Бино ғиштдан қад кўтаради. Унинг мустаҳкамлиги ғиштларнинг маҳорат билан бир-бирига жипс қилиб терилишига боғлиқ. Мабодо бунга амал қилинмаса, албатта, бу хатолик куни келиб бинога зарар етказиши тайин. Бу мисолни бежиз келтирмадик. Шу ўринда, Ислом биноси – мўмин-мусулмонларнинг бирдамлиги ҳақидаги баъзи тушунчаларни баён қилмоқчимиз. Динимизда мўмин-мусулмонлар бир-бирига туғишган ака-укалардек яқинлиги, бир тану бир жон эканлиги ҳақида кўп ва хўб баён қилинган. Қуръони Карим оятлари ва кўплаб ҳадиси шарифларда бунга далиллар бор. Мўмин-мусулмон биродарларнинг бир-биридан юз ўгириши, ишончсизлик билдириши, қарама-қаршилик қилиши, ўзаро ҳурматсизлик билан муомалада бўлиши кескин қораланади. Бу нафақат ташқи жиҳатдан, балки ички дунёга нисбатан ҳам тааллуқлидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик чоғларида мусулмонларни бир қилишга, қалбларини бир-бирларига улфат қилишга қаттиқ уринганлар. Ҳатто Яратган Роббиларига муножат қиладиган жараён – намозда ҳам саф тортиб туришлари, сафлари текис ва жипс ҳолатда бўлиши, ораларда бўш жой қолмаслиги уқтирилади. Бунинг акси эса, қаттиқ қораланган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Сафларингизни тўғриланглар, оралардаги бўш ўринларни тўлдиринглар, сафларингизнинг текис бўлиши – намозларингизнинг мукаммал адо этилишига сабаб бўлади. Сафларда баробар, жипс ҳолда турилиши, ораларда бўш жой қолмаслиги қалбларингизнинг бир-бирига мувофиқ бўлишига сабаб бўлади, акс ҳолда, қалбларингиз бир-бирига қарама-қарши бўлиб қолади, Аллоҳ таоло юзларингизни қарама-қарши қилиб қўяди”, деган мазмундаги йигирма-ўттизга яқин ҳадислар ворид бўлган. Сизнинг эътиборингизни қаратмоқчи бўлган жиҳат шуки, АЛҲАМДУЛИЛЛАҲ, Аллоҳ таолонинг изни ила юртимиз масжидларида осойишталик, эмин-эркинлик билан жамоат намозлари адо қилиб келинмоқда. Одатда имом-хатибларимиз беш маҳал фарз намозларда сафларнинг текис бўлишига қаттиқ эътибор қаратадилар. Ҳаммамизнинг қувонишимизга сабаб бўлаётган ҳолат, Рамазонда масжидларимизнинг таровеҳ намозларига лиқ тўла бўлаётганлигидир. Лекин масаланинг яна бир тарафи борки, бу инсонни маҳзун қилади. Етарли билимга эга бўлмаган намозхонларимиз фарз, таровеҳ, нафл намозларида сафларга бепарво муносабатда бўлмоқдалар. Жамоат кўплигидан намоз масжид хонақоҳи, ҳовлисида ва баъзан масжиддан ташқарига чиқилган ҳолда адо этилмоқда. Шу ўринда, шахсий кузатувимиздан келиб чиққан ҳолда бир нарсага эътиборингизни қаратмоқчимиз. Ҳуфтоннинг фарз намозига азон, такбир айтилганда масжид асосий биноси ярмигача тўлади, баъзан 10-15 саф қолиб кетиб, қолганлар масжид ҳовлисидан, ташқаридан жой эгалламоқдалар. Шу тариқа имомга иқтидо қилиб намоз ўқимоқдалар. Бу балки кўпчилигингизга таниш манзарадир-а? Бунинг сабабини суриштирсангиз, деярли арзирли важ кўрсатилмайди. Кимдир исиб кетганини, кимдир яна бошқа шу каби зарурат даражасида бўлмаган баҳонани айтади. давоми бор…. ТИИ ўқитувчиси Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ 980
Инсон шундай мавжудотки, унинг моҳияти жасад ва руҳдан иборат бўлади. Жасад ҳам руҳ ҳам ўз навбатида ўзи муҳтож бўлган озуқани талаб қилади. Шунинг учун ҳам инсон гоҳида жисмоний, гоҳида эса руҳоний ҳасталикларга дучор бўлади. Барча соҳалар қатори тиббиёт соҳаси ҳам ривож топган бугунги асримизда ҳар иккала кўринишдаги касалликлар учун шифо муолажалари мавжуд. Шунга қарамай баъзи ҳолатларда тиббиёт ўзининг ожизлигини изҳор қилиб, имконсиз қолган вазиятларни ҳам гувоҳи бўлганмиз. Ислом таълимотида касаллик борки, унинг давоси ҳам мавжуд. Зеро, Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: مَا أَنْزَلَ اللهُ دَاءً إِلَّا أَنْزَلَ لَهُ شِفَاءً “Аллоҳ касалликни фақат шифоси билан нозил қилди”, деб хабар берганлар. Дарҳақиқат, баъзида шифокорлар ҳам даволашнинг имкони йўқ дея қайтарган касалликлардан тузалиб, соғ-саломат яшаб кетган кишиларни ҳам кўрамиз, эшитамиз. Демак ушбу хасталикнинг давоси мавжуд, фақат биз билмаймиз холос, деган хулосага келишдан бошқа илож йўқ. Ислом инсон ҳаётининг барча жабҳаларида ўзининг тўғри ва аниқ ечимини тақдим қилгани каби тиб соҳасида ҳам энг мукаммал ва тўғри дастурдир. Зеро, Қуръони карим ва суннатдан бандаларнинг касалликлардан қандай даволаниш кераклигини таълим олиш билан бирга оятларни тиловат қилиш ва набавий дуоларни зикр этиш ила шифо топиш ҳам мумкин. Қуръони Каримнинг шифо бўлиши ҳақида шундай дейилган: قُلْ هُوَ لِلَّذِينَ آَمَنُوا هُدًى وَشِفَاءٌ “Айтинг: “(Ушбу Қуръон) имон келтирган зотлар учун ҳидоят ва шифодир”. Имом Қуртубий ушбу оят тафсирида: “Аллоҳ таоло Қуръони Каримни тўғри йўлга бошловчи, ҳар қандай шак-шубҳаларга ва оғриқларга даво эканини билдирган”, деганлар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан шудай ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васллам: عَلَيْكُمْ بِالشِّفَاءَيْنِ: العَسَل وَ الْقُرْآن “Ўзларингизга икки шифо – асал ва Қуръонни лозим тутинглар”, деб марҳамат қилдилар. Ушбу оят ва ҳадисдан маълум бўладики, бемор кишининг Қуръони карим оятларини тиловат қилиши ёки бошқа кишининг оятларни тиловат қилиб касал биродарига дам солиши ундаги касталикларга шифо бўлар экан. Мазкур амал Пайғамбаримиздан суннат, саҳобалар ва барча азиз авлиё-уламолар тутган йўлдир. Урва (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади Оиша (розияллоҳу анҳо): “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) касал бўлганларида “муовазатайн”ни ўқиб, ўзларига (дам солиб) туфлардилар. Оғриқлари кучайганда мен ўқиб, унинг баракасидан умид қилиб, қўлларини силардим” деганлар. Бундан ташқари Пайғамбаримиз касал бўлган саҳобаларни зиёрат қилиб келар, дуолар қилиб ўнг қўлларига дам солиб силардилар. Натижада саҳобалар шифо топардилар ва Расулуллоҳдан ўрганганлари ила бошқа биродарлари касал бўлганларида дам солиб даволаб қўярдилар. Лекин шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ислом дори-дармон ёки тиббий муолажалар воситасида даволанишни инкор қилмайди. Балки, мазкур йўсинда ҳам даволанишга буюради. Мўътадил йўл шуки, ҳар доим шифо Аллоҳдан эканлигини ҳис қилган ҳолатда, Унинг муборак каломидан, Пайғамбарининг шарафли суннатидан, шу билан бирга Аллоҳ ҳалол санаган бошқа воситалар орқали даволаниш мақсадга мувофиқдир. 4-курс талабаси Махсумов Мақсуд 992
Ўзининг мубин китобида қасам оятларини нозил қилган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин. Қуръони каримнинг қасам ҳақидаги оятларини баён қилиб, ўз ҳадислари ила тушунтириб берган севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга самимий саловотларимиз ва дурудларимиз бўлсин! Қасам луғатда: «Қасам» шаръий истилоҳда қуйидагича таъриф қилинади: «Аллоҳ таъолонинг исми ёки У зотнинг сифатларидан бирини зикр қилиш ила эҳтимоли бор бир ишни таъкид қилиш яминдир». Қасам икки қисмга бўлинади: 1. Аллоҳ таолонинг исми ёки сифатлари билан қасам ичиш. 2. Аллоҳ таолонинг исми ёки сифатларидан бошқа нарса билан қасам ичиш. Энди биринчи турдаги қасам Қуръони каримда келадики: فَوَرَبِّ السَّمَاءِ وَالْأَرْضِ إِنَّهُ لَحَقٌّ مِثْلَ مَا أَنَّكُمْ تَنْطِقُونَ « Бас, осмону ер Роббиси ила қасамки, албатта, у сиз нутқ қилаётган нарсадек ва ҳақдир» деган. (Зарият сураси 23-оят) Аллоҳ таолони зикр қилиб, қасам ичиш уч қисмга бўлинади: 1. Ғомус (غَامُوسٌ) 2. Лағв (لَغْوٌ) 3. Мунъақид (مُنْعَقِدٌ) 1. «Ғомус» сўзи луғатда «чўмилиш», «кўмилиш» маʼноларини англатади. Шаръий истилоҳда эса, ботил нарса учун қасддан қасам ичишга «ғомус қасам» дейилади. Чунки ундоқ ботил қасам ўз эгасининг жаҳаннам оловига чўмилишига, кўмилишига сабаб бўлади. Энди уламоларнинг истилоҳида бўлса: «Ғомус» у шундай қасамки, ҳозирги ёки ўтган замонда, бир ишни қилганлиги ёки қилмаганлигига ёлғондан қасам ичишга «Ғомус» қасам дейилади. Бундай қасам ичган инсон қасамида гуноҳкор бўлади ва каффорот тўламасдан унга тавба ва истиғфор айтмоқлик лозим бўлади. Бу қасам тури суннатда ҳам келган: عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو عَنِ النَّبِيِّ قَالَ: الْكَبَائِرُ الإِشْرَاكُ بِاللهِ وَعُقُوقُ الْوَالِدَيْنِ وَ قَتْلُ الْنَفْسِ وَالْيَمِيْنُ الْغَامُوسُ. رَوَاهُ الْبُخَارِي Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Гуноҳи кабиралар: Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, одам ўлдириш ва ғомус қасамдир», дедилар”. Имом Бухорий ривоят қилган. 2. Энди иккинчиси «Лағв» қасам бўлиб, у ўтган замонда бир ишни қилганлигига қасам ичади ва албатта у иш айганимдек, деб гумон қилади, ваҳоланки у иш айтганининг хилофи бўлиб чиқади. Шундай қасамга «Лағв» қасам дейилади. Масалан бир киши узоқдан бир шахсни кўради ва айтадики “ Аллоҳга қасамки, албатта у Зайд, дейди ва шундай гумон қилади, ваҳоланки у Амр бўлиб чиқади ёки бир қўшни кўради ва айтадики “Аллоҳга қасамки, бу қарға дейди ва шундай гумон ҳам қилади, ваҳоланки у бургут бўлиб чиқади. Бундай қасам ичган одам дунё ва охиратда азоб-уқубатга олинмаслиги умид қилинади. Қуръони каримда Аллоҳ таоло: لاَ يُؤَاخِذُكُمُ اللهُ بِاللَّغْوِ فِي أَيْمَانِكُمْ… «Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун тутмайдиʼʼ-деб марҳамат қилади…» 3. Учинчиси «Мунъақид» қасам бўлиб, келажакда бир ишни қилишлиги ёки қилмаслигига қасам ичмоқлиги. Энди унининг ҳукми қасамини бузган пайтда каффорот тўламоқлиги лозим бўлади. Аллоҳ таоло «Моида» сурасида: لَا يُؤَاخِذُكُمُ اللَّهُ بِاللَّغْوِ فِي أَيْمَانِكُمْ وَلَكِنْ يُؤَاخِذُكُمْ بِمَا عَقَّدْتُمُ الْأَيْمَانَ “Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз туфайли тутмайди. Лекин қалбларингиз касб қилган нарсада тутади. Ва Аллоҳ мағфиратли, ҳалим зотдир». Лекин бугунги кунда одамлар турли хил қасамга ярамайдиган сўзлар билан қасам ичишади. Масалан, «Нон урсин», «Тепамда Ҳудо турибди» ва шунга ўхшаш лафзлар билан қасам ичиш «лағв» дир. Чунки бу урфда инсонлар одатланиб қолган лафзлардир. Бундай қасамлардан тийилиш лозим. 4-курс талабаси Теляков Иброҳим 1 098
Мана, ойлар султони, файз ва барака, раҳмат ва мағфират ойи бўлган Рамазон кунлари бирин-кетин ўтиб бормоқда. Бу йилги Рамазон ойи ўлкамизда ўзгача шукуҳ билан кутиб олинди ва мўмин-мусулмонлар эмин-эркинликда Рамазон рўзасини тутиб, кечалари таровеҳ намозларини қоим қилмоқдалар. Бу ибодатларни тинчлик ва хотиржамликда бажариш катта неъматдир. Рамазон ойида баданий ибодатлар билан бир қаторда ижтимоий соҳада ҳам кўплаб эзгу амаллар бажарилади, молиявий ибодатлар амалга оширилади. Жумладан, Тошкент ислом институти жамоасига 2019 йил Рамазон ойи муносабати билан 28 май куни институт томонидан, асосан асосий штатдаги раҳбар, проректорлар, кафедра мудирлари, бўлим бошлиқлари, педагог-ўқитувчилар ҳамда ишчи-ходимларга ун, шакар, ёғ каби озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. 1 129