Закот инсоният учун кўпгина моддий ва маънавий манфаат келтириб, уларнинг асосийларини куйидагича таснифлаш мумкин: Закот инсонларни ҳасисликдан сақлайди, уларни мардликка чақиради ва уларга берилган неъматлар учун шукр килишларига имконият беради. Зеро, Аллох таоло Қуръони каримда шундай мархамат килган: “Кимки ўз нафси баҳиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар иқболлидирлар” (“Хашр” 9). Закот инсонлар дунёни ҳаддан ортиқ севишларининг олдини олиши билан бирга, уларнинг қалблари қотишидан сақлайди ҳамда турли хил қалб касалликларидан поклайди. Закот бойларнинг камбағалларга нисбатан шафқат ва мархамат туйғуларини оширади. Закот бериш натижасида саҳоватли бойларнинг жамиятдаги этиборлари юксалади. Бу ҳолат эса бойлар орасида яхшилик қилишга рағбат уйғотади. Ер юзида ҳузур-ҳаловат, тинчлик-осойишталикни бузувчи тиланчи ва ишсизлар сонини камайтиради ва шу йўл билан жамиятда ночорлик ва беқарорлик каби салбий ҳолатларнинг олдини олади. Чунки муҳтож бўлган камбағал оч колгандагина жамиятда беқарорликларни келтириб чикаришга, бошқаларнинг мулкига тажовуз қилишга интилади. Агар ўша фақир бойларнинг закот сифатида берган молларини олиб ишлатса, инсонларга ёмонлик килишдан, бошқаларга зарар етказишдан, беқарорликни юзага келтиришдан воз кечади ҳамда фойдали ишларни қилишга интилади. Закот камбағалларнинг эҳтиёж соҳиби бўлишларидан қутқаради, уларнинг нормал яшашларига замин яратади. Бошкача қилиб айтганда, закот ижтимоий суғурта ҳисобланади. Закот бериш билан бойлар ўзларининг бойликларини турли хил бало ва офатлардан сақлайдилар, камбағалларга берган садақалари сабабли мулкларига барака берилади. Зеро, Мухаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Молларингизни закот билан қутқаринглар, хасталарингизни садақалар билан даволанглар, бало тўлқинларини дуо ва тазарру билан қаршиланглар”. Закот жамиятни бойларнинг катта миқдордаги бойлик йиғиб камбағалларни булардан маҳрум килишлари натижасида юзага келадиган инқилоб ва муҳолафатлардан саклайди. (закот бойларнинг жуда катта маблағлар йиғиб, камбағалларнинг иқтисодий маҳрум бўлишлари натижасида юзага келадиган тўнтариш каби тартибсизликлардан жамиятни ҳимоя қилади). Закот молнинг сабабсиз йиғилиб туришининг олдини олади. Хулоса қилиб айтганда, закот жамиятда инсонлар томонидан тўпланадиган бойликнинг оқилона тақсимоти орқали муайян ижтимоий-иқтисодий балансни сақлаб туриш имконини беради. 4-курс талабаси Ҳабибуллаев Сирожиддин 886
Баъзида кўчаларда, далаларда, ўрмонларда айрим ака-укаларимиз қушларни ёки ҳайвонларни овлаётганларига гувоҳ бўлиб қоламиз. Баъзилар у ҳайвонларни танавул қилиш учун овласа, баъзилар эса шунчаки кўнгилхушлик учун овлашади. Хўш, бу биродарларимизнинг қилаётган ишлари қанчалик тўғри?! Бунга шариатимиз нима дейди?! عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رضي الله عنه عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: مَا مِنْ إِنْسَانٍ قَتَلَ عُصْفُورًا فَمَا فَوْقَهَا بِغَيْرِ حَقِّهَا إِلاَّ سَأَلَهُ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ عَنْهَا قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ وَمَا حَقُّهَا قَالَ: يَذْبَحُهَا فَيَأْكُلُهَا وَلاَ يَقْطَعُ رَأْسَهَا يَرْمِي بِهَا. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ وَالشَّافِعِيُّ وَالْحَاكِمُ. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қай бир инсон чумчуқни ёки ундан каттароқ нарсани ноҳақдан қатл этса, албатта, Аллоҳ таоло ундан у ҳақида сўрайди», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, унинг ҳақи недир?» дейилди. «Уни сўйиб, емоғидир. Бошини кесиб отиб юбормас!» дедилар». Имом Насаий, Имом Шофеъий ва Имом Ҳоким ривоят қилганлар. Ушбу ҳадиси шарифни «Ейиладиган ҳайвонлар ҳақида» бобида келтиришдан асосий мақсад чумчуқ ҳалол қуш эканини билдиришдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Уни сўйиб, емоғидир» дейишлари шуни англатади. Аммо бу ҳадисда шу билан бирга бир оламга татигулик улкан маъно ётибди. Худди ана шу маънога инсоният ўзининг узун тарихи давомида доимо муҳтож бўлиб келган ва ҳозирги кунда ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ муҳтож бўлиб турибди. Ана ўша улкан маъно ҳаётга доимо жиддият билан қараш, инсон ўз масъулиятини тўлиқ ҳис қилиши ҳақиқатидир. Ислом ҳаётга доимо тўлиқ жиддият билан қарашни талаб қилади. Инсоннинг заррача қилган яхшилиги ҳам, ёмонлиги ҳам охиратда ҳисоб-китоб қилинишига алоҳида урғу беради. Эътибор берайлик, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда нима демоқдалар: «Қай бир инсон чумчуқни ёки ундан каттароқ нарсани ноҳақдан қатл этса, албатта, Аллоҳ таоло ундан у ҳақида сўрайди». Бошқа бир ривоятда ўша ноҳақ ўлдирилган чумчуқ қиёматда даъво қилиб: «Эй Роббим, манави мени манфаат учун эмас, ўйнаб ўлдирди» дейиши айтилган. Исломдан узоқлашиш оқибатида ҳаётнинг ҳамма соҳаларида инсоният бошига тушган сон-саноқсиз мусибатларни бир томон қўйиб турайликда, бизга аҳамияти йўқ бўлиб кўринган чумчуқни беҳуда ўлдириш масаласини олиб кўрайлик. Худди ана ўша масъулиятсизлик оқибатида ҳозирги кунимизга келиб дунёдаги кўплаб ҳайвонлар қирилиб битмадими?! Қиёматни, ундаги сўроқ-саволни, ҳисоб-китобни унутган инсоният ваҳшийлашиб, қанчадан-қанча ҳайвон турларини йўқ қилиб юбормадими?! Яна қанчадан-қанчаси йўқ бўлиш арафасида турмаяптими?! Бугунги кунда табиатни муҳофаза қилиш энг долзарб масала бўлиб қолмаяптими?! Шунинг ўзидан инсоният Исломга қанчалар муҳтож эканини билиб олсак бўлаверади. Ушбу ҳадиси шарифдан оладиган фойдаларимиз: Каттаю кичик ҳар бир ишга жиддият билан қараш зарурлиги. Арзимаган ҳайвонни овлашда ҳам фақат зарур манфаат юзасидан ов қилиш кераклиги. Банда кичик бир ҳайвонга қилган ноҳақлиги учун ҳам Аллоҳ таолонинг ҳузурида жавоб бериши борлиги. Чумчуқнинг ҳалоллиги. Чумчуқ бўлса ҳам ҳайвонни овлагандан кейин сўйиб емоқ лозимлиги. Овланган ҳайвоннинг бошини ёки бошқа бирор жойини узиб, отиб юбормаслик лозимлиги. 4-курс талабаси Иброҳим Бурҳон 942
Ислом ҳуқуқшунослиги ўзида мукаммал ҳукмларни мужассам этган тизим сифатида замонлар оша давлат ва ҳуқуқ, айниқса, инсон ҳуқуқлари муносабатларни таъминлашга чуқур таъсир кўрсатган. Унинг ҳуқуқий омил сифатида амал қилиш соҳаси бизнинг замонда ҳам жуда кенг бўлиб қолмоқда. Хусусан, нафақат аҳолиси мусулмон бўлган мамлакатларда, балки бутун дунёда сўнгги асрда одамларнинг иқтисодий муносабатларида юзага келган эгалик ҳуқуқи билан тугайдиган ижара шартномасининг шаръий меъёр ва талабларини белгилаб беришда, унинг ҳалол ва ҳаром бўлган нуқталарини баён қилиб беришда ислом ҳуқуқшунослигига барча мусулмон ҳалқлар муҳтождир. Келинг, дастлаб ижаранинг ўзи ҳақида озгина сўз юритайлик. Ислом фиқҳида ижара-бир шахснинг иккинчи бир шахсга муайян муддатга, келишилган пул эвазига бирон ашёни ёки ўз иш кучини фойдаланиш учун беришидир. Куръони каримнинг “Қасос” сураси 27-ояти, “Бақара” сурасининг 275-ояти, “Нисо” сурасининг 29-ояти, “Нахл” сурасининг 64- ояти, “Моида” сурасининг 3-оятида келтирилган ижара лафзлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «ижарага ёллаган ишчингизнинг тери қотмасдан ҳақини беринг», деган ҳадислари ҳамда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги қудсий ҳадис ижаранинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилади: “Аллоҳ таоло деди: Уч хил инсон борки, Мен қиёмат кунида улар билан хусуматлашаман; Менинг номимни ўртага қуйиб (қарз ва ҳоказо) олган, сўнгра хиёнат қилган киши, озод кишини қул қилиб, сотиб юбориб, пулини еган киши ва хизматчини ёллаб (ижарага олиб), ундан ишни тўлиқ ундирган, лекин ажрини (ҳақини) бермаган киши[1]”. Ижарага тааллуқли қолган барча қоидалар мужтаҳид уламолар томонидан Китобу Суннатдаги далиллардан ижтиҳод йули билан ишлаб чиқилган. Эгалик ҳуқуқи билан тугайдиган ижара эса сўнгги асрларда пайдо бўлган битим бўлиб, аввалги фиқҳ олимларининг асарларида бу ҳақида хеч нарса ёзиб қолдирилмаган. Аммо кўплаб замондош ислом уламолари бу турдаги битимга аниқ таъриф беришга ҳаракат қилганлар. Жумаладан Холид Ҳофий унга қуйидагича таъриф беради: “У – икки томон ўртасида тузиладиган шундай битим бўлиб, унда томонларнинг бири иккинчисига муайян молни муайян ҳақ эвазига ижарага беради. Ижарачи мазкур тўловни муайян муддат ичида бўлиб-бўлиб тўлайди. Ва ниҳоят, сўнгги улуш тўлангач, молнинг эгалиги унга ўтади[2]”. Ижаранинг бу турига Фаҳд бин Алий ал-Ҳасун бундай таъриф беришни таклиф қилади: “Муайян ашёдан ҳосил бўладиган манфаат эгалигини маълум муддатга бировга бериш. Мазкур муддат тугагач, махсус холатда ва маълум тўлов эвазига мазкур ашёнинг ҳам эгалиги ижарага олувчи томонга ўтади”. Бу таърифнинг биринчи банди ижарани англатса, кейинги банди савдони ифода қилади[3]. Эгалик ҳуқуқи билан тугайдиган ижара шартномасининг тугатилишидаги ҳолатлари. Шартноманин ниҳояси белгиланган муддатнинг тугаши билан бўлади. Яъни, сотувчи ва олувчи чегаралаган муҳлатда ниҳояланади. Келишилган бўлаклар чегараланган вақтда тугайди. Агар келишилган муддат келганда қарздор қарзини тўламаган бўлса, ҳақдор қарзни талаб қилиши мумкин бўлади. Қарздорга эса, қолган бўлакларни тўлашга қўшимча муддат сўрамасдан ўша заҳоти бериши вожиб бўлади. Чунки қарзини бериш ўша муддатга келишилган эди. Шунинг учун ҳам келишилган вақтдаги пулдан бошқасини талаб қилиши мумкин эмас. 4-курс талабаси Раҳимов Неъматуллоҳ [1] Бухорий Абу Абдуллох Муҳаммад ибн Исмоил. Ал-жомеъ ас-саҳиҳ ал-мухтасар. -Байрут: Дор Ибн Касир. 1407-1987. Т. II. Байълар китоби. Ҳадис рақами -2227 [2] Хофий Холид иби Абдуллоҳ. Ал-ижара ал-мунтаҳия бит-тамлик фий завъил фиқҳ, ал-исламий (ислом фиқҳи нигоҳида эгалик билан якунланувчи ижара). – Ливан: муассаса ар-райён. 2-босма. Б.60 [3] Ал Ҳасун Фаҳд бин Али. Ал-ижара ал-мунтаҳия бит-тамлик фи-л-фиқҳ ал-исламий (эгалик билан тугалланувчи ижара ислом фиқҳида). -Саудия Арабистони. Дорул-қибла. 1426х. Б.-8. 1 187
Аждодларимиздан шундай нақл қолган: “Илм ов қилиб тутилган жониворга ўхшайди, уни китобат (ёзиб қўйиш) билан боғлаб қўйилади”. Яна бирлари эса: “Ҳар қандай илм дафтарингга ёзилмас экан, у зое бўлур”,‒деган эканлар. Дарҳақиқат, илм эгаллашнинг ўзи бўлмайди. Уни асраш ва кейинги авлодларга тўлиқ етказиш янада масъулиятлироқдир. Зеро, илм омонатдир. Шу сабабли аждодларимиз олган илмларини ёдда сақлаш билан бир қаторда уни ўзларидан кейингиларга етказиш мақсадида китоблар ёзиб қолдирганлар. Китоблар тушунарли бўлишида ҳуснихат қонун-қоидаларига жиддий аҳамият берганлар. Ўн асрлардан буён илму ирфон муаллифларнинг қўлёзмалари ёки улардан кейинги моҳир хаттотлар томонидан кўчирилган китоблар орқали бизгача етиб келди. Ҳамма замонда ҳам ҳуснихатга жуда катта эътибор берилган. Бу анъана то бугунги кунгача давом этиб келмоқда. Аждодларимизнинг бебаҳо меросларини ўрганиш, улар қолдирган асарлар билан халқимизни таништириш эса катта шарафдир. Хаттотлик ва китобат санъати машриқзамин аҳолининг узоқ асрлик маданий-тарихий меросида алоҳида ўрин эгаллайди. Марказий Осиё халқи томонидан ислом динининг қабул қилиниши араб ёзувининг ҳам кириб келишига сабаб бўлди. Натижада араб ёзуви VII асрдан бу халқ учун илм-фан ва давлат ишларида ягона расмий ёзув сифатида ўрин олади. Машҳур хаттотлар хатларининг чиройли ва жозибадор бўлиши учун араб ҳарфларининг ҳар бирига оро беришга, ҳусн киритишга ва уларни гўзаллаштиришга ҳаракат қилганлар. Араб ҳарфи билан ёзиладиган 36 хат шакли мавжуд. Таъкидлаш жоизки, ҳуснихат билан битилган араб ёзуви кишиларни ҳаяжонга солиб, уларга юксак завқ-шавқ бағишлаши билан дунёдаги бошқа халқлар ёзувидан ажралиб туради. Бу санъат қадим замонлардан бери ҳуснихат (каллиграфия) номи билан шуҳрат қозонган. Ўрта асрларда ҳали китоб чоп этиш ихтиро этилмаган даврда ҳар қандай асар қўлда кўчирилиб, китобат қилинган. Китоб кўчириш илм даражасидаги ҳунар ҳисобланиб, бу иш билан шуғулланган кишилар хаттотлар ва котиблар номи билан машҳур бўлганлар. Уларнинг ҳар бири ўз замонасининг маърифатли маданият арбоби саналган. Табиийки, зарринқалам хаттотлар ёзган ҳар қандай хат санъат каби ўлмас асар ҳисобланган. Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” китобида таъкидланишича, хунук хат билан ёзилган матн кишининг кўзига катта зарар етказади. Шунинг учун ҳуснихат билан ёзилган китоблар ниҳоятда қадрланган, эъзозланган ҳамда табаррук саналган. Ҳар бир замонда ҳам гўзал хат сирларини ўзлаштиришга тарғиб қилинган. Жумладан, Кайковус “Қобуснома” китобининг ўттиз тўққизинчи бобини “Дабирлик ва котиблик зикрида” деб номлаган ва шу бобнинг илк сатрларини шундай деб бошлаган: “Эй фарзанд, агар дабир(иш юритувчи) ва котиб бўлсанг, ёзма нутқни яхши эгаллағил, хатни яхши билғил ва кўп ёзмоқни одат қилғил, токи яхшироқ моҳир бўлғайсан”. Дунёдаги барча қомусий, тарихий, илмий, адабий, маърифий асар ва тўпламлар мана шу хаттот(каллиграф)ларнинг сермашаққат меҳнатлари эвазига бизгача етиб келган, нодир меросимиз асрлар оша авлоддан-авлодга ўтиб, ўлмаган. 4-курс талабаси Абдусатторов Абдулҳамид 959
Аллоҳ таоло Ўз Каломи шарифида: «У (Аллоҳ) қалам билан илм ўргатгандир«,-дея марҳамат қилган. «Алақ» сурасининг дастлабки беш оятлари нозил бўла бошлаши билан Аллоҳ таолонинг Ўзи мўмин-мусулмон бандаларига ушбу мукаммал дастурни ҳаётларига татбиқ қилишларида лутфу иноят кўрсатди. Бу-инсониятнинг камолга етганлиги аломати эди. Аллома Исмоил ибн Касир роҳматуллоҳи алайҳ ўз тафсирларида бу ҳақида қуйидагиларни ёзадилар: «Қуръондан нозил бўлган аввалги нарса ушбу муборак оятлардир. Улар Аллоҳ таолонинг Ўз бандаларига кўрсатган биринчи раҳматидир. Уларда инсонни халқ қилиш «алақ»дан бўлганига ишора бор. Инсонга у билмаган нарсани таълим бериш У Зотнинг карамидан эканлигига ишора бордир. Аллоҳ таоло уни илм ила шарафлади ва улуғлади. Бу эса Одамни фаришталардан устун қилган нарсадир«. Ҳа, мана шу оятларда қаламнинг аҳамиятига ишора бор. Қалам доимо илму ма’рифат воситаси рамзи бўлиб келган. Бундан ўн тўрт аср аввал бу ҳақиқатни ҳеч ким бимаган ҳам. Лекин Қуръони карим илоҳий китоб бўлганидан бунинг хабарини ўзининг биринчи оятларида берди. Аллоҳ таоло бу билан Қуръоннинг илм китоби, Исломнинг илм – маърифат дини, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам илм пайғамбари эканларини далил қилмоқда. Инсонларни илм – фанни чуқур эгаллаб, Парвардигорларини яхшироқ танишга чақирмоқда. Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илмни китобат (ёзиш) билан боғлаб (мустаҳкамлаб) қўйинглар”, дедилар.Табароний ва Ҳоким ривояти. Ёзув ўта зарур ва беқиёс нарса. Ёзув – кечамиз, ёзув – бугунимиз, ёзув – эртамиз. Шунинг учун ҳам Беруний бобомиз ёзиш санъатига: «…замонлардан замонларга нафас сингари ўтувчи хат», ˗ дея баҳо берган эди. Ундан бир аср олдин яшаган Форобий чиройли ёзиш билан шуғулланиб, «Ёзув санъати ҳақида» китобини битгани маълум. Юсуф Хос Ҳожиб: Битиб қўймасайди доно қалами, Қоронғи қоларди мозий олами, ˗ дея хатнинг аҳамиятини таъкидлаган. Аллоҳнинг каломини кўчиришда ягона ҳисобланган Ёқутнинг ҳуснихати туфайли подшоҳлар олдида ҳам, дарвешлар олдида ҳам ҳурмати ортгани Алишер Навоий томонидан қаламга олинган. Дарҳақиқат, ҳар бир давранинг машҳур хаттотлари бўлган ва эъзозланган. Уларнинг қаламидан тизилган гавҳарлар саҳифаларни гулзорга менгзатади. Ўз жозибаси билан мафтун этувчи ҳуснихат соҳиби бўлиш ˗ ҳавас! Орзуга айб йўқ. Аммо ҳамиша ҳам тилакларимиз барчаси амалга ошавермас экан-да. Буюк хаттотлардан бирлари: «Менинг хатим Ёқутнинг хатидай эмас, балки шикастароқ…», – деган эди. «Хат чиройли бўлса, кўнгил очар˗ деган ҳикмат бор («Қутадғу билиг»). Инсон ўз фикрини бошқа кишиларга оғзаки ва ёзма шаклда етказиши мумкин. Нутқнинг бу икки шаклининг ўхшаш ва фарқли томонлари мавжуд бўлиб, улар ўз ўрнида афзалликларга эга. Оғзаки нутқ товуш чиқариб айтилади ва эшитилиш учун мўлжалланган восита бўлиб хизмат қилади. Ёзма нутқ эса тош, ёғоч, тери, метал, қоғоз кабиларга кўриш асосида идрок қилинадиган доимий белгилар орқали ёзиб қўйилади. Ёзув кишиларнинг ўзаро фикр алмашиш ва билимларни эгаллашнинг қудратли воситаси ҳисобланади. Ёзма нутқ авлодларни бир-бирига боғлайди, узоқ даврлар мобайнида сақланади. Ёзув туфайли кишилар фикри, инсоният қўлга киритган билимлар авлоддан-авлодга етиб боради, узоқ муддат яшайди. 4-курс талабаси Абдусатторов Абдулҳамид 981