Янги ўқув йилидан мақсадли қабулга ҳужжат топшириш учун фақат абитуриент мансуб бўлган ҳудуднинг дипломи талаб қилиниши бўйича тақиқ бутунлай бекор бўлди. Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнуд Худойбердиев телеграмдаги каналида бу борада изоҳ берди. «2017 йилдан бошлаб тиббиёт йўналишларида, кейинчалик аграр ва қишлоқ хўжалиши йўналишида ҳам мақсадли қабул асосида давлат гранти бўйича ўқишга қабул қилиш бошланган эди. Илгари қоида бўйича, мақсадли қабулга топшириш учун фақат ўша ҳудуддаги коллеж-лицейда ўқиган бўлиши керак эди. Яъни навоийлик абитуриент Навоий вилоятига ажратилган мақсадли қабул учун даъвогарлик қилмоқчи бўлса, у албатта коллеж ёки лицейни Навоийда тугатган бўлиши шарт эди. Бундай тақиқ бирмунча кулгили чекловларни келтириб чиқарар эди. Масалан, андижонлик абитуриент Фарғона тиббиёт коллежида ўқиган бўлса, унда у на Андижон бўйича, на Фарғона бўйича мақсадли қабулга топшира олар эди. Бундай вазиятда абитуриент шунчаки тиббиёт йўналишида давлат грантида ўқиш ҳуқуқидан автоматик маҳрум бўлиб қолар, фақат контрактга даъвогарлик қила олар эди. Ниҳоят 27.04.2019 йилдаги Вазирлар Маҳкамасининг 360-сонли қарори билан мақсадли қабулга қўйилган ушбу тақиқ бутунлай бекор бўлди. Бу нима дегани? Эндиликда муайян ҳудудда доимий яшайдиган (паспортдаги маълумот бўйича) исталган абитуриентлар, улар қайси ҳудудда таҳсил олганидан қатъи назар, мақсадли қабулга даъвогарлик қила олади. Масалан, андижонлик абитуриент Фарғонада ўқиганми, Тошкентда ўқиганми, Самарқандда ўқиганми, фарқи йўқ, энди у Андижон учун ажратилган мақсадли қабулга топшира олади. Демак, бундай буён давлат грантига кириш учун барчада бирдек имконият пайдо бўлади», дейилади хабарда. Манбаа:http://kun.uz 535
Фарзандингиз сиз олиб берган нарсаларни қадрига етмаса, исроф қилаётган бўлса, албатта бу борада нимадир қилишингиз керак. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “…Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйма! Албатта, исрофчилар шайтонларнинг биродарлари бўлганлар. Шайтон эса Роббига ўта ношукр бўлгандир.“ (Исро сураси, 26-27 оятлар). Болалар кичиклигидан пул ҳақида тушунчалари бўлмаслиги керак, ҳали эрта деб ўйламанг. Уларни иқтисодий муносабатлардан узоқ сақлашга ҳаракат қилманг. Пул ва кундалик ҳаётимиздаги ҳар бир моддий нарсалар – энг биринчи навбатда инсон ақлий ва жисмоний меҳнатининг самараси эканлигини тушунтиринг. Исроф қилмасликни ўргатиш узоқ ва қийин, шунинг учун имкон борича бу тарбияни эрта бошлаганимиз маъқул. Баъзи ота-оналар болалари кўнгли тусаган ҳамма нарсани олиб беради, натижада болалар уни қадрига етмайди. Улар на ўзларининг, на бошқаларнинг нарсаларини эҳтиёт қилишади. Болаларни тежамкорликка ўргатишнинг бир қанча усуллари бор: 1. Болаларга ўз нарсаларига ўзлари ғамхўрлик қилишини вазифа қилиб беринг. Ўйинчоқлари ва китобларини йиғиштириш, нарсаларини тахтлаш, жойлаштириш уларнинг ўз вазифаси бўла қолсин. Ҳар бир боланинг ёшидан келиб чиққан ҳолатда оилада ўз вазифаси бўлиши керак: 2 ёшли боланинг 2 ёшли болага мос, 10 ёш боланинг 10 ёшга мос вазифалари бўлсин. 2. Болалар ниманидир синдириб қўйса, бу воқеа сизни маҳзун қилганини кўрсатинг. У нарсанинг қийматига нималар олиш мумкинлигини мисол қилинг.( Аввалдан огоҳлантирмаган бўлсангиз, бехосдан қилинган хато учун болани жазолашингиз нотўғри) 3. Болаларга ортиқча кўп ўйинчоқ, кийимлар олиб берманг, бу ҳолатда бола учун нарсаларнинг қадри йўқолади. 4. Катта фарзандларингиз, айниқса ўғил болалар, оила бюджетини режалаштиришда иштирок этсин. 5. Нарсалар харид қилишга болаларни биргаликда олиб боринг, қайси маҳсулотни нима учун олиш керак, қайси бирини олиш керак эмас, уларга тушунтиринг. Каттароқ ёшдаги болага бозорлик қилишни топшириш ҳам мумкин (Лекин бошида баъзи бир хатоларга тайёр бўлинг.) 6. Ўзингиз ҳам тежамкорликда намуна бўлинг. Ҳаттоки, сизни мулкингиз бўлмаган нарсаларни ҳам авайлашингизни кўрган бола, албатта сиздан тежамкорликни ўрганади. (Кераксиз жойда лампочкаларни ўчиринг, сувни исроф қилманг, кийимлар ва овқат борасида ҳам тежамкор бўлинг) Аллоҳ берган неъматларни қадрлаб, эҳтиёт қилиб ишлатиш, бу иймонимизнинг яна бир бўлагидир. Бундай тарбия йўлида Аллоҳ бизга мададкор бўлсин. Манбаа:http://muslima ona kundaligi 512
Ўз каломи шарифида : «Албатта, Аллоҳ тавба қилувчиларни севади ва покланувчиларни севади» (Бақара сураси, 222),- дея бандаларини покликка ундаган Зот – Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин. Ҳадиси шарифларида: «Аллоҳ покдир! Покликни севади!»,- дея Роббисининг сўзини тасдиқ қилган зот-ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду саломлар бўлсин. Ислом дини ҳукмларини гўзал тарзда, буюк омонат қилиб етказган зотлар – саҳобаи-киром, тобеъин, улуғ мужтаҳидларга Аллоҳнинг ризолиги, раҳмати ва мағфирати бўлсин. Биз ўрганмоқчи бўлган мавзу – таҳорат диннинг беш арконидан шаҳодатдан кейинги ўринда турувчи, мўминнинг меърожи бўлган намознинг асосий шартларидандир. Бунинг бошқа амалларга масалан айнан намозга шарт қилинишида Ислом динининг нафақат маънан, балки, ҳиссан (моддий) покланишга ҳам қанчалар аҳамият берганини кўрасиз. Чунки, намоз бошқа амаллардан фарқли равишда мўмин кишининг кундалигидан алоҳида ўрин олгандир. Биз бу мавзуни Ҳанафий мазҳабимиз учинчи табақаси – мазҳаб соҳибларидан ривояти келмаган масалаларда ўз ижтиҳодлари ила ҳукм чиқаришга қодир бўлган мужтаҳид-фақиҳлар табақасидан бўлмиш имом Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Салама ибн Салама ал-Аздий ат-Таҳовий (роҳматуллоҳи алайҳ) қаламларига мансуб «Шарҳи маонил-осор» – «Осорлар маʼнолари шарҳи» китоби орқали ўрганамиз. Мавзуни ўрганиш жараёнида ҳадисларнинг бир-бирига қандай мувофиқлаштирилиши, бир ҳадисдан қандай маъно тушунилиши, ҳадисларнинг ҳукмлар билан нақадар боғлиқлиги, асосийси, бу Динни етказиш йўлида уламоларнинг қилган ҳиммату ғайратлари, машаққату заҳматларини озгина бўлсада тушуниб, ҳис қилсак ажаб эмас… Биздан Имом Таҳовий роҳматуллоҳи алайҳгача муттасил равишда етиб келган ривоятга кўра, у зот роҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Сулаймон ибн Бурайра розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилди: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир намоз учун таҳорат қилардилар. (Макка) фатҳ бўлган пайтда эса (беш вақт) намозларни бир таҳорат билан ўқидилар». Сулаймон ибн Бурайда розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилди: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳ бўлган куни беш (вақт) намозни бир таҳорат билан ўқидилар ва икки махсиларига масх тортдилар. Шунда, Умар розияллоҳу анҳу У зот соллалллоҳу алайҳи васалламга: “Ё Росулуллоҳ, аввал ҳеч қилмаган ишингизни қилдингиз?!, – дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Буни атайин қилдим, эй Умар!», – дедилар. Зоҳирийлар ва Шофеийлардан бир жамоаси бу ҳадисларни ҳужжат қилиб: “Муқим бўлган кишиларга ҳар намозга алоҳида таҳорат қилиш вожиб, – дейишди. Тўрт мазҳаб имомлари ва уларнинг асҳоблари, ҳадис аҳлининг кўпчилиги ва бошқалардан иборат жумҳур уламолар шундай дедилар: «Таҳорат таҳоратсизлик (яъни, уни бузувчи нарса) етгандагина вожиб бўлади». Бу масалада ушбу уламолар юрган йўлга мос келувчи ҳадислар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган: Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Росулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорлардан бир аёлнинг уйига саҳобалар билан (меҳмонга) бордилар. Саҳобия – ансория аёл уларнинг ҳузурларига қовуриб қўйилган қўй гўштини келтирди. (Ундан) Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам едилар ва биз ҳам едик. Сўнг пешин вақти кирди. Шу дам Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат олиб намоз ўқидилар. Сўнг, аср вақти кирди, шунда, таҳорат олмай намоз ўқидилар». Абу Жаъфар роҳматуллоҳи алайҳ айтдилар: Бу ҳадисдан кўриниб турибдики, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пешин ва аср намозини пешин вақтида қилган таҳоратлари билан ўқиганлар. Бурайда розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир намоз учун таҳорат олишлари фазлни истаб бўлгани эҳтимол, вожиб бўлганлиги учун мас. Бирор киши: “Бу ишда қандай исталадиган фазл бор?”, – деса, унга шундай жавоб берилади: “Албатта, фазл бор. Бизга Абу Ғутойф ал-Ҳузалийдан ривоят қилинди, у...
«Биз юз йил олий таълимдан ҳам таълимдан (халқ таълими-таҳр.) ҳам Исломни суғуриб олдик. Ислом маънавиятини суғуриб олдик. Ҳалол билан ҳаром, тўғри яшашни суғуриб олдик. Биз Гётени ўргатдик, лекин жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларини келтиришдан чўчидик. Мана кеча, (Олий Мажлис) Юқори палата раиси ва Коррупцияга қарши республика идоралараро комиссия раиси мажлисда ҳадисдан иқтибос келтирдилар. Жиноят кодексининг 210 ва 211- моддалари санкциялари ҳам айни ҳадисдан олинган. Кодексда ҳам пора берган ва олган учун жазо тайинланган. Биз буларни ўрганмадик. Ислом маърифатини фақат имом гапирсин дедик. Дунёвий билим олганлар гапирса, унга бошқача қарадик. (Оқибатда) нима бўлди? Коррупция ҳақида гапирадиган бўлсак, олий таълимда нафақат коррупцияга йўл қўйилди, балки ёш, келажак авлодга коррупция ўргатилди. Адолатсизлик ўргатилди. Олий таълимдаги муаммолар… Мана ҳозир бинолар кўрсатилди. Мен кечирим сўрайман, аждодларимиз ярмигача шўр босиб ётган мадрасаларда Қуръонни 9 ёшгача ёдлаган. Буларни тузатса бўлади. Агар чиройли бинолар билан алломалар чиқадиган бўлса, биласизми, ҳозир қанча Термизийлар, Бухорийлар чиқар эди?! Таълимнинг сифатига адолатсизлик сабаб. Биринчи курс талабаси биринчи семестерда яхши ўқийди, аммо семестер якунида адолатсизликни кўргач, 7 семестер ўқимайди. Нима учун, таниш-билиш, тамагирлик», – дея таъкидлади Термиз Давлат университети ректори, сенатор Абдуқодир Тошқулов. Манбаа: http://kun.uz 546
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «…Ёлғончиликдан сақланинглар. Зеро, ёлғончилик фожирликка (гуноҳкорликка), фожирлик эса дўзахга бошлайди. Банда ёлғон гапириш ва ёлғончиликка интилишда давом этаверади, ниҳоят Аллоҳ ҳузурида ёлғончи деб ёзилади», дедилар” (Бухорий, Муслим, Термизий ривояти). Аввалги мақоламизда болаларнинг ёлғон гапиришига сабаб бўладиган баъзи ҳолатларини кўриб чиққан эдик. Хўш, булар билан қандай курашиш мумкин? Тарбиянинг ва умуман тақвонинг асоси – ҳалол ризқ эканлиги ҳақида эслатиб ўтиш шартмас, фикримизча буни ҳамма билади ва бунга амал қилишга ҳаракат қилади. Шундай бўлса ҳам, фарзандингиз сизни алдаганини сезсангиз асабийлашишга уни изза қилишга шошилманг. Боланинг нега ёлғон гапирганини тушунишга ҳаракат қилинг. Болаларга ёлғон гапириб роҳатланмайди, кўп болалар ёлғони фош бўлишдан хавотирланиб юришади. Сизнинг агрессив ёки ўйланмай қилган муносабатингиз болани жуда ёмон аҳволга солиб ўртангиздаги муносабатга ёмон таъсир қилиши мумкин. Сизни ва бизни мақсадимиз, нафақат ёлғонни йўқ қилиш, балки болаларимиз ҳаётидаги ўзгаришлардан хабар топиб, уларни ҳал қилишида ёрдамчи бўлишдир. Агар фарзандингиз ҳеч қандай мақсадсиз, шунчаки ёлғон гапираётган бўлса, ўзингиз ва бошқа оила аъзоларингизни кузатинг, фарзандингиз кимгадир тақлид қилаётган бўлиши мумкин.(бу 4-5 ёшдан катта болалар учун, 4 ёшдан кичик болалар шунчаки, нутқи, фантазияси ривожланаётган даврда хаёлий дўстлар воқеалар тўқиши мумкин) Биз учун аҳамиятсиз туюлган майда ёлғонларимиз ҳам номаи амалимизга ёзилади, кимларнидир ишончини синдиради, кутаётган одамни эса вақтини зое қилади. Фарзандларимиз орқали бизларни тарбиялайдиган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Олдинги мақолада айтиб ўтган иккинчи сабаб – қўрқинч эди, фарзандингиз жазодан қўрқиб ёлғон гапирса, билингки сиз ҳаддан зиёд қаттиқ қўлсиз ёки жазолар адолатсиз берилган. Шуни унутмангки, болаларни аввалдан огоҳлантирилган ишлар учунгина жазолаган маъқул.Тасаввур қилинг сиз ишга кеч қолдингиз, агар сизни аввалдан бу учун жарима борлигини огоҳлантирилмаган ҳолда ойлигингиздан жарима ушлаб қолишса, айбингиз борлигини билсангиз ҳам буни адолатсизлик деб қабул қиласиз. Болаларда ҳам худди шундай туйғу бўлади. Сизни хурсанд қилиш учун ёки аксинча ҳафсалангизни пир қилмаслик учун ёлғон гапирган фарзандингиздан сиз жуда кўп нарсалар кутган кўринасиз. Ҳар бир боланинг ўзига яраша қобилияти борлигини ва бу қобилият доим ҳам сиз кутган, орзу қилган нарсалар билан мос келмаслигини тушуниб етинг. Биз болаларни бизни орзуйимизда эмас, ўз ҳаётида яшашига қўйиб берайлик, ўзига ёққан ва уддасидан чиққан машғулотлари билан шуғуллансин. Болаларни мақтанишга, ўзини кўрсатишга ҳаракат қилиши табиий ҳолат, шу мақсадда ёлғон тўқиган фарзандингиз билан мусулмон кишининг қадриятлари ҳақида гаплашиб, ўзингиз ҳам атрофдагилар билан муомалада уларга намуна бўлганингиз маъқул. Бизга энг қўл келган ва бола ақидасига ҳам тасир қиладиган тарбия усулларидан бири – Аллоҳ уни ҳар жойда ва ҳар вақт кўриб туришини, фаришталар ҳар бир амалларни ёзиб боришини эслатиб туришдир. Психологларнинг фикрига кўра, ота-онаси уни яхши кўришига қаттиқ ишонган болаларнинг ёлғон гапириши эҳтимоли анча камроқ экан. Албатта, ёлғонни эътиборсиз қолдиришингиз, уни яна такрорланишига сабаб бўлади, баъзида эса ёлғонни сезганингизни болага кўрсатишингизни ўзи етарлича тарбия бўлади. Шуни унутмангки, фарзандларимиз жисмонан, руҳан, ақлан ривожланиб боряпти, бу даврда улар бизнинг маслаҳатимиз ва қўллаб-қувватлашимизга муҳтож. Буни фақат уларни ишончида бўлган ҳолимизда амалга ошириш мумкин. Сизнинг фарзандингиз ҳам ёлғон гапирганми? Бунга қандай чора кўргансиз? Манбаа: http://muslima ona kundaligi 732