Буюк бобомиз, саркарда, давлат арбоби, соҳибқирон Амир Темур таваллудинг 682 йиллиги муносабати билан Тошкент ислом институтининг 2-босқич талабалари “Темурийлар тарихи давлат музей”ига ташриф уюштирдилар. Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуслари билан 1996 йилда барпо этилган ушбу музей Тошкент шаҳрининг қоқ марказида, Амир Темур ҳиёбонинг ёнгинасида жойлашган. Музей экспозисиясидан ўрин олган экспонатларни қизиқиш билан томоша қилдик. Кўрганларимдан завқландим. Биз қудратли давлатнинг, буюк аждодларнинг авлодлари эканлигимдан фахрландим. Мен ҳам келажакда етук шахс бўлишни ўз олдимга улкан мақсад қилиб олганман. Мана шу мақсадга эришиш учун астойдил интиламан, – дейди 2-курс талабаси Нейматов Муҳаммад Юсуф. Музейнинг кўргазмалар залидаги миниатюра услубида яратилган деворий суратни кўриб, мен тарихимизнинг узоқ ўтмишини ўқигандай бўлдим. Уч қисмдан иборат ушбу тасвирларда Темур бобомизнинг Ватан равнақи йўлида кўрсатган жасоратлари ўз ифодасини топган. Шундай экан биз ёшлар – мана шундай аждодларимиз қолдирган меросини асраб авайлашимиз керак – дейди, 2-курс талабаси Бобораҳимов Зикриё. Музейга қилинган экскурсия давомида талабаларга музейда сақланаётган 10-14 асрларда Темурийлар сулоласига оид бўлган бир қанча осори-атиқалар ва Амир Темур томонидан Самарқанд шаҳрига олиб келинган ва ҳозирда ушбу музейда сақланаётган “Усмон Мусҳафи” китоби нинг нусхаси кўрсатилди. Талабалар музейда Темурийлар сулоласига тегишли сопол буюмлар, кўзалар, қозонлар, ўша даврдаги қурол-аслаҳалар, от абзарлари, кийим-кечаклар, кандакорлик намуналари, Темурийлар сулоласига ишланган турли хил миниатюралар ва бошқалар билан яқиндан танишишди. Шунингдек, музейда сақланаётган бошқа қадимий китобларни томоша қилишди. Булардан “Темур тузуклари”, Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”, Мирзо Улуғбекнинг “Зижи Курагоний” каби асарларнинг асл нусхалари билан танишиб чиқишди. Шунингдек, талабаларга Темур ва Темурийларнинг Ўрта Осиё маданияти ва ҳатто жаҳон маданиятига қўшган ҳиссаси ҳақида ҳикоя қилиб берилди. Хусусан, Темурнинг мардликлиги, адолатлилиги ҳамда ҳорижий мамлакатлар билан олиб борган сиёсати талабаларда янада фаҳр ҳиссини уйғотди. Талабалар ушбу музейда ўзларига керакли бўлган маълумотларни олишди. Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ўткир СОБИРОВ 734
Бугун, 9 апрель куни Тошкент ислом институтида Амир Темур таваллудининг 682 йиллигига бағишлаб “Амир Темур дунё цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк бунёдкор” номли маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда маърузачи Ўзбекистон Давлат санъат музейи “Ўзбек халқ амалий санъати бўлими” мудири О.Тангиров, ТИИ “Ижтимоий фанлар” кафедраси мудири А.Тошпўлатов, “Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими” бошлиғи Ў.Собиров, бўлим услубчиси Ғ.Баратов ҳамда ТИИнинг 3-4 курс талабалари иштирок этди. Маърузачи О.Тангиров Амир Темур ўз вақтида Осиё ва Европада рўй берган тарихий ўзгаришларга ҳал қилувчи таъсир кўрсатиб, дунё цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк бунёдкор бўлганини таъкидлади. О.Тангировнинг маълумот беришича, Евросиё ҳудудида улкан салтанат барпо қилган Амир Темур шахси ва фаолиятига қизиқиш халқаро майдонда тобора ортиб бормоқда. У ҳақда шарқ ва ғарб тилларида 1,5 мингдан ортиқ асар битилган. Бугун дунёнинг қарийб 50 мамлакатида темуршунос олимлар илмий изланишлар олиб бормоқда. Давра суҳбатида иштирок этган талабаларнинг Амир Темур ҳақидаги билим ва тушунчалари янада кенгайди. Тадбирни “Ижтимоий фанлар” кафедраси мудири А.Тошпўлатов йиғилганларга миннаддорчилик билдирди. Сўнгра талабалар томонидан Қуръони карим тиловат қилиниб, савоби саркарда А.Темур ва бошқа ўтган мўъмин мусулмонларнинг руҳониятларига бағшида қилинди. Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ўткир СОБИРОВ 466
Аввал хабар берганимиздек, 7 апрель куни Тошкент ислом университетида «Диншуносликнинг долзарб муаммолари» номли анъанавий республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди. Бу ҳақда ТИУ расмий сайти хабар бермоқда. Конференцияда турли ташкилот вакиллари, республикадаги соҳа мутахассислари, турдош олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, илмий ходим ва магистрантлари, жумладан институтимиз ректори У.Ғафуров ҳам иштирок этди. Илмий-амалий конференцияда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси О.Юсупов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари И.Иномов сўз олиб, бугунги глобаллашув жараёнида динларнинг маърифий жиҳатларини тадқиқ этиш ҳар жиҳатдан аҳамиятли эканлигини таъкидлаб ўтдилар. Илмий-амалий анжуманда «Ўзбекистон таълим тизимида диншуносликка оид фанлар ўқитилишининг долзарб масалалари», “Тошкент ислом университетида диний бағрикенглик соҳасида эришилган ютуқлар”, «Ўзбекистон мустақиллиги ва ислом манбашунослиги фанининг ривожи», «Ёшлар тарбиясини юксалтиришда ислом маданиятининг ўрни», “Ўзбекистонда «Диншунослик» фанини ўқитишдаги янгича ёндашувлар”, “Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантиришда «Етти пир зиёратгоҳи» сайти аҳамияти”, “Болалар – «ИШИД» террорчи ташкилоти тарғиботининг муҳим мавзуси”, «Проблемы преподования предмета религоведение на современном этапе образовательных реформ» каби мавзулар маърузачилар томонидан муҳокама қилинди. Университет нашриёти томонидан илмий-амалий анжуман материаллари тўплам ҳолида чоп этилди ва иштирокчиларга тақдим этилди. Шунингдек, университет Исломшунослик илмий-тадқиқот маркази томонидан 2017-2018-йиллар давомида нашр этилган янги китоблар тақдимоти ҳам ўтказилди. 486
8 апрель куни Ўзбекистонлик қорилар Кувайтда ўтказиладиган 9-халқаро Қуръон мусобақасида иштирок этиш учун жўнаб кетдилар. Ушбу мусобақада “Ҳифз” йўналиши бўйича 2017 йилда Ўзбекистонда ўтказилган Қуръон мусобақасининг олий ўрин соҳиби, Тошкент Ислом институти 3-курс талабаси Абдулазиз қори Раҳмонберди, тиловат йўналишидан “Ҳазрати Имом” масжиди ноиб имоми Исмоил қори Қурбонов юрт шаънини ҳимоя қиладилар. Мусобақа 10 апрель куни бошланади. 600
Тўққиз буюк муҳаддиснинг китобларидан ўрин олган ҳадиси шарифларга кенг шарҳлар бериладиган “Олтин силсила” кўрсатувининг навбатдаги сони 5 апрель куни эфирга узатилди. Мазкур кўрсатувни “Ҳилол нашр” мажмуаси раҳбари Исмоил Муҳаммад Содиқ олиб боради. Дастурда Имом Бухорий ҳазратларининг “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” асарида айтилган “Дин насиҳатдир…” ҳадиси шарҳланган. 493