Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом маданияти марказига директор тайинланди. «Жаҳон» АА берган хабарга кўра, бу марказга 2015 йилдан бери Тошкент француз альянси раиси сифатида ишлаб келаётган Шоазим Миноваров раҳбар бўлган. Шоазим Миноваров тажрибали дипломат ва таржимон ҳисобланади. У Франция ҳукуматининг «Хизматлари учун» ордени билан тақдирланган биринчи Ўзбекистон фуқаросидир. 23 июнь куни Президент «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолаганди. Ислом маданият марказининг маъмурий биноси, шунингдек, кутубхонаси ва музейи Тошкент шаҳрида, Хастимом мажмуасига ёндош ҳудудда қурилади. Марказ бинолари қурилишига россиялик миллиардер Алишер Усмонов ҳомийлик қилади. kun.uz 318
Бугун Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов раислигида умумий видеоселектор мажлис бўлиб ўтмоқда. Мажлисда президентнинг «2017-18 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида»ги қарори ва «Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларини ислоҳ қилиш ва янада ривожлантириш вазифаларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги қарори ижроси бўйича вазият муҳокама этилмоқда. Кун.uz мухбири берган маълумотга кўра, мажлисда Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов тест синовлари ўтадиган 28та олий, 61та умуммактаб, 31та академик лицейда 142 та бино ва 5832 та аудитория белгилаб олингани ҳақида маълумот берган. Бу борадаги тегишли ишларга ҳокимлик масъул ходимлари бириктирилган. 29 июль кунигача барча жойларда тайёргарлик бўйича далолатномалар тузилади. 30 июль куни соат 10:00да тайёргарлик машғулоти ўтказилади. Бундан ташқари, ҳоким бош вазирдан 1 август куни Тошкентдаги жамоат транспорти ўз ишини соат 4:30дан бошлаши ҳақида рухсат сўраган. Арипов бунга рухсат берган. Тошкентда тест синовларини ўтказиш бўйича хавфсизликни таъминлаш мақсадида 5 мингдан ортиқ ички ишлар ходимлари, 140 та хизмат транспортлари, 1,5 мингга яқин металл детекторлар ажратилади. Ариповнинг айтишича, тест ўтадиган объектлар бўйича камчилик қатор олий таълим муассасаларида мавжуд. Хусусан, абитуриентлар сонининг режадан ортиқ ўсиши ҳисобга олинмаган ва тест синовларига зарур бўлган бино ҳамда аудиториялар тайёрланмаган ОТМлар қаторида Қарши давлат университети, НамДУ, Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент молия инстиути, Тошкент давлат стоматология институти, Тошкент давлат юридик университети, Тошкент темир йўл муҳандислари институти тилга олинган. kun.uz 350
Жорий йилнинг 24 июль куни Тошкент шаҳрига Росссия Федерациясининг бир қатор кўзга кўринган Ислом дини вакилларидан иборат делегация ташриф буюрди. Делегация таркибидан Татаристон Республикаси муфтийси Камил хазрат Самигуллин, муфтий ўринбосари Мансур Жалалетдинов, Россия ислом таълими бўйича Кенгаш раҳбари ва Россия ислом университети ректори Рафиқ Мухаметшин, шунингдек, Москва мусулмонлари диний идораси ва Марказий регион “Москва муфтияти” муфтийси Албир хазрат Крганов, Халқаро ислом бизнеси Иттифоқи президенти Марат Кабаев ва бошқалар ўрин олган. Меҳмонлар Ўзбекистон Республикасидаги Россия Федерацияси Ваколатхонаси ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари томонидан кутиб олинди. Делегиция ташрифи доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий Усмонхон Алимов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Юсупов Ортиқбек ва Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги фавқулотда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденов билан учрашув ўтказди. Шундан сўнг, делегация аъзолари Тошкент ислом университетида бўлди. Учрашувлар чоғида таълим, фан ва маданият масалалари ҳамда диний-маърифий, илмий меросни ўрганиш, қўлёзма манбаларни тадқиқ этиш, нашрларини амалга ошириш хусусида ҳам ўзаро фикр алмашилди ва муайян хулосаларга келинди. Шунингдек, ташриф чоғида делегация аъзолари “Манбалар хазинаси” қўлёзмалар фонди, университет ҳудудидаги Юнусхон ва Шайхонтоҳур тарихий мажмуалари билан яқиндан танишди. Бундан ташқари, мартабали меҳмонлар “Мир-Араб” мадрасаси, Имом Бухорий мақбараси, Самарқанд шаҳридаги қадамжолар ҳамда мамлакатимизнинг Биринчи Президенти марҳум Ислом Каримов қабрларини зиёрат қилдилар. muslim.uz 552
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 10-11 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи чоғида Бухоро вилоятида Мир Араб олий мадрасасини ташкил қилиш бўйича кўрсатмалар берилган эди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Мир Араб олий мадрасаси ташкил қилиниб, 2017 йил 7 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан қисқа муддатда давлат рўйхатидан ўтказилди. 2017-2018 ўқув йили учун олий мадрасага абитуриентларнинг ҳужжат топширишлари 15 июнь кунидан 15 июль кунига қадар давом этди.Қабул ҳайъатининг маълум қилишича, жорий ўқув йили учун 152 нафар абитуриент ҳужжат топширган. 23-24 июль кунлари абитуриентлар ақоид ва фиқҳ фанларидан ижодий имтиҳон топширишди. 25 июль куни Ўзбекистон тарихи фанидан тест синовлари ўтказилди. Қабул имтиҳонларида фанлар бўйича баллар тақсимоти қуйидагича белгиланган: Ақоид ва фиқҳ фанларидан ҳар бир билетда тўрттадан савол бўлиб, жами 111,6 балл; Араб тили фанидан ҳар бир билетда тўрттадан савол бўлиб, жами 75,6 балл; Ўзбекистон тарихи учун тест 36 саволдан иборат бўлади. Ҳар бир тўғри жавобга 1,1 балл бўлиб, жами 39,6 балл. Ақоид, фиқҳ ва араб тили фанларидан ўтказилган ижодий имтиҳонлар ҳамда Ўзбекистон тарихи фанидан ўтказилган тест синовларидан тўпланган баллар қўшилганда умумий энг юқори балл 226,8 баллни ташкил этади. Имтиҳон натижалари жорий йилнинг 28 июль куни эълонлар тахтасига чиқарилади. Юқори балл олган 50 нафар абитуриент Мир Араб олий мадрасасига ўқишга қабул қилинади. Дарс машғулотлари 2 сентябрь куни Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасида жойлашган Мир Араб олий мадрасаси биносида бошланади. Айни пайтда ўқув хоналари, синфхоналар дарслик ва ўқув кўргазмалари шай ҳолатга келтирилган. Жобир ЭЛОВ, Мир Араб олий мадрасаси ректори в.б. 372
Тошкент шаҳри, Шайҳонтоҳур туман бош имом-хатиби Одилхон қори Юнусхон ўғли қаламига мансуб “Инсон манфаатлари – ислом таълимотининг олий мезони” рисоласи (“Мовароуннаҳр” нашриёти, Т. 2017 йил) нашрдан чиқди. Ушбу китоб “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”га бағишланиб, унда инсонга манфаат етказиш ва унинг фойдалари тўғрисида сўз боради. Муаллиф бир кишига манфаат етказиш нақадар улуғ ва савобли иш эканига Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан ҳужжат-далиллар келтиради. Шунингдек, рисолада инсон манфаатига муносабат масаласини ёритиб бериш учун жоҳилият даври билан ислом даврини бир-бирига қиёслаб таҳлил қилинади. Жоҳилият даврида худбинлик ва нафспарастлик устунлик қилган бўлса, ислом дини келганидан кейин бу нурли таълимотда халқпарварлик ва инсонга ғамхўрлик юксак мақомга кўтарилгани рисолада шундай тушунтирилган: “Пайғамбаримиз саҳобалари у зотдан ўрнак олиб уйларида бирон нарсани олиб туришни ўйламасдилар. Иложи борича муҳтож ва қийналган кишини кўрганда унга ёрдам беришга шошилардилар. Агар ўзида бўлмаса, қарз кўтариб бўлса ҳам, уни хурсанд қилиб қайтаришга ҳаракат қилганлар. Али ибн Ҳасан Муҳаммад ибн Усома ибн Зайд бетоб бўлиб ётганида ҳузурига кирди. У йиғлай бошлади. Али ибн Ҳасан: “Нима бўлди?”, деб сўради. У: “Менинг қарзим бор”, деди. Али ибн Ҳасан: “Қарзинг қанча?”, деди. У: “Ўн беш минг динор ёки ўн минг динор атрофида”, деди. Али ибн Ҳасан: “Ҳаммасини мен тўлайман”, деди. Мазкур рисола билан танишган киши инсонга манфаат етказишнинг ажр-савоблари улуғлиги ва охиратда ҳам ундан насибадор бўлишини ҳужжат-далиллар билан исботлаб берган. Мазкур рисола инсонга манфаат етказиш нақадар улуғ ва шарафли амал эканини билишда катта аҳамият касб этади. kun.uz 414