёмонлик қилса ҳам кўради

Дамашқдаги бозорлардан бирида икки киши тортишиб қолди. Улардан бири қуролини олиб, рақибига ўқ узди, лекин ўқи хато кетди. Ўша ердаги бир киши бу тортишувни эшитиш учун дўконидан бошини чиқариб, қараб турган эди. Ҳалиги ўқ шу одамнинг бўйнига, умуртқа поғонасига яқин жойга тегиб, уни шол қилиб қўйди… Орадан бир неча кун ўтиб бозордан ўтиб кетаётган шайх Ротиб Ан-Наблусийни бир киши тўхтатиб, шу воқеа ҳақида савол берди: “Устоз, сиз доим Аллоҳ азза ва жалланинг адолати ҳақида гапирасиз. Лекин бу одам нима қилган эди? У оддий савдогар, дўконини очиб, оила, бола-чақасига ризқ топишга ҳаракат қилаётганди. Газлама сотарди. Ҳеч қандай айби йўқ. Тортишувни эшитиб, бўйнини чўзиб қараган вақти дайди ўқ келиб бўйнига тегибди. Шол бўлиб қолди. Қани Аллоҳнинг адолати?!” Шайх Наблусий жавоб берди: “Аллоҳга қасамки, мен Унинг одил эканлигини биламан. Сиз менга ўша киши ҳаётидан ўзингиз билган бир қисминигина айтиб бердингиз. Эҳтимол унинг ҳаётида сиз ҳам, мен ҳам билмаган бир иш бордир. Мен Аллоҳнинг адолати ҳақ эканлигига ишонаман”. Орадан йигирма кун ўтиб шайх Наблусий Ал-Майдон маҳалласида яшайдиган дўсти билан гаплашиб қолди. Дўсти унга: “Эй шайх. Бизда ажойиб бир воқеа юз берди. Бир қўшнимиз бўлиб, у вафот этган укасининг етим болаларига васий эди. Етимларга отасидан 20 минг лира қолганди (ўша пайтда бу бир уйнинг пули эди). Пулни сақлаб туришга масъул бўлган амаки уни эгаларига, етимларга қайтаришдан бош тортди. Улар Ал-Майдондаги олимлардан бирига шикоят қилишди. Олим у одамни ва укасининг болаларини олдига чақириб, насиҳат қилди, лекин амаки пулни тўлашни истамади. Шунда ҳалиги олим жиянларга: “Амакингиз пулни бермайман, деяпти. Бу масалани энди қозига кўтариб юрманглар, сизлар амаки-жиян бўлиб тортишиб юришинглар тўғри иш бўлмайди. Аксинча, осмонлару ернинг Робби бўлган Аллоҳга шикоят қилинглар”, деб маслаҳат берди. Бу кечқурун соат саккизда бўлаётган гап эди. Эртаси куни эрталаб соат саккизда амаки дўконидан бошини чиқариб, тортишув бўлаётган жойга қараган ва ўқ тегиб, шол бўлиб қолган…” Шайх Ротиб Ан-Наблусий айтадилар: “Бу дунёда дайди ўқ, тасодифий иш деган нарсаларнинг ўзи йўқ. Ҳар бир ҳолат Аллоҳнинг ҳикмати ва адли билан, ўз ўрнида юз беради. Буни тушунган тушунади… Жоҳил жоҳиллигича қолади… Яшаб турган жойимизда, ҳаётимизда нимаики содир бўлмасин, ҳикматли, адолатли Робб томонидан, етук ҳикмат асосида юз бераётганига иймон келтиришимиз лозим. У Зотнинг ҳузурида ҳеч кимга бир мисқол миқдорида ҳам зулм қилинмайди. Банда яхшилик қилган бўлса, яхшилик билан, ёмонлик қилган бўлса, ёмонлик билан мукофот олади. Аллоҳ Таъоло айтганидек: “Бас, ким зарра оғирлигида яхшилик қилса ҳам кўради. Ва ким зарра оғирлигида ёмонлик қилса ҳам кўради”. Ер юзидаги, одамларнинг адолатини эътиборга олмасак ҳам майли (дунёдаги жазолардан қутулиб қолишимиз мумкиндир, балки). Лекин осмонлару ернинг эгаси бўлган Зотнинг адолатини унутмайлик!” 700

Таҳоратда «басмала»ни айтиш ҳақида

Муқаддас динимиз доимо инсонни савоб ва эзгу ишларга ундаб уларни тоқати етганича бажаришга буюради. Ҳаётнинг ҳар қайси жабҳасида савоб амал қилиб, аввало ўзи учун қолаверса, инсонларга ҳам яхшиликни раво кўриб, ҳеч қайси амалга беписанд қарамай балки, амалларни мукаммал тарзда адо қилишга йўл-йўриқ кўрсатади. Мана шундай гўзал амаллардан бири инсон таҳорат асносида Аллоҳни зикр қилган ҳолида «бисмиллаҳир роҳманир роҳим» ни айтмоқлигидир. Ўз ўрнида айтиш жоизки «басмала» бисмиллаҳир роҳманир роҳим нинг қисқартма шаклидир. Таҳоратда «басмала»ни айтиш тўғрисида уламоларнинг баъзилари «басмалани таҳоратдан аввал айтмаган кишининг таҳорати жоиз бўлмайди» – деб айтганлар. Бошқа тоифа уламолар эса «таҳоратдан аввал басмалани айтмаса ҳам таҳорат жоиз бўлади. Лекин савоби ва фазилати камроқ бўлиб мукаммал кўринишда бажарилмаган бўлади» деганлар. Имом Таҳовий роҳиатуллоҳи алайҳнинг ушбу мавзу тўғрисида «шарҳу маъонил осор» китобида айтилган сўзларини кўриб чиқамиз. Аввало «басмалани айтмаган кишининг қилган таҳорати жоиз бўлмайди» деб айтган кишиларнинг ўзларига далил қилиб олган ҳадисларини келтириб ўтамиз: Саид ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда У зот “мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Таҳорати бўлмаган кишининг намози жоиз бўлмайди. Ва Аллоҳнинг исмини зикр қилмаган кишининг таҳорати жоиз бўлмайди» деганларини эшитдим”, деганлар. Уламолардан Ҳасан Басрий, Исъҳоқ, бир ривоятда Аҳмад роҳиатуллоҳи алайҳ ва баъзи зоҳирийлар намозга қилаётган таҳоратда басмалани айтмаса таҳорати жоиз бўлмайди деб юқоридаги ҳадисни ҳужжат қилиб келтирдилар. Бошқалар бу сўзга хилоф қилганлар. Жумладан имом Абу Ҳанифа, Абу Юсуф, Муҳаммад, имом Молик, имом Шофеий роҳматуллоҳи алайҳ саҳиҳ ривоятда имом Аҳмад роҳматуллоҳи алайҳ киши таҳоратида басмалани зикр қилмаса хато қилган бўлади лекин, қилган таҳорати жоиздир“ деб айтганлар. Ўзларининг бу сўзларига қуйидаги ҳадисларни далил қилиб келтирганлар: Муҳожир ибн Қунфуз роҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинган ҳадисда У зот Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга таҳорат қилаётган вақтида салом берди. Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам алик олмадилар. Таҳоратни тамомлаганларидан сўнг айтдилар: “Мени саломингга алик олишимдан ман қилган нарса фақатгина таҳоратли ҳолатда Аллоҳни зикр қилишни ҳоҳлаганимдир“, дедилар. Бу ҳадисда Росуллуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам таҳоратли бўлган ҳолатларида Аллоҳни зикр қилишни ирода қилдилар. Саломга алик олишни таҳоратдан кейинга сурдилар. Бунда Аллоҳнинг исмини зикр қилишдан олдин яъни басмалани айтмасдан таҳорат қилганликларига далил бор. Аввалги ҳадисдаги “Аллоҳнинг исмини зикр қилмаган кишини таҳорати жоиз бўлмайди“, деган гапларини, таҳорат мукаммал ҳолатда адо қилинган ҳисобланмайди деган маънода тушунамиз деганлар. Бундан келиб чиқадики, киши таҳоратни мукаммал қилиши учун аввало, басмалани таҳоратни аввалида айтишлиги лозим бўлади. Ҳанафий мазҳаб имомлари басмалани таҳорат аввалида айтишлик суннат амалдир деганлар. Ислом динида доимо ҳар қайси ишни мукаммал адо қилиш киши дуннинг мукаммаллигига далолат қилади. Аллоҳ тоало ҳамма ишларни мукаммал адо қилишимизга тавфиқ ато қилсин!  1-курс талабаси Боқиев Абдулазиз 454

Бир ҳадис шарҳи

عن أبي هريرة رضي الله عنه قال كان أهل الكتاب يقرأون التوراة بالعبرانية ويفسرونها بالعربية لأهل اللإسلام فقال رسول الله صلى الله عليه وسلم لا تصدقوا أهل الكتاب ولا تكذبوهم “وقولو آمنّا بالله وما أنزل إلينا…”  اللأية   Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши айтдилар: “Аҳли китоб тавротни иброний тилида ўқир ва ислом  аҳлига уни араб тилига таржима қилиб берар эдилар. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аҳли китобни тасдиқ этмангизлар ва уларни ёлғонга ҳам чиқарманглар. “Аллоҳга ва бизга нозил қилинган нарсаларга иймон келтирдик” деб айтингизлар”.   Ушбу ҳадисда набиййимиз саллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни ўзлари билмаган масала борасида фикр билдиришдан, билиб-билмай ҳукм чиқариб қўйишдан қайтармоқдалар. Зеро, ҳар бир мўмин-мусулмон Аллоҳ таоло Ўз набийларига нозил қилган китобларга иймон келтиришга буюрилгандир. Бақара сурасининг 136-оятида Ҳақ субҳанаҳу ва таоло марҳамат қилиб айтадики: قُولُوا آمَنَّا بِاللَّهِ وَمَا أُنزِلَ إِلَيْنَا وَمَا أُنزِلَ إِلَى إِبْرَاهِيمَ وَإِسْمَاعِيلَ وَإِسْحَاقَ وَيَعْقُوبَ وَالْأَسْبَاطِ وَمَا أُوتِيَ مُوسَى وَعِيسَى وَمَا أُوتِيَ النَّبِيُّونَ مِن رَّبِّهِمْ لَا نُفَرِّقُ بَيْنَ أَحَدٍ مِّنْهُمْ وَنَحْنُ لَهُ مُسْلِمُونَ “Айтинглар: “Аллоҳга ва бизга туширилган нарсага, Иброҳим, Исмоил, Исъҳоқ, Яъқуб, асботларга туширилган нарсага, Мусо ва Ийсога берилган нарсага ва Пйғамбарларга Роббиларидан берилган нарсага иймон келтирдик. Уларнинг орасидан бирортасини фарқламасмиз ва биз Унга мусулмонлармиз”.   Лекин, биз ушбу китоблардаги саҳиҳ бўлмаганларидан ажрата олишга имконимиз йўқ. Чунки уларга ўзгартириш киритилган. Бу борада Аллоҳ таоло Ўз каломи шарифида марҳамат қилиб айтади: فَوَيْلٌ لِّلَّذِينَ يَكْتُبُونَ الْكِتَابَ بِأَيْدِيهِمْ ثُمَّ يَقُولُونَ هَذَا مِنْ عِندِ اللّهِ لِيَشْتَرُواْ بِهِ ثَمَناً قَلِيلاً فَوَيْلٌ لَّهُم مِّمَّا كَتَبَتْ أَيْدِيهِمْ وَوَيْلٌ لَّهُمْ مِّمَّا يَكْسِبُونَ “Китобни ўз қўли билан ёзиб, сўнгра уни арзон баҳога сотиш учун: “Бу Аллоҳнинг ҳузуридан”, дейдиганларга ҳалокат бўлсин! Уларга қўллари билан ёзган нарсаларидан ҳалокат бўлсин! Уларга топган фойдаларидан ҳалокат бўлсин!” (Бақара, 79)             Ушбу ўзгартириш туфайли ҳақ ила ботилнинг аралашиб кетганлиги учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисни айтмоқдалар. Таврот ва Инжилдаги баъзи маълумотларнинг тўғри бўлиш эҳтимоли ҳадисдан англашилиб турган бўлсада, Аллоҳ таоло уни қиёматгача ҳифз этишни ваъда берган Қуръони карим уларнинг барчасидан беҳожат қилади.             Лекин шу жойда ҳақли савол туғилади: “Ушбу китобларлардан мутлақо хабардор бўлиш мумкин эмасми?” Бунга қуйидагича жавоб берилади: “Юқоридаги масала борасида одамлар икки тоифага: илмсиз бўлган ҳамда мустаҳкам илмга эга бўлганларга тақсимланадилар. Ибн Ҳажар Асқалоний “Чуқур илм эгалламаган кишига бу мумкин эмас. Мустаҳкам илмли олим эса вазият тақозосига қараб ўша китобларни маълумот учун ўрганиб чиқиши жоиз” деганлар. 3 курс талабаси Нодиров Ҳумоюн 267

Ислом шариатида фатво беришга қўйилган талаблар

  Маълумки, ҳар соҳада ўзининг мутахассислари бўлади. Ўша соҳанинг мутахассиси деган номга сазовор бўлиш учун, унга қўйилган бир неча шартни ўзида мужассам қилган бўлиши керак. Динимиздаги энг олий мақомлардан бири бу пайғамбар меросхўри бўлиш. Янада аниқроқ қилиб айтганда, шаръий ҳукмларни баён қилиб берувчи, Аллох ва Унинг Расули номидан гапирувчи муфтийлик мақомида туриш бу олий мақом бўлиш билан бирга, масъулияти оғир бўлган хатарли мақом ҳам ҳисобланади. Фатво бериш қадри улуғ,  мавқеи катта, фазли кўп ишдир. Чунки фатво берувчи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг меросхўри, фарзи кифояни қоим қилувчи кишидир. Лекин масъулият жиҳатидан хатарли бир ўриндадир. Имом Муҳаммад ибн Абдуллоҳ шайх ул ислом Ибн Мункадир роҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: “Олим Аллоҳ таоло ва унинг халқининг ўртасидадир. Олим уларнинг ўртасига қандай киришига қарасин!” Қуйида бу олий ва хатарли мақомга кимлар муносиб бўла олади, кимни муфтий деб фатвосини қабул килса бўлади, шулар ҳақида гапириб ўтамиз. Уламоларимиз инсон муфтий бўлиши учун ўзида бир нечта шартларни мужассам этган бўлиши керак дейдилар. Ушбу шартлар билан бирма-бир танишиб чиқамиз. Биринчи ўринда Ибн Обидиннинг “Расмул муфти” асарларида келган барча шартларни ўзида жамлаган иборани зикр қилиб, ўтамиз: “Моҳир устоз қўлида фиқҳни ўрганмаган, ўзича устозсиз фиқҳ китобларини мутолаа қилган кишига фатво бериши жоиз эмас. Худди шунингдек устоз ҳузурида фиқҳни ўрганган кишиларнинг ҳаммаси ҳам фатво беравермайди. Устоз ҳузурида фиқхни яхши  билиб, мўътабар китобларни ажрата оладиган даражада малакага эга бўлгач, фатво бериш мансабига муносиб бўлади”.[1] Ибн Обидин роҳматуллоҳи алайҳи бу қоидани аслида Аллома Ибн Ҳажар Ҳайтамий роҳматуллоҳи алайҳининг фатволаридан нақл қилиб келтирганлар. Ибн Обидин бу ибораларда муфтийликка муносиб бўлиш учун инсонда топилиши керак бўлган шартларни зикр қилиб чиққанлар. Ҳанафий мазҳабида муфтий (фатво берувчи)да топилиши лозим бўлган шартлар: Ислом. Бу шатртнинг ҳақиқати маълум. Муфтий Аллоҳ таолонинг ҳукмини ва Унинг Расули ҳукмини хабар берувчидир. Аллоҳ ва Расулига иймон келтириши шарт. Диндан қайтган муртаднинг ва бошқа ғайридин, кофирларнинг динни ташқаридан ўрганиб фатво бериши дуруст эмас. Мусулмонларга уларнинг “фатво”си фатво бўлмайди. Ақл ва болиғ бўлиш. Балоғатга етганлик ва оқилликка тўхталадиган бўлсак, бу икки шарт нафақат муфтийларда, балки тўғри тасарруф содир бўладиган, ибодат бўйнига вожиб бўладиган оддий авомларда ҳам бўлиши керак. Фатво берувчи шариат аҳкомларини англаб етадиган ақлли бўлиши шарт. Ақлли бўлиши учун камида балоғатга етган бўлиши ҳам шарт. Балоғат ва ақл бирга топилса,  шариат аҳкомларига мукаллаф  бўлади. Бошқа шартлар ҳам топилиши билан фатвога лойиқ бўлади. Мажнун ва ёш болаларнинг фатвоси дуруст бўлмайди. Агар шартларга эътибор берадиган бўлсак, муфтийликка эркак ва ҳур бўлиши керак, деган шартни учратмаймиз. Шунинг учун фуқаҳолар: «Агар бир аёлда ёки қулда юқорида айтилган барча шартлар топилса, улар муфтийлик мансабига муносиб кўриладилар», дейишган. Муфтийлар ҳаётига назар ташлайдиган бўлсак қуллардан Ато ибн Абу Рабоҳ,[2] аёллардан Фотима Самарқандия роҳматуллоҳи алайҳимларни кўришимиз мумкин. Одил бўлиш. Муфтий одил бўлиши шарт. Одил бўлиши шариат талаб қилган ишларни қилиб, қайтарган ишлардан қайтиб, фосиқликдан ўзини сақлаб юришдир. Адолат сифатига тўхталадиган бўлсак, ҳадис илмида ровийнинг ривоят қилган ҳадиси саҳиҳ бўлиши учун бир неча шартлар қўйилган, ўша шартларнинг ичида «адолат» сифати ҳам мавжуд. Худди шунингдек, муфтийликка лойиқ бўлиш учун инсонда адолат сифати топилиши керак. Фосиқ инсон Аллоҳнинг аҳкомларини етказишда омонатга ҳиёнат қилиб қўйиши мумкин. Зеро Пайгамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак ҳадисларида: «Бу динни кейинги...

Илмсиз фатво бериш

Илмсиз фатво бериш ҳаромдир. Чунки илмсиз фатво бериш Аллоҳ ва Унинг Расули номидан ёлғон гапиришдир. Илмсиз фатво бериш бошқаларни адаштиришдир. Инсонларни адаштириш, залолатга бошлаш эса катта гуноҳдир. عن أبي هريرة رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: “من أفتى بغير علم كان إثمه على من أفتاه ومن أشار إلى أخيه بأمر يعلم أن الرشد في غيره فقد خانه“  رواه أبو داود Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким илмсиз фатво берса, унинг гуноҳи фатво берган кишига бўлади. Ким ўз биродарига тўғри йўл бошқа томонда эканини билиб туриб, иккинчи бир йўлга ишора қилса, унга хиёнат қилибди»- дедилар.[1] Аъроф сурасининг 33-оятида Аллоҳ таоло марҳамат қилади: قُلۡ إِنَّمَا حَرَّمَ رَبِّيَ ٱلۡفَوَٰحِشَ مَا ظَهَرَ مِنۡهَا وَمَا بَطَنَ وَٱلۡإِثۡمَ وَٱلۡبَغۡيَ بِغَيۡرِ ٱلۡحَقِّ وَأَن تُشۡرِكُواْ بِٱللَّهِ مَا لَمۡ يُنَزِّلۡ بِهِۦ سُلۡطَٰنٗا وَأَن تَقُولُواْ عَلَى ٱللَّهِ مَا لَا تَعۡلَمُونَ “Айтинг: «Роббим, албатта, фаҳш ишларнинг ошкораю пинҳонасини, гуноҳ (ишлар)ни, ноҳақ тажовузкорликни ва Аллоҳ ҳеч қандай  ҳужжат туширмаган нарса(лар)ни Унга шерик қилишингизни ҳамда Аллоҳнинг шаънига ўзингиз билмаган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилди»[2] Ушбу оятда Аллоҳ таоло “Аллоҳнинг шаънига ўзингиз билмаган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилди” демоқда. Зеро,  муфтийлар Аллоҳ ва Унинг Расули номидан гапирувчи ўринбосарлар ҳисобланадилар. Шунинг учун муфтийликка муносиб бўлиш учун илм шарт қилиб қўйилган. Ҳадиси шарифда: Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, Аллоҳ илмни одамлардан бир суғуриш ила суғуриб олмайди. Лекин илмни уламоларнинг (жонини) қабз қилиш ила чангаллаб олади. Токи олим қолмаганда одамлар жоҳил бошлиқларни тутадилар. Бас, ўшалардан сўралади. Улар эса илмсиз равишда фатво берадилар. Шу билан ўзлари ҳам залолатга кетадилар, ўзгаларни ҳам залолатга кетказадилар” дедилар”.[3] Ушбу ҳадисда “Улар эса илмсиз равишда фатво берадилар. Шу билан ўзлари ҳам залолатга кетадилар, ўзгаларни ҳам залолатга кетказадилар”,  деб илмсиз фатво беришни ўзини ҳам бошқаларни ҳам залолатга бошловчи инсон, демоқдалар. Шунинг учун муфтийликка муносиб бўлиш учун илм шарт қилиб қўйилган. Фатво берувчи фатво аҳлидан бўлмагани учун яъни илмсиз бўлгани учун хато фатво берса ёки фатво аҳлидан бўлса ҳам ўзининг кучини сарфламаса, балки шошиб хато фатво берса, гуноҳкор бўлади. Шунинг учун илмсиз фатво берувчиларнинг сўзига қаралиши лозим. Ҳанафий мазҳабида можин муфтий, яъни инсонларга ботил ҳийлаларни ўргатадиган фатво берувчи, илмсиз табиб ва инқирозга йўлиққан карвонбошининг ҳаракат ва тасарруфи тўхтатилади. 4-курс талабаси Сухроб Умаров [1] Муҳаммад ибн Абдуллоҳ aл Хатиб aл Умарий Aт Тибризий. Mишкотул масобиҳ. – Байрут: Дарул иҳя аттуросил аробий. 2001. Илм китоби. – Б. 30 [2]. Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Тошкент: Тошкент ислом университети. 2009. Б. 154 [3] Муҳаммад ибн Исмоил Буҳорий. Жомеус саҳиҳ. – Байрут: Дорул илм.1986. – Б. 453 375
1 2