Аллоҳ таоло чиройли саналган ҳар қандай амални бажаришдан олдин Ўз исмини зикр қилишга буюрган. Зеро, бундай қилиш уша ишнинг бардавомлигини ёки пок-ҳалол бўлишини таъминлайди. Жонлиқ сўйиш ёки овга чиққанда ҳам мазкур буйруқ мавжуддир. Зеро Аллоҳ таоло Ўз каломида шундай буюради: «Аллоҳнинг номи зикр қилинмаган нарсалардан емангиз!» (Анъом сураси, 121) Мазкур оятда ейишдан қайтарилган нарса бу ўлимтик ёки бут-санамларга атаб сўйилган ҳайвондир. Бу ҳақида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай деганлар: «Мазкур оятдан мурод ўлимтик, бўғилиб ўлган ва бут-санамларга атаб сўйилган жониворлар». Худди шунга ўхшаш маънода имом Калбий: «Улар Аллоҳ номи зикр қилинмаган ёки Аллоҳ таолодан бошқага атаб сўйилган жониворлардир», деганлар. Зеро, мушриклар ўзларининг бут санамларига атаб қурбонликлар қилишар, ва уларнинг гўштини ейишар эди. Шундай экан ким мазкур ҳолатда ҳаром бўлган гўштни ҳалол деб еса, амали мушрикларники билан бир бўлипти ва айнан ўшалардек уқубатга дучор бўлиши мумкин. Зажжож розияллоҳу анҳу мазкур оятни умум ҳолатда тушунтиради ва мазкур фикрни олға суради: «Бу оят Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан биронтасини ҳалол деб билган ёки Аллоҳ ҳалол қилган нарсалардан биронтасини ҳаром деб билган ҳар бир кимса мушрик бўлишига далилдир». Лекин, мусулмон киши эсидан чиқиб Аллоҳнинг исмини айтмасдан сўйган гўшти мазкур ҳукм остига кирмайди. Бу ҳақида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай деган эдилар: «Ким жонлиқ сўйса-ю, «басмала» айтишни унутса, унга Аллоҳнинг исмини зикр қилиб еяверсин. Модомики, фитрат шариатга биноан сўйган экан, уни шайтонга бериб қўймасин» (Байҳақий ривояти). Дарҳақиқат, эсдан чиқиб қандайдир амални тарк қилиш авф қилинади. Лекин, қасддан “басмала”ни тарк қилган ҳолатда жонлиқ сўйиш итоатсизлик ҳисобланади. Бундай сўйилган гўштни ейиш мумкин эмас. Шу билан бирга итоатсизлик учун сўйган киши ҳам уқубатга лоиқ бўлади. Аллоҳ таоло ҳар бир ишимизни шариатга мувофиқ бажаришга мушарраф қилсин! 401-гуруҳ талабаси Маҳаммадумаров Сирожиддин 822
Аллоҳ таоло бандаларига ейиш мумкин бўлган ва бўлмаган нарсаларни баён қилган. Шу билан бирга баъзи нарсаларни ейиш ҳалол бўлиши учун маълум шартларни белгилаб берган. Ушбу шартлар амалга оширилмаса мазкур махсулот ҳаром саналади ва еган киши гуноҳкор бўлиб, уқубатга дучор бўлиши мумкин. Билмаслик эса ўзр бўла олмайди. Зеро, мусулмон киши ўз ҳаётидаги барча амалиётларни шариат асосида бажариш учун ҳарис бўлиши ва бунинг учун тинмай ўрганиб, изланиши талаб қилинади. Мана шундай ҳар бир мусулмон билиши зарур бўлган амалиёт бу гўштини Аллоҳ таоло ҳалол қилган ҳайвонларни сўйиш билан боғлиқ ҳукмлардир. Ҳайвонларни шаръий кўринишда сўйиш тартиби қўйидагича: Жонлиқ сўйиладиган жойга олиб келишдан олдин пичоқлар яхшилаб ўткирлаб, тайёрлаб қўйилади. Чунки, ҳайвон ётқизилганидан сўнг пичоқларни ўткирлаш макруҳдир, бунда ҳайвонга озор етади. Жонлиқ сўйиладиган жойга олиб келингач, оёқлари боғланиб, калласи қиблага қаратиб ётқизилади. Мазкур амал мустаҳаб саналади. Пичоқ тортишдан олдин қассоб «Бисмиллаҳи, Аллоҳу акбар», деб ҳайвоннинг ҳиқилдоғи ёнидан, кўкрак томонидан бўйинига пичоқ тортади. Пичоқ тортишда тўрт нарса – қизилўнгач, икки қон томири ва кекирдак кесилиши керак. Ҳайвоннинг жони батамом чиқиб бўлгунича умуртқа томирига пичоқ теккизилмайди, териси шилинмайди, калла батамом узилмайди. Жонлиқнинг томомила жони ўзилгач калласи олиниб, терисини шилиш мумкин. Бундан ташқари ҳайвонни сўйишга ётқизишдан олдин бошига оғир ёки ўткир нарса билан уриб йиқитиш ёки электр токи ёрдамида чалажон қилиб сўйиш шаръан мумкин эмас. Мазкур ҳолатларда сўйилган ҳайвоннинг гўштини еб бўлмайди. Шу билан бирга сўйилган ҳайвоннинг саккиз аъзосини еб бўлмайди. Улар: безлари, эркаклик аъзоси, урғочилик аъзоси, орқа йўлининг охири, мояклари, сўйилганида томирдан отилиб чиққан қони, ўт пуфаги, сийдик пуфагидир. Мана шу тартибда сўйиш ва тозалаш шариатга мувофиқ ҳисобланади. Бунда ҳам ўзимизнинг дунё – охиратимизга манфаат бор, ҳам жонлиққа озор бермаслик инобатга олинган. 401-гуруҳ талабаси Маҳаммадумаров Сирожиддин 1 705
Ҳанафий фиқҳининг йирик манбаси бўлган ушбу “Шарҳул виқоя” асарига тўла киришишдан олдин, асар таълиф этилгунга қадар бўлган мазҳабимиз тарихи ва мўътабар манбаларнинг шаклланиш жараёнига бир назар ташласак. Чунки ҳар қандай манба нимагадир асосланиб, унга таянган ҳолда таълиф этилади. Юқоридаги маълумотлардан маълум бўладики, ушбу асар ҳам ўзидан олдинги манбаларга беихтиёр боғлиқдир. Абу Ҳанифа р.а. мазҳаббошимиз тобеинлардан бўлганлар. У зот Куфада Анас ибн Молик р.а. ва бошқа саҳобаларни кўрганлар. Куфа шаҳрига Умар ибн Ҳаттоб р.а. асос солганлар ва у ерга Абдуллоҳ ибн Масъуд р.а.ни шаҳар аҳлига таълим бериш учун юборганлар. Бу ҳақида у зотнинг ўзлари шундай дейдилар: “Эй Куфа аҳли, мен сизлар учун ўзимдан кўра Абдуллоҳни афзал билдим. У илмга тўла каниф кабидир”. Али р.а. халифа этиб тайинланганларидан сўнг Куфага келадилар ва шаҳардаги фақиҳ олимларнинг кўплиги у кишини ҳайратга солади ҳамда Ибн Масъуд р.а.га қарата: “Сиз бу шаҳарни илм ва фиқҳга тўлдирибсиз”, дейдилар. Ўша вақтда у зотнинг шогирдлари ва шогирдларининг шогирдлари тўрт минг нафар бўлган. Шаҳарда истиқомат қилувчи саҳобалар сони эса бир минг беш юз нафарни ташкил этган. Абдуллоҳ ибн Масъуд р.а.нинг Куфадаги шогирдларининг машҳури Алқама бўлган. Алқаманинг шогирди эса Иброҳим Нахаий. Нахаийнинг шогирди Ҳаммод ибн Абу Сулаймон. Абу Ҳанифа р.а. эса Ҳаммод р.а.га шогирд бўлганлар. У кишининг устозлар силсиласи шу тариқа Абдуллоҳ ибн Масъуд р.а.га туташади. Абу Ҳанифа р.а. фиқҳий масалаларни таҳқиқ қилиб, унинг машҳур далилларини синчиклаб ўрганиб чиққанларидан сўнг, шогирдларига фиқҳий масалаларни тадвин қилиб, китоб шаклига келтиришни буюрадилар. Фиқҳни тадвин қиладиган шогирдлари қирқ нафар бўлиб, уларнинг энг кўзга кўрингани Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний р.а. эдилар. У киши тасниф этган китобларда ўзига хос ажралиб турувчи кўплаб жиҳатлари борлиги туфайли мазҳабни нақл қилишда унга суянилади. У зот тадвин этган китоб “Зоҳир ривоя”деб номланган. У ўз ичига қуйидаги китобларни жамлаган: “Мабсут”; “Жомеъул кабир”; “Жомеъус сағир”; “Зиёдот”; “Сиярул кабир”; “Сиярус сағир”. Ушбу китобларнинг барчасида ҳанафий мазҳабидаги машҳур ва мутавотир ривоятлар нақл қилинган. Фуқаҳолар ёд олиш, дарс бериш ва шарҳлар ёзишда айниқса, икки жомеъ ва “Мабсут”га жиддий аҳамият қаратганлар. Ҳатто уларнинг баъзилари: ”Кимки “Мабсут” ни ва мутақаддимларнинг мазҳабини ёд билса, у ижтиҳод аҳлидандир”, деганлар. Муҳаммад ибн Ҳасан р.а. 189-ҳижрийда вафот этадилар. У кишининг таълифотлари ҳижрий II асрга тўғри келади. Ҳижрий III асрда Хассоф р.а. (вафотлари 261-й.) “Нафақот”, ”Адабул қозий” каби китоблар таълиф этдилар. Ҳижрий IV асрда ҳанафий мазҳабида Имом Муҳаммаднинг китоблари асосида суғорилган бир қанча мухтасар асарлар юзага келди. Шулар жумласидан Ҳоким Шаҳиднинг “Ал-Кофий” асари. Мусанниф унда Имом Муҳаммад р.а.нинг “Зоҳир ривоя” асарларидан такрорий ўринларини тушириб юбориб, ушбу китобни ёзганлар. Бу асарнинг машҳур шарҳларидан бири Имом Сараҳсийнинг “Ал-Мабсут” асаридир. Ва яна шу асрда тадвин қилинган мухтасар асарлардан Имом Таҳовийнинг “Мухтасарут Таҳовий”, Имом Кархийнинг “Мухтасарул Кархий” асарларидир. Қолаверса, ушбу асрда ҳанафий мазҳабининг кибор уламолари томонидан фатво берилган фиқҳий масалалар борасидаги фатволар ва навозиллар тўпламлари яратилди. Айнан шу даврда ватандошимиз Абу Лайс Самарқандий “Мухторотун навозил” ҳамда “Муқаддима” каби китоблар тасниф этдилар. Ҳижрий V асрда эса Имом Қудурий р.а. ўзларининг машҳур “Мухтасарул Қудурий” асарини таълиф эттилар. Бу асар ҳам ўзидан олдин ёзилган асарлардан нафас олган. Унинг иборалари енгил бўлганлиги боис уламолар ундан ёд олиш, дарслик сифатида қўллаш ва шарҳлар ёзишда кенг фойдаланганлар[1]. ...
30-май куни “Ислом ва ҳозирги замон” фанидан барча биринчи курс талабаларига Ўзбекистон халқаро ислом академияси кафедра мудири, тарих фанлари номзоди, доцент Д. Махсудов “Ислом цивилизациясининг ривожида ISESСOнинг ўрни” мавзусида маъруза қилиб берди. 572
Шу йилнинг 30 май куни Тошкент ислом институтининг 2018-2019 ўқув йили битирувчилари учун “Маънавият асослари ва Диншунослик” фанларидан Якуний аттестация бўлиб ўтди. Имтиҳон жараёнининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида юқори ташкитотлар ҳамда бошқа олий таълим муассасаларидан етакчи мутахассислар таклиф этилди. Тошкент ислом институтининг кадрлар тайёрлашдаги асосий мақсади Ислом дини асосларини ўзлаштирган, инсонпарварлик ва Ватанга садоқат руҳида тарбия топган, юксак маънавий фазилатларга эга бўлган, соф Исломий эътиқод билан йўғрилган олий маълумотли исломшунос, имом-хатиб ва араб тили ўқитувчиларини тайёрлашдан иборатдир. Қолаверса, диёримиздан етишиб чиққан буюк алломаларнинг Ислом назарияси, фалсафаси, маданияти ривожига қўшган беқиёс ҳиссаларини ўрганиш ва номларини абадийлаштириш, жумладан, улуғ мутафаккир ва муҳаддислар, азиз авлиёлар, буюк ватандошларимиз – Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Мансур Мотурудий, Абу Муин Насафий, Қаффол Шоший, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрор Валий, Хожа Аҳмад Яссавий, Маҳмуд Замахшарий каби кўплаб аждодларимиз қолдирган илмий меросни чуқур ўрганиш, уни жамлаб, халқимизга, энг аввало, ёш авлодга етказиш. Энг асосийси муқаддас динимизни, Қуръони карим оятларини, ҳадисларни чуқур ва кенг ўрганиб, уларни таҳ лил қила оладиган, юқори малакали ва етук диний кадрлар ва соҳа мутахассисларини етиштириб чиқариб, халқимизнинг муқаддас динимиз борасидаги эҳтиёжларини тўла қондириш мақсад қилиб қўйилган. 608