Янги турмуш шароитларида юзага келадиган баъзи масалаларга ислом ҳуқуқшунослигида ҳар доим ҳам аниқ жавоб топилавермайди. Бироқ бу шариат нормалари эскирган деган хулосани билдирмайди. Олимларнинг таъкидлашича, шариатда барча саволларга жавоб бор, фақат уларни тўғри танлаб олиш лозим. Бунинг учун ҳам диний, ҳам дунёвий билимга эга бўлиш талаб этилади. Бугунги кунда аксарият мусулмон давлатларида ҳукумат арбоблари ва дин пешволари ўртасида ҳамкорликнинг янги шакллари йўлга қўйилган ва бу тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Мaсалан, 2017 йилнинг августида Мисрда биткоинлар савдоси учун илк майдонча очилган эди, бироқ яширин валютанинг кескин кучайиши ҳамда молиявий бўшлиқ вужудга келишидан хавотир туфайли Миср ҳукумати ушбу савдони ноқонуний деб эълон қилди. Шундай бўлса ҳам аксарият мисрликлар унинг рекламасига учиб, ўз маблағларини яширин валютага сарфлашда давом этдилар. Мамлакат ҳукумати бу масалани ижобий ҳал қилиш ҳамда тартибга солиш учун ислом дини арбобларини жалб қилди. Бош муфтий шайх Шавқий Аллам яширин валюта савдосини тақиқловчи фатво чиқарди. Унга кўра, биткоин “исломда тақиқланган” ва “фирибгарлик, ёлғон ва нодонлик” билан ёнма-ён туради, дейилди. Муфтийнинг айтишича, “биткоинлар шариатда ман қилинган бўлиб, улар айрим шахсларга, шахслар гуруҳларига ёки муассасаларга зарар етказади”. Бундан ташқари, терроризмни молиялаштириш воситаси сифатида яширин валютадан фойдаланиш хавфи кучайганлиги ҳақида маълум қилди. Ушбу мисол ҳукумат ва диний уламоларнинг ўзаро ҳамкорлик механизмини кўрсатади. Демак, ислом динида фатволар маълум масалаларни тартибга солиш, мусулмон жамоатчилиги онгига «тўғри етказишда» муҳим ўрин тутади. Фатво шариатнинг бирон-бир йўл-йўриғини тушунтириш ва амалда қўллаш учун қилинган исломий-ҳуқуқий хулосадир. Фатволар юридик аҳамияти нуқтаи назаридан қуйидагиларга бўлинади: – юридик аҳамиятга молик фатволар – қоида тариқасида, қонунчиликнинг барча соҳаси ислом шариатига асосланган давлатларда (мисол учун, Саудия Арабистони, Эрон, Афғонистонда) қўлланилади; – тавсиянома хусусиятига эга ва юридик кучи чекланган фатволар – фатволарнинг бундай шакли шариат айрим соҳаларни (мисол учун, оила ҳуқуқини) тартибга соладиган давлатларда жорий қилинган, қонунчиликнинг бошқа қолган соҳалари дунёвий қонунчиликка асосланган (Миср, Ливан, Сурия, Африканинг баъзи давлатлари); – тавсиянома хусусиятидаги ва юридик кучга эга бўлмаган фатволар – дин давлатдан ажратиб қўйилган, аҳолиси мусулмон бўлган кўпгина мамлакатларда тарқалган (Сурия, Ливан, Жанубий Кавказ ва Марказий Осиё давлатлари). Сўнгги ҳолатда фатволар ўз-ўзидан мусулмон ҳуқуқининг бевосита манбаи ҳисобланмайди, бироқ улар нуфузли диний арбобларнинг мусулмон ҳуқуқи шарҳининг маҳсули бўлиб қолаверади. Замонавий мусулмон давлатларининг аксариятида бир пайтнинг ўзида иккита ҳуқуқий тизим фаолият юритади ва ўзаро ҳамкорлик қилади (шариат ва маҳаллий/дунёвий анъаналар). Бунда муфтийнинг қарори фақат мусулмон ҳуқуқи принципларигагина эмас, балки маҳаллий анъанавий ҳуқуқ принципларига ҳам асосланади. Фатволар бир томондан муайян юридик қарорларни қайд қилишни ўзида акс эттиради, бошқа томондан эса айрим ҳолларда одатий ҳуқуққа мувофиқ масалани ўзига хос услубда ҳал этишни тавсия қилади. Ҳолбуки, аҳолининг диний даражасига қараб фатволар ҳаракат учун қўлланма сифатида қабул қилинади. Араб тили нуқтаи назаридан “фатво” сўзи “тушунтириш, изоҳ, шарҳ” маъноларини англатади. Диний соҳада эса бу атама “у ёки бу масалага доир шариат асосида қабул қилинган ҳуқуқий қарор ёки тавсиялар” маъносини билдиради. Қуръонда баён этилишича: وَمَا أَرْسَلْنَا مِنْ قَبْلِكَ إِلَّا رِجَالًا نُوحِي إِلَيْهِمْ فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ “Сендан олдин ҳам фақат эр кишиларни юбориб, уларга ваҳий қилганмиз. Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўранглар” (“Ан-Нахл” сураси, 43-оят) Фатво мусулмон ҳуқуқшуносининг шахсий хулосаси бўлиши ёки шариат ва фиқҳ ёхуд алоҳида (махсус) орган билимдонлар гуруҳининг биргаликдаги фикрини ифодалаши мумкин. Юзага келган...
بسم الله الرحمن الرحيم Муаллиф муқаддимаси الحمد لله و كفى و سلام على عباده الذين اصطفى 1989 йил октябрь ойида каминани Халқаро Ислом Ташкилоти томонидан Чикагода ўтказилган халқаро конфренсияда “Ислом шариатида суннатнинг ўрни” ҳақида маъруза қилиш учун таклиф қилишди. Анчадан бери, мен инглиз тилида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, унинг хусусиятлари ва аҳамияти ҳамда унинг ҳақиқий таърифи ҳақида умумий маълумот берадиган мўжаз китоб таълиф этиш истагида юрган эдим. Бу таклиф мени қўлингиздаги рисолачани ёзишга ундади. Бу китоб Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари нима экалиги, Мусулмонлар учун унинг нақадар азизлиги, Қуръони Карим унга қандай баҳо берганлиги ҳамда уни келажак авлод учун сақлаш йўлида Умматнинг саъй-харакатлари ҳақида хабардор бўлмоқчи бўлган китобхонлар учун айни муддаодир. Аллоҳ таолодан каминанинг бу арзимас иши мақбул бўлишини ва суннат ҳақидаги барча саволларга жавоб беришини ҳамда суннат ҳақида билмоқчи бўлганларга етарли манба бўлишини, шу билан биргаликда суннатнинг ислом шариатида иккинчи асосий манба сифатида мусулмонларнинг ҳаёт йўлларида тўғри йўл кўрсатувчи асл ўрнини англашга ёрдам беришини сўраб қоламан. Аллоҳ таолодан бу ҳақир ишимни ўз даргоҳида ҳусни қабул қилишини ва уни китобхонлар учун манфаатли бўлишини сўраб қоламан. Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний Инглиз тилидан Халилуллоҳ Юсуф таржимаси (Давоми бор…) 1 036
Қизалоқнинг қўлларида иккита олма бор эди. Онаси ундан “Қизим, олманинг биттасини менга бер” деб сўради. Қиз онасига тикилиб турди-да, кейин қўлидаги олмаларни бирин-кетин тишлади. Онаси қизининг бу ишидан бироз хафа бўлиб, “Меҳр билан боққан қизим шундай қилдия” деган нарса хаёлидан ўтди. Ўз қизидан бундай муомалани кутмаганди. Қизидан узоқлашиб, бошқа хонага чиқмоқчи бўлганида, қизи унинг ортидан чақирди ва “Онажон, мана буниси ширинроқ экан” деди-да, олмаларнинг бирини онасига узатди. Қизалоқ онасига ширин олма бериш учун уларни тишлаб кўрганди. Онаси эса бу ҳолни бироз нотўғри тушунди ва қизидан хафа бўла бошлади. Қизининг гапидан кейин она ундан бекорга хафа бўлганини англади. Ҳар қанча илмли, тажрибали ва дунёқараши кенг инсон бўлманг, бошқалар ҳақида ҳукм чиқаришга шошилманг. Одамларга ўз мақсадларини баён қилиб беришлари учун имкон беринг. Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади Манба: muslim.uz 910
Тошкент шаҳрида 21 январь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, “Конрад Аденауэр” жамғармасининг (Германия) Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг мамлакатимиздаги Халқ дипломатияси маркази ҳамкорлигида “Цивилизациялар мулоқоти: глобализация даврида ҳамжиҳатликни ва анъанавий қадриятларни сақлаш” мавзуида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди. Анжуманда юртимиздаги қатор давлат ва нодавлат ташкилотлар мутасаддилари ва илмий доиралар вакиллари, нуфузли халқаро ташкилотларнинг етакчи мутахассислари иштирок этди. Илмий-амалий семинарни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистонда ва хорижий давлатларда цивилизациялараро муносабатлардаги муаммоларни баҳолаш ва танқидий таҳлил қилиш, асосий, жорий, қисқа ва узоқ муддатли мақсадларни аниқлаш, миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш ва халқ дипломатияси механизмларидан фойдаланишни кенгайтириш имкониятларини ўрганишдан иборат. Анжуманда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори ва институт устоз ва талабалари иштирок этди. ТИИ ректори ҳозирги кунда аждодларимиздан меърос бўлиб келаётган асарларни ёшларимизга ўргатиш, бу борада анъанавий қадрятларимиздан фойдаланиш, қолаверса Ғарб давлатларида жорий бўлган устоз-шогирд, ёки жамоавий билим бериш, Ҳиндистон ва Покистондаги олий ўқув юртлари қадимги Самарқанд ва Бухоро ўқиш тизимини давом эттириш орқали юксак натижаларга эришилаётгани, аслида бизнинг ютуғларимиз экани, ушбу қадрятларини яна ўзимизга қайтаришимиз кераклигини айтиб ўтди. Ундан ташқари Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар билим юртини битирган талабаларини дипломларини ўзаро тасдиқлаш кераклиги ва илмий ишлар қилаётган ёшларни ҳам ушбу ташкилот рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаши мақсадга мувофиқ бўлиши ҳақида ҳам таклиф билдириб ўтди, -деди У.Ғафуров. Тошкент ислом институти Матбуот хизмати 920
Россия Федерациясининг Томск вилояти Асино туманидаги ёғоч уйда юз берган ёнғин оқибатида ҳалок бўлган 10 нафар фуқароларимизнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этамиз. Ҳалол меҳнат қилиб, аҳли оила нафақаси йўлида ҳалок бўлган ушбу йигитларимизнинг охиратлари обод бўлишини Ҳақ таолодан сўраймиз. Ушбу фожиада ҳалок бўлганларнинг ҳақларига дуолар қилиш, мағфират сўраш ва яқинларига тасалли бериш инсоний бурчимиздир. Инсон қачон, қаерда ва қандай ҳолатда вафот этишини билмайди. Динимизда бирор фожиа билан вафот этган мўминнинг даражаси юқори бўлиши айтилган. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларининг бирида киши сувга ғарқ бўлиб, ўтда куйиб, том остида қолиб вафот этса, шаҳидлик мақомини топиши таъкидланган. Мазкур ёнғинда вафот этган юртдошлармизнинг ҳақларига дуо қилиб, Яратган Парвардигордан уларнинг солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ қилишини, гуноҳларини мағфират этишини илтижо қилиб сўраймиз. Ҳалок бўлганларнинг аҳли байтига Аллоҳ таолонинг қазои қадарини розилик ила қарши олган чинакам мўминларнинг мақомини сўраймиз, ҳақларига дуо қилиб, самимий ҳамдардлик билдирамиз. Парвардигоримиз қурбонларни Ўзининг раҳмати ва мағфиратига буркасин, ортларида қолган аҳли байти ва фарзандларига сабру жамил берсин! Ўзбекистон мусулмонлари идораси 899