islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Долзарб мавзулар

Бўлимлар

Шогирднинг устоз олдидаги вазифалари

Шогирднинг устоз олдидаги вазифалари қуйидагилардан иборат: Шогирд устоз ёнида керакли гапни гапириши; Шогирд устоз ҳузурига кирганда саломни хурмат билан бериши; Шогирд устоз сўрамаган ишларга доир гап очиб, мавзудан чалғитмаслиги; Толиб устозидан изн олмагунча савол сўрамаслиги ва гап ташламаслиги; Шогирд устоз ўртага қўйган масалада унинг жиғига тегиши учун: “Фалон киши бу масалада бошқа фикрда. Унинг фикри сизникидан устун ва уйғун кўриняпти”, деганга ўхшаш майда гаплар қилмасин; Шогирд тўғри ва эгрини ёлғон ва ҳақиқатни устозидан ҳам яхши биладигандай у устознинг қарашларига тескари “Ундай эмас, бундай қилиш керак” деган шаклда тадбирлар айтиб уни иршодга чорламаслиги; Устозлар хузунли ва сукутли дамларида ўринсиз саволарга тутиб, безовта қилмаслиги; Толиб устози айтмоқчи бўлган сўзни ёҳуд саволни ярмидан олиб, оғзидан олиб давомини айтишга одатланмаслиги лозим. Талабалар орасида энг кўп учрайдиган нарса ғийбат қилишликдир. Ғийбатни қатъиян ман қилиб, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди: “Эй мўминлар, кўп гумон(лар)дан четланинглар! Чунки айрим гумон(лар) гуноҳдир! (Ўзгаларнинг айблари ортидан) жосуслик қилиб юрманглар ва айримларингиз айримларни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми?! Ана ёмон кўрдингизми?! (Бас, гуноҳи бундан-да ортиқ бўлган ғийбатни ҳам ёмон кўрингиз)! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи, меҳрибондир”. (Ҳужурот, 12). 1 148

Вақтнинг қиймати

Ҳар бир тонги ёришадиган кун борки, инсон боласига нидо қилади: “Мен янги яратилдим, ишларингга шоҳидман, мендан фойдаланиб қол. Агар кетсам, Қиёматга қадар қайтмайман”. (Ҳасан Басрий) Вақт мусулмонлар ҳаётида энг аҳамиятли масалалардан биридир. Аммо, афсуски, Ислом динининг вақтга нисбатан мавқеи билан бугунги мусулмонларнинг ҳаётларида тутган ўрни ўртасида жуда катта фарқ бор. Ислом дини вақтга катта аҳамият беради, унга бир неъмат сифатида қарашга ва ундан унумли фойдаланишни уқтиради. Бугунги кун мусулмонлари эса кўпинча уни фойдасиз елга совуришади. Натижада икки яхшиликдан, яъни дунё ва охират ноз-неъматларидан махрум бўлмоқдалар. Қуръони Карим вақт қадрининг буюклиги ҳамда Аллоҳнинг инсонга қаратган фазлу-карамининг кенглиги ҳақида баён қилиб: “У доимо айланиб турувчи қуёш ва ойни ҳам сизлар учун бўйин сундирди. Яна У Зот кеча ва кундузни сизлар учун бўйин сундирди. Шунингдек сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар сизлар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига етолмайсизлар”, (Иброҳим-33,34) дейди. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Банда қиёмат куни тўрт хислатидан сўралмагунича, бир қадам олдинга силжий олмайди. Бу саволлардан биринчиси умрини нима билан ўтказгани, иккинчиси ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани, учинчиси-мол-дунёни қай йўсинда топгани ва нимага сарфлагани, тўртинчиси-ўрганган илмига қандай амал қилгани сўралади”. Шу ўринда ислом олимлари инсон бир дақиқада нималарга қодир экани ҳақидаги тадқиқот натижалари билан танишсак: Инсон олтмиш сония ичида уч маротаба Фотиҳа сурасини ўқий олади. Ваҳоланки, бир маротаба айтилган бу сурага олти юз ҳасанот ваъда қилинган. Бир дақиқада ўн марта Ихлос сурасини айта олади. Бу сурани 3 марта ўқиган бандага Қуръонни тўлиқ ўқиган савоби ваъда қилинган. Демак инсон бир дақиқада 3 марта хатм қилган савобига эга бўлиши мумкин. Бир дақиқа ичида Қуръоннинг бир сахифасини ўқиш ёки кичик бир оятни ёдлаб олиш мумкин. Бир кунлик гуноҳларнинг барчасига каффорат бўлгувчи “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи”  калимасини 60 марта айта олади. “Лаа илаҳа иллаллоҳ” калимасини 50 марта қайтариш мумкин. 120 марта “Субҳаналлоҳ”, 110 марта “Алҳамдулиллаҳ”, 130 марта “Аллоҳу акбар” калимасини айта олади. Яхши ниятлар ила дуо қилишга ҳам дақиқа етади. Хуллас, инсон ҳар бир ўтаётган сониялари учун қандайдир ажрларга эга бўлиши, бир дақиқа айтган калимаси туфайли жаннат аҳллари қаторидан жой олиши мумкин. Сўзим давомида бир ибратли қиёсни келтирсам. Бундан барчамиз ўзимизга хулоса чикариб оламиз: Банда уйқудан кўзини очди. Тонг ёриша бошлаганини кўрди-ю, дарҳол таҳорат ола бошлади. Бомдод намозини ўқиб, Аллоҳга ҳамду-санолар айтди.Сўнг ўз ишига жўнади. У ерда ҳам Аллоҳ зикрини ёдидан кўтармагани сабабли харомга қўл чўзмади, бугунги кун учун режалаштирган ҳамма ишлари осонлик билан ҳал бўлгани учун Аллоҳга шукрона келтирди. Сўнг уйига-оиласи бағрига қайтди. Ота-онаси, аёли, фарзандлари билан дастурхон атрофида суҳбатлашиб ўтириш унга хуш ёқарди. Кун сўнгида хуфтон намозини ўқиб бўлгач, таҳорат олдида, уйқуга ётишидан олдин шундай дуо қилди: “Эй Аллоҳим, сенга беадад ҳамду-санолар бўлсин. Мендек ожиз бир бандангни ҳам аҳли оиламни ҳам, тўғри йўлингдан адаштирмагин. Охиратда ҳам жаннат аҳллари қаторидан жой олишимизни Ўзинг мушарраф айлагин, Аллоҳим! Эй Аллоҳим, умримнинг яхшисини охир пайтлари. Амалимнинг яхшисини тугалланиши ва кунимнинг яхшисини сенга йўлиққан кун қилгин”. Шу куни Аллоҳнинг яна бир бандаси уйқудан кўзини очди. Очди-ю, энди тонг ёришаётганини кўриб, яна қайта уйқуга кетди. Вақт алламаҳал бўлгандагина кўзини очди. Негадир боши қаттиқ оғрир, ҳеч нарсага қўли бормасди. Шу йўсинда ишга жўнади. Кун бўйи ланж бўлиб юрди, лекин бирор марта Аллоҳнинг зикрини қилмади. Нима сабабдан ишлари орқага кетаётганини у ғофил банда тушунмас эди. Чала қолган ишларини ташлаб, улфатлари билан маишатини қилди ва кечга яқин ширакайф ҳолда уйга қайтди. Кунлик одати бўйича жанжал кўтариб, уйдагиларни...

“Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони Халқимизнинг маънавий ҳаётида алоҳида ўрин тутадиган, муқаддас ислом динининг эзгу ғояларини яққол ифода этадиган қадимий байрамимиз Қурбон ҳайитини муносиб нишонлаш, жамиятимизда инсонпарварлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, саховат ва шукроналик туйғуларини кучайтириш, ёшларимизда юксак фазилатларни камол топтириш мақсадида: 1. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2018 йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 21 август сешанба кунига тўғри келиши ҳақида қабул қилган қарорини инобатга олиб ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 декабрдаги “2018 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги ПФ–5290-сон Фармонига мувофиқ 2018 йил 21-23 август кунлари – Қурбон ҳайитининг биринчи уч куни мамлакатимизда байрам сифатида кенг нишонлансин. 2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда Қурбон ҳайитининг жойларда юқори савияда, халқимизнинг миллий ва диний анъаналарига мос равишда ўтиши учун тегишли тадбирларни амалга оширсин. 3. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Қурбон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин. 4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 декабрдаги “2018 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги ПФ–5290-сон Фармони 2-бандининг олтинчи хатбошисидаги “24 август – жумага” сўзлари “22 август – чоршанбага” сўзлари билан алмаштирилсин. 5. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин. Ўзбекистон Республикаси Президенти                                               Ш.Мирзиёев Манба: Prezident.uz 493

Яхши кайфиятда бўлишнинг сири

Бир одам донишманднинг ҳузурига келиб: – Сиз мудом яхши кайфиятда юрасиз ва ҳеч қачон жаҳлингиз чиқмайди. Менга ҳам ўзингиз каби инсон бўлишимга ёрдам беринг, – дебди. Донишманд бироз ўйланиб унга картошка ва қоп олиб келишини буюрибди. У қопни олиб келгач: – Мабодо бирор кимса сени хафа қилгудек бўлса, ундан ғазаблансанг, ўша одамнинг исмини картошкага ўйиб ёзда, ўша картошкани қопингга солиб қўй”, – дебди. – Бор йўғи шуми? – ажабланибди у. –  Йўқ, бу ҳали ҳаммаси эмас, ўша одамларнинг исми битилган картошкалар солинган қопни ўзинг билан бирга олиб юришинг керак! Маслаҳат сўровчи донишманднинг ҳузуридан кетаркан ўзидаги иллатдан қутилиш учун унинг айтганларини сўзсиз бажаришга жазм қилди. Шундан сўнг орадан бир оз вақт ўтди. Кунлар ўтган сари унинг қопи картошкалар билан тўлиб оғирлашиб қолди. Қопни доим ўзи билан олиб юриш ниҳоятда ноқулайлик туғдириб, ўйиб исмлар ёзилгани сабабли картошкалар ачий бошлади. Ана шундан сўнг бадбўй ҳид анқиётган картошкалардан фориғ бўлишнинг чорасини излаб яна донишманднинг ҳузурига бориб: – Бу картошкалардан қандай қутулишни билолмаяпман. Биринчидан қоп жуда оғир, иккинчидан, картошкалар ачий бошлади. Бошқа бирон нарса таклиф қилинг? – дебди. Бироқ донишманд унинг гапига унамабди, – Кўрдингми, инсонларнинг қалбида ҳам худди шу ҳолат вужудга келади, аммо биз буни илғамаймиз. Ишларимиз кўникишларга, кўникишлар феъл-атворга, феъл-атворимиз эса қабиҳ одатларни ўзлаштирувчи инсон бўлишимизга сабабчи бўлади. Мен сенга шу ҳодисани ўз кўзинг билан кўришинг учун замин ҳозирладим. Аразлаш ёки бировни хафа қилишдан олдин мана шу ҳодисани кўз олдингга келтир, – деб унга сабоқ берибди. Манбалар асосида Бахмал тумани «Бувайша» имом-хатиби Атқияев Ибодулло Манба: Muslim.uz 538

Бўладиган бола

Абдуллоҳ ёшлигидан тиришқоқ, кичик бў­лишига қарамай, кекса отасига ёрдам бериш учун тинмай ҳаракат қиларди. Отаси Мурод ота анча кексайиб қолган, ёши олтмишдан ошган бўлиб, оғир меҳнат қилса, тез толиқиб қолади. Чарча­ганини билдирмасликка ҳар қанча ҳаракат қилмасин, барибир кексалиги ошкора қилиб қўярди. Отасини доимо кузатиб юрган, аҳволини англаб етган кенжа Абдуллоҳ имкон қадар унга ёрдам беришга уринади. У кекса отасининг ҳарсиллаб кетмон чопишини кўриб руҳан эзи­лади. Абдуллоҳнинг кетмон чопишга кучи ет­маса-да, отасига сездирмай токларнинг остини юмшатишга, ер чопишга ҳаракат қилди. Эрта тонгда эшагини миниб, чошгоҳгача молларга икки-уч марта ўт олиб келар, тушдан ке­йин яна шундай қиларди. Ҳамма ўйин билан овора бўлганида, у меҳнат қиларди. Вақт топди дегунича қўлига китоб олиб мутолаа қиларди. Ота-онаси бирон маротаба ўт олиб кел, ер чоп, кито­бинг­ни ўқигин, деб айтмасди, юракдан меҳнат қи­лар ва тиним билмасди. Онаси бўлса, “Кўп китоб ўқийверма”, деб чироқни ўчириб қўярди. Шунга қарамай, илм олишга қизиқувчан бола фона­рини ёритиб кўрпанинг ичида китоб ўқирди. У олдига катта мақсад қўйган: “Ўқиб етук инсон бўла­ман, отамнинг оғирини енгил қиламан, онамга кўмакдош бўламан”, деб тинмай ҳаракат қиларди. Баъзи ёши катта болалар уни масхаралаб камситишганда: “Ҳали шошмай туринг­лар, келажакда олим бўламан. Ўшанда Абдуллоҳ­нинг ким­ли­гини кўрасизлар, ҳаммангиз ялиниб олдимга борасизлар!” дерди. Мурод ота фарзандини доимо дуо қиларди. Мурод ота қўшниси Темир ота билан гаплашиб ўтирганида, эшакка ўт ортиб келиб туширишга қийналаётган Абдул­лоҳга қараб: – Шу ўғлингдан катта одам чиқади. Ҳеч ти­ним билмайди. “Бўладиган бола ўн беш ёшда бош бўлар, бўлмайдигани қирққа кирса, ёш бўлар”, деган мақолни эшитгансан-а, шу мақол сенинг ўғлингга ўхшаган ғайратли болаларга айтилга­нов. Менга қара, Мурод, ўғлингни ишла деб ура­санми? – деди кўзига тикилиб. – Нима деяпсан, бу болани уриб бўларканми? Ўзининг ғайрати ичига сиғмайди. Бошқаларга ўхшаб ўйнагин, дам ол десам, қулоқ солмайди. Абдуллоҳ мактабни тугатиб, олийгоҳда ўқиди. Уни битириб, катта олим бўлди. Отасини эъзоз­лаб, бошларига кўтариб, дуосини олди. Уни яхши таниганлар: “Сен дуо олгансан, сен билан ўйна­шиб бўлмайди!” дердилар. Ҳа, “Бўладиган бола бошидан” деб бежизга айтилмаган. Бу каби бола­ларга ишоранинг ўзи кифоя бўлади. Ҳар гапни маъносига қараб йўл тутади. Баъзилар қирққа кирса-да, панд-насиҳатни қулоғига олмайди. Тўғрини эгри, эгрини тўғри дейди. Дангасаликка ўрганиб, ота-онанинг хизматидан қочиб, ёмонлигини қўймай, улғайишга интилмайди. Эй азиз фарзанд! Интилганга толе ёр! Ота-­онасини хизматини қилган, устозлар дуосини олган, эл-юртнинг олқиш ва раҳматларини ол­ган инсон, албатта, бахтли бўлади. Бундай инсон­лар узоқ умр кўрадилар. Ким мана шундай ин­сонларга ёмонлик қилса, албатта, ёмонлиги ўзи­га қайтади. Шу боис улуғларимиз: “Дуо олган одамдан эҳтиёт бўлинг. У дуолар қўрғонида бў­лади. Унга ёмонлик қилсангиз, ўзингизни балоларга гирифтор қиласиз. Сиз ҳам дуо олган мана шун­дай инсонлар дуосини олинг, сиз ҳам бахтли бўла­сиз”, дейдилар. Юқоридаги улуғ инсонларнинг айт­ганини қилиб, бахтга эришинг, раҳмат ва олқиш­лар олиб, умрингизни баракотли қилинг. Асло қарғиш олманг! Қарғиш умрингизни кесиб, бара­кангизни қочиради. Ақлингизни ёшлигингиздан ишлатсангиз, ҳаётда кўп яхши­ликлар кўрасиз. Қирқ ёшга етса ҳам ақли тўлмаса, Ёмон амалларни ҳаргиз қўймаса, Устига фазлдан либос киймаса, Бўлади, бундайни одам демаса. Манба: Muslim.uz 552
1 200 201 202 203 204 233