16 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбарининг институт талабалари билан учрашуви бўлиб ўтди. Тошкент Ислом институти талабаларига Ислом цивилизацияси маркази лойиҳаси тақдим қилинди. Хусусан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан барпо этилаётган ушбу марказ олдига қўйилган мақсад ва вазифаларнинг марказ биноси маҳобатига мос экани, буюк аждодлардан қолган бой илмий-маънавий меросни сақлаш, ўрганиш ва тарғиб қилиш келажакда Ислом дини тарихи, унинг асл тинчлик, эзгулик, инсонийлик ва бунёдкорлик ҳамда юксак ахлоқдан иборат моҳиятини жамият аъзоларига етказиб бера олишга қодир бўлган мутахассисларни шакллантиришни тақозо қилиши талабаларга тушунтириб берилди. Ислом дини илмлари, араб, форс, инглиз ва рус тилларини пухта эгаллаган, миллий ва диний қадриятларимиз асосида шаклланган одоблилик, интилувчанлик, ватанпарварлик каби юксак фазилатларга эга ёш мутахассислар келажакда, албатта, Ислом цивилизацияси марказида фаолият олиб боришлари мумкинлиги қайд этилди. Учрашув самимий, очиқ суҳбат тарзида ўтди. Талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар ҳамда устозлар билан фикр алмашдилар. 715
Маълумки, Қуръони Карим Пайғамбаримиз алайҳиссаломга йигирма уч йил мобайнида тадрижий равишда нозил қилинган. Қуйидаги нуқталарда унинг босқичма-босқич нозил бўлиш ҳикматлари борасида қисқача сўз юритамиз. 1) Машаққатли ва узун даъват йўлида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дилларини мустаҳкамлаш учун. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб, деди: وَقَالَ الَّذِينَ كَفَرُوا لَوْلَا نُزِّلَ عَلَيْهِ الْقُرْآنُ جُمْلَةً وَاحِدَةً كَذَلِكَ لِنُثَبِّتَ بِهِ فُؤَادَكَ وَرَتَّلْنَاهُ تَرْتِيلًا (“Фурқон” сураси: 32-оят). Маъноси: “Куфр йўлини тутган кимсалар: «(Нега) бу Қуръон унга (пайғамбар алайҳиссаломга) битта тўплам бўлган ҳолида нозил қилинмади?» (Эй Муҳаммад), Биз у – Қуръон билан сизнинг дилингизни устивор қилиш учун мана шундай (парча-парча ҳолида нозил қилдик) ва уни бўлиб-бўлиб баён қилдик”. 2) Одамларга уни ёдлаш, тушуниш ва амал қилишни осонлаштириш учун. Зеро, агар бир бутун ҳолида нозил этилса, уни биттада онгга сингдириш, ёдлаб олиш ва амал қилиш қийин бўлиб қоларди. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб, деди: وَقُرْآناً فَرَقْنَاهُ لِتَقْرَأَهُ عَلَى النَّاسِ عَلَى مُكْثٍ وَنَزَّلْنَاهُ تَنْزِيلاً (“Исро сураси, 106-оят). Маъноси: “Сиз Қуръонни одамларга аста-секин ўқиб беришингиз учун Биз уни бўлакларга бўлдик ва бўлиб-бўлиб нозил қилдик”. 3) Одамларни руҳоний жиҳатдан аста-секинлик билан тарбия қилиб, турли-туман ахлоқий иллатлардан босқичма-босқич мусаффо қилиш, шариат аҳкомларини тадриж билан татбиқ этиш. Зеро, агар шунча шаръий ҳукмлар, таъқиқ ва буйруқлар бир дафъада жорий қилинганда уларни “ҳазм қилиш” ва амал қилиш мушкул бўлиб қоларди. Шариатга амал қилиш кишиларга жуда улкан тоғдек бўлиб кўринар ва натижада ғайратлар сўниб қолган бўларди. Бунинг ёрқин мисолини ўша замон одамларининг қон-қонига сингиб, кундалик ҳаётларининг ажралмас қисмига айланган «хамр»нинг ҳаром қилиниш жараёнида кўришимиз мумкин. Воқеълик кўзи билан қаралса, уларга нисбатан мазкур нарсанинг бир дафъада ҳаром этилиши катта қийинчилик туғдирарди. Шу боис, Аллоҳ таоло аввалига у нарсани бир оятда қатъиян ҳаром қилмасдан, босқичма-босқич нозил бўлган бир неча оятларда хамрга нисбатан уларда салбий фикр уйғотди. Кишиларни руҳан сўнги, ҳал қилувчи ҳукмни қабул қилишга тайёрлаб борди. Вазият пишиб етилгач, хамр бир оятда узил-кесил ҳаром қилинди. Натижада, жарчи орқали буни эшитган одамлар хамрни энди сипқорай деб турганларида тўкиб юбордилар, баъзилар бўғзиларига қўлларини тиқиб қайт қилиб ташлашди. Ўша куни Мадина кўчалари шароб билан оқди. Аллоҳнинг ҳикмати ўзининг беназир самарасини берди. «Тиллар» кафедраси ўқитувчиси Алишер Султонхўжаев Манба 1 031
“Аллоҳ адолат ила туриб, албатта, Ундан ўзга илоҳ йўқлигига шоҳидлик берди. Фаришталар ва илм эгалари ҳам. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У азиз ва ҳаким зотдир” (Оли Имрон сураси, 18-оят). Имом Қуртубий роҳматуллоҳи алайҳи айтади: “Ушбу оят илмнинг фазлига, уламоларнинг шарафли эканига далолат қилади. Чунки агар уламолардан кўра шарафлироқ бирор кимса бўлганида эди, Аллоҳ таоло Ўзининг исми ва фаришталарининг исмига уламоларни қўшиб келтиргани каби уларни ҳам қўшиб келтирган бўлар эди. Илмнинг шарафига Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга: «ва: «Роббим, илмимни зиёда қилгин», дегин» (Тоҳа сураси,114-оят) деб айтган сўзи ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Албатта уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир” деган сўзлари кифоя қилади. «Ақоид ва фиқҳий фанлар» кафедраси ўқитувчиси, Тошкент шаҳар “Аҳмаджон қори” жоме масжиди имом ноиби Қудратуллоҳ Сидиқметов таржимаси Манба 753
Баъзан инсон ҳаётида турли хил синовларга йўлиқади. Масалан: деҳқон деҳқончилигидан, тижоратчи тижоратидан ва яна бошқа бир инсон касби ила қийин аҳволга рўбарў бўлиши, уйи ёниб кетиши ёки ўғри тушиб хеч вақосиз қолиши мумкин. Бундай ҳолларда киши нима қилишини билмай, ғам-ғуссага тушиб қолади. Бу Аллоҳнинг синови албатта. Шунда инсон бу ҳолатдан чиқиш йўлларини излайди, ҳаракат қилади. Бироқ, йўл топа олмагач, бирор-бир яқин дўсти, қариндоши ёки қўшнисидан маълум муддатга қарз сўрашга мажбур бўлади. Хўп бундай пайтда қарз олувчи ва қарз берувчи нималарга эътибор бериши керак? Келинг аввало қарз берувчи ҳақида билиб олсак! Қарз берувчи шуни яхши билсинки, аввало Аллоҳ таоло унга қарз берадиган даражада дунё берибди ва агар қарз берса, қарз бериб туриш ила бир инсоннинг оғирини енгил қилишга сабабчи қилибди ҳамда қарз бергани учун улкан ажрларга эга бўлишни насиб қилибди. Ҳадисларни умум қилиб айтганда, қарз бериб, бир инсоннинг оғирини енгил қилса, Аллоҳ таоло қиёматда унинг оғирини енгил қилиши, қарз бериб турувчига қарздор қарзини бергунича ҳар куни учун садақа қилувчининг савоби берилиши, қарз бериш ила ердагиларга раҳм қилгани учун унга осмондагилар раҳм қилиши, агар қарзни қарздордан кечиб юборса, Аллоҳ унинг гуноҳларини кечиб юбориши каби бир қанча қарз берувчига бериладиган фазллар бор. Демак, қарз берувчи ушбу ниятлар ила қарз берса, унга улкан ажрлар берилар экан. Энди қарз олувчига таъаллуқли бўлган масалаларни билиб олсак! Аввало инсон Аллоҳ таолодан ҳаётида қарздор бўлиб қолишидан паноҳ сўрамоғи лозим. Зотан ҳадисда айтилинганидек, қарздор инсон қарзини ўз вақтида адо қила олмагач кўп ёлғон гапиради ва ваъда қилса хилоф қилади. Агар инсон қарз олишга мажбур бўлиб қолсаю, уни албатта қайтариш нияти билан олса, Аллоҳ таоло унга қарзини адо қилишда ёрдам беради. Агар мақсади қайтиб бермаслик, чув тушириш, синдириш ва эгасини оғир аҳволга тушириш бўлса, Аллоҳ таоло унинг дунёсига талофат беради ва унинг ўзини бундан баттар ҳолатга тушириб қўяди. Мақсади бузуқ бўлган қарз олувчилар шуни билсинким, ҳадисларда агар инсон қарзини узмасдан вафот этса, унинг номидан ҳам ҳеч ким қарзни адо қилмаса, у икки ўртада қолиши, ҳатто шаҳид одам ҳам қарзини узмаган бўлса, уни фақатгина қарзи жаннатдан тўсиб туради, дейилади. Аллоҳ таоло барча қарз берувиларга бу дунё ва охиратда улкан ажрлар берсин. Қарз олганларга эса, касбларига барака берсину, қарзларини тезда адо қилишга Ўзи ёрдамчи бўлсин. Қарз бериб, қарздорларга нисбатан раҳм қилиб вақтини яна чўзиб турганлар ёки кечиб юборганларга Аллоҳ аолонинг ўзи раҳм қилсин. Манбалар асосида «Ақоид ва фиқҳий фанлар» кафедраси катта ўқитувчиси Яҳё Абдураҳманов Манба 973