Шонли тарихимиздан маълумки, Мовароуннаҳрдан нафақат ислом цивилизацияси, балки жаҳон илм-фани тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган кўплаб буюк мутафаккир ва алломалар етишиб чиққан. Истибдод даврида улардан кўпининг номини тилга олиш ҳам мумкин эмасди. Айниқса, мусулмон дунёсида барчага маълум ва машҳур зотларни уларни етиштирган она халқининг ўзи – ўзбеклар танимаслиги жуда аянчли ҳолат эди. Шукрки, Истиқлол йилларида миллий қадрият, урф-одат ва анъналаримизни тиклаш, улуғ алломалар меросини ўрганиш ишлари давлат сиёсати даражасига кўтарилди – муқаддас қадамжолар таъмирланиб, ободонлантирилмоқда, янги илмий-тадқиқот муассасалари очилиб, энг сўнгги техника ва технологиялар билан жиҳозланмоқда. Хусусан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳам янгидан бунёд этилган ёш илмий-тадқиқот муассасасидир. Унга Президент Шавкат Мирзиёев қанчалик аҳамият қаратишини оддий бир далил билан изоҳлаш мумкин – давлатимиз раҳбари турли халқаро ташкилотларнинг юксак минбарларидан туриб, динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, маърифат ва маданиятларни бойитиш масалалари бўйича тизимли мулоқотни йўлга қўйишда ушбу Марказ самарали платформа бўлиб хизмат қилишини таъкидлаб келмоқда. Нуфузли хорижий меҳмонларнинг Ўзбекистонга ташрифи дастурига, албатта, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси зиёрати билан бирга Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти билан танишув тадбири ҳам киритилмоқда. “Ғарбда – Рим, Шарқда – Самарқанд”, деган нақл “Рўйи замин сайқали” бўлган бу шаҳар фақат кўплаб йирик давлатлар пойтахти бўлганинигина англатмайди. Бу таъриф Самарқанд кўплаб ҳукмдорлар орзусидаги пойтахт, шу билан бирга, улуғ аллома ва мутафаккирларни етиштирган, уларнинг хоки пойи учун муқим маконга айланган замин бўлганини ҳам ифода этади. Самарқанд чин маънода ер юзининг безаги, кўркидир. Жорий йил ўтказиладиган “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзуидаги халқаро анжуманга мезбон этиб айнан Самарқанд белгиланганида ҳам ушбу шаҳарнинг жаҳон илми ва тарихида ўзининг мумтоз ўрнига эгалиги ва мусулмон маданияти дурдоналаридан бири эканига, қадимда унинг аҳли ва меҳмонлари қолдирган мероснинг беқиёслигига ишорат намоён бўлади. Самарқанднинг танланиши Имом Мотуридийнинг табаррук мақбараси жойлашган бу шаҳарда энг ноёб ва бетакрор маънавий-руҳий муҳит мавжудлиги билан ҳам асосланади. Конференция мотуридийлик таълимотининг туб мазмун-моҳиятини очиб бериш, Имом Мотуридий меросини ўрганиш ва унинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини халқаро миқёсда тарғиб этиш каби ишлар қамровини янада кенгайтириш мақсадида ташкил этилмоқда. Бугунги кунда юртимиздаги турли илмий-тадқиқот марказлари, қўлёзма фондлари, музей ва кутубхоналарда 100 мингдан ортиқ нодир қўлёзма ва тошбосма асар сақланмоқда. Улар асосан Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Муин Насафий каби алломаларнинг асарларидир. Уларни сифатли сақлаш ва кенг тадқиқ этиш керак. Бундан ташқари, Ўзбекистон ва хорижий тадқиқот марказлари фондларида қандай асарлар сақланаётганини ўрганишни замоннинг ўзи тақозо этмоқда. Бугунги кунда барча қўлёзма фондлар ўзидаги манбаларни каталоглаштирмоқда. Қайси фонд ва марказда қандай қўлёзмалар мавжудлиги тўғрисида аниқ маълумотга эга бўлиш мақсадга мувофиқ. Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарига навбатдаги Мурожаатномасидаги ташаббуслар бошқа соҳалар қаторида илм аҳли учун ҳам айни муддао бўлди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистонда илм-фанни янада равнақ топтириш, ёшларимизни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси этиб тарбиялаш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш борасида бошлаган ишларимизни жадал давом эттириш ва янги, замонавий босқичга кўтариш мақсадида юртимизда 2020 йилга “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб ном бериш тўғрисидаги таклифи олқишлар билан қарши олингани бежиз эмас. Зеро, Ўзбекистонни ривожланган мамлакатга айлантиришдек улуғ мақсадга фақат жадал ислоҳотлар қаторида, илм-маърифат ва инновация билан эришиш мумкин....
Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига навбатдаги Мурожаатномасида: «Мамлакатимизда “Жаҳолатга қарши – маърифат”, деган эзгу ғоя асосида Ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, тинчлик ва дўстлик каби олижаноб мақсадларга хизмат қилишини тарғиб этиш кун тартибимиздаги доимий масалалардан бири бўлиб қолади. Жорий йилда ҳадис илмининг султони Имом Бухорий, калом илми асосчиси Абу Мансур Мотуридий ва унинг давомчиси Абу Муин Насафий ҳаёти ва илмий меросига бағишланган ҳамда диний бағрикенглик мавзуларида халқаро илмий-амалий конференциялар ва бошқа тадбирлар ташкил этилади. Имом Бухорий бобомизнинг Самарқанддаги ёдгорлик мажмуасини бу мўътабар зотнинг мусулмон дунёсидаги улуғ мақомига мос равишда, мутақо янги лойиҳа асосида қайта барпо этиш ишларини ҳам бошлаймиз. Шунингдек, буюк аллома Баҳоуддин Нақшбанд бобомизнинг 700 йиллик таваллуд айёмининг юқори савияда ўтказишимиз керак. Сизларга маълумки, кейинги йилларда олиб борилаётган инсонпарвар сиёсат туфайли тўғри йўлдан адашган, билиб-билмай хатога йўл қўйган фуқароларни соғлом ҳаётга қайтариш борасида муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилда ҳам диний экстремистик йўлга кириб қолган чин дилдан пушаймон бўлган шахсларнинг ижтимоий-маиший муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш, уларни жамиятга мослаштириш бўйича ишлар давом эттирилади. Жаҳонда шиддат билан ўзгараётган нотинч ва мураккаб вазият, турли можаролар жонажон Ватанимиз хавфсизлигини ва эл-юртимиз осойишта ҳаётини таъминлаш ҳамда мавжуд хатарларга муносиб жавоб беришда доим тайёр туришимизни тақозо этмоқда, деб таъкидлади муҳтарам Президентимиз ўз Мурожаатномасида. Манба: religions.uz 913
Президентимизнинг Олий Мажлисга мурожаатномасида Ўзбекистонни ривожланган мамлакатга айлантиришни мақсад қилиб қўйган эканмиз, бунга илм-маърифат ва инновация билан эриша оламиз, деб алоҳида қайд этилди. Бунинг учун ташаббускор бўлиб майдонга чиқадиган янги авлод кадрларни тарбиялаш зарур. Стратегик фикр юритадиган малакали кадрлар керак. Шунинг учун боғчадан бошлаб таълимнинг барча бўғинларида таълим сифатини ошириш даркор. Нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг савиясини ошириш лозим. Зеро, бизга илм-маърифат ва юксак маънавият керак. Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва, албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади. Шарқ донишмандлари айтганидек, энг катта бойлик – бу ақл-заковат, илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик — бу билимсизликдир, деб қайд этди Президент. Замонавий билимларни ўзлаштириш узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши керак. Манба: Uza.uz 943
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 24 январь куни соат 11:00 да Олий Мажлиснинг Сенати ва Қонунчилик палатасига навбатдаги Мурожаатномани тақдим этади. Маълумки, 2019 йил 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайлов бўлиб ўтди. Бу муҳим сиёсий тадбир мамлакатимиз тарихида илк бор қабул қилинган Сайлов кодекси асосида, “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтди. Сайлов натижаларига кўра, Марказий сайлов комиссияси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 150 нафар депутати ва Сенатининг 97 нафар аъзосини рўйхатга олди, жумладан, Президентнинг 2020 йил 17 январдаги фармони билан Сенат аъзоларининг 13 нафари тайинланди. Шу тариқа, мамлакатимиз қонун чиқарувчи ҳокимиятининг янги таркиби шаклланди. Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномаси ана шу янги парламентга тақдим этилади. Ушбу нуфузли анжуман Халқаро конгресс марказида бўлиб ўтади. Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, видеоконференция алоқа тизими орқали туман, шаҳар ва вилоятлардаги маҳаллий Кенгашларга сайланган халқ ноиблари, шунингдек, ижро ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, нодавлат ташкилотлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этади. Манба: president.uz 1 119