Ҳурматли юртдошлар! Муҳтарам отахон ва онахонлар! Қадрли ёшлар! Мамлакатимизда инсон манфаатлари ва турмуш фаровонлигини таъминлаш, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш, ёш оилаларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш йўлида катта ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада халқимизнинг эзгу қадриятларини ўзида мужассам этган, одамларимизни бирлаштириш, улар ўртасида ўзаро аҳиллик ва меҳр-мурувват туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган тўй ва маросимлар муҳим ўрин тутади. Шу маънода, бундай тадбирлар эл-юртимизнинг маданияти, маънавий савияси даражасини яққол кўрсатувчи омиллардан бири, десак янглишмаймиз. Афсуски, кейинги пайтларда тўйлар, оилавий тантаналар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказишда шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилиш, атрофда яшаётган одамларнинг ҳол-аҳволини инобатга олмаслик, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби салбий иллатлар кўзга ташланмоқда. Ушбу долзарб масала неча ўн йиллардан бери халқимизнинг ўткир муаммоларидан бири бўлиб келмоқда. ХХ аср бошида жадид боболаримиз тўй-маъракаларимиздаги исрофгарчилик ва дабдабабозликнинг миллатимизни маънавий таназзул ва қашшоқликка етаклайдиган иллат экани ҳақида куюниб ёзганларини эслайлик. Улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий миллатимиз тараққиётига тўғаноқ бўладиган икки нарса бор: бу – тўй ва азадир, деб айни ҳақиқатни ёзган эди. Афсуски, йиллар ўтса-да, замон ўзгариб бораётган бўлса-да, миллий тараққиётимизга катта тўсиқ ва ғов бўлиб келаётган бу иллатга барҳам бериш, тўй-маъракаларни ихчам, замонавий кўринишда ўтказиш ўрнига, тўйдан олдин ва кейин бўладиган керакли-кераксиз тадбирларни ўйлаб топиш, дабдабабозлик қилиб, ҳаддан зиёд исрофгарчиликка йўл қўйиш ҳолатлари тобора кучайиб бормоқда. Пул топиб, ақл топмаган, маънавий савияси паст айрим кимсалар, айниқса, оёғи ердан узилган баъзи мансабдорлар бу борада ахлоқ-одоб мезонларини унутиб, ўзларининг жамиятдаги мавқеини, бойлигини кўрсатиб қўйиш каби худбин мақсадларни кўзламоқда. Энг ёмони, бундай ҳолатлар ёшларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатмоқда. Уларда ҳалол меҳнатга нисбатан беписанд муносабат ва енгил-елпи ҳаёт кечириш, манманликка интилишнинг кучайишига сабаб бўлмоқда. Тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча сарф-харажатлар минглаб оилаларнинг моддий аҳволи ёмонлашувига, уларнинг қарз ва ғам-ташвиш ботқоғига ботишига, энг хавфлиси, жамиятимизда қарор топган маънавий муҳитни бузишга олиб келмоқда. Бундай нохуш ҳолатлар жамоатчиликнинг ҳақли эътирозини уйғотмоқда, оммавий ахборот воситаларида, маҳалла-кўй, аҳоли ўртасида кенг муҳокама қилинмоқда. Лекин кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, афсуски, бу борада жиддий ўзгаришлар кўзга ташланмаяпти. Муҳтарам отахон ва онахонлар! Қадрли ватандошлар! Тўй ва маросимлар шахсий иш эмас, мамлакат ва миллат тақдирига дахлдор ижтимоий аҳамиятга эга масаладир. Халқимизнинг миллий табиатига мутлақо ярашмайдиган, оилаларнинг моддий аҳволини оғирлаштирадиган, уларнинг турмушини издан чиқарадиган бундай бемаъни ҳолатларга барҳам беришни бугун ҳаётнинг ўзи талаб қилмоқда. Шу муносабат билан биз юртимиз аҳолисига, кенг жамоатчилик, ҳурматли зиёлиларимиз, азиз фарзандларимиз, мутасадди раҳбарларимизга мурожаат қиламиз: ҳар биримиз ўз ҳудудимизда тўй ва маъракалар, оилавий маросим ва бошқа тадбирларнинг ўтказилиши юзасидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда фаол иштирок этайлик. Бу борада тарғибот ва тушунтириш ишлари самарадорлиги ва таъсирчанлигини янада кучайтирайлик. Қуръони каримда: “Енглар, ичинглар, лекин исрофгарчиликка йўл қўйманглар. Зеро, Аллоҳ таоло исроф қилгувчиларни севмагай”, деб буюрилган. Бир кунлик тўй деб бутун умр йиққан-терган маблағини совуриш, бандасига ато этилган ноз-неъматни исроф қилиш катта гуноҳ эканини эсдан чиқармайлик. Сохта обрў орттиришга қаратилган бундай ишлар ўрнига бева-бечораларга, ночор инсонлар, муҳтож оилаларга ёрдам берайлик. Хайрли ва савобли ишга қўл урган, етим-есирнинг бошини силаган одам бир умр савоб олишини, халқ ичида доим ҳурмат ва эъзозда бўлишини маҳалладошларимизга, аёлларимиз ва болаларимизга тушунтирайлик. Ҳар бир маҳаллада кўпни кўрган, кайвони отахон ва онахонлар бош бўлиб, тўйларни ихчам, камчиқим, замонавий...
Бугунги кунда зангори экранларда намойиш этилаётган, келажакни нишонга олган, ёт ғояларга «тўйинтирилган» медиамаҳсулотлар аста-секин ўз таъсирини кўрсата бошлади. Болалар тилида жажжиларга умуман хос бўлмаган ноодатий ва нотабиий сўзлар пайдо бўла бошлади. Ажабтовур хатти-ҳаракатлари ҳеч кимни ҳайратлантирмай қўйди. Ўзини қайсидир мультфильм қаҳрамонига ўхшатган болакайлар ҳақида ҳатто ота-оналарнинг ўзи фахр билан гапиради. Одат тусига кираётган «Менинг қизим Маша», «Ўғлим Кунг-фу Пандага ўхшайди» каби гапларни сиз ҳам эшитгандирсиз. Аслини олганда, мультфильм томоша қилишнинг ҳеч қандай салбий томони йўқ. Лекин аксариятида ғоявий таъсир воситалари, боланинг руҳиятини шикастловчи, тўсатдан пайдо бўлувчи тасвир ва графикалар, овоз эффектларидан фойдаланиш ҳолатлари, тарбияни бузишга хизмат қилувчи иккинчи даражали элементлар кўзга ташланадики, буларнинг нақадар даҳшатли оқибатларга олиб келиши мумкинлиги олимлар томонидан аллақачон исботланган. Кўпчилигимиз қандайдир сариқ мавжудотлар ҳақидаги «Минионлар» деган мультфильмни кўрганмиз. Унда ножинслилик тарғиботи (ҳозир аксарият ғарб кинематографияси маҳсулотларида бу одатий ҳолатга айлангани сир эмас), носоғлом одатларга ундаш ҳолатлари бор. Масалан, бир минион аёллар кийимини кияди, бошига парик тақиб олади. Шунингдек, улардан бирортаси фалокат туфайли ўлса, бунга бошқалари ё кулгили, ё умуман аҳамиятсиз воқеадек қарайди. Мультфильм форматининг сифатлилиги, сюжети қизиқлиги билан томошабинни ўзига тортади. Натижада эса турли ғояларни сингдирган, бизга арзимасдек кўринган нуқсонлар онг остида таъсир кўрсатишда давом этади. «Маша ва маймоқ» мультфильмининг мазмунига кўра, асосий қаҳрамон Маша истаганча одобсизлик ва бузғунчилик қилувчи, шунга қарамай сира жазоланмайдиган образ. Ниҳоятда қайсар, фақат ўзини ўйлайдиган худбин қизалоқнинг қилган ишлари доим айиққа муаммо туғдиради. Ўрмондаги бошқа ҳайвонлар Машанинг овозини эшитиши билан ўзини панага олади. Чунки қизалоқ, албатта бир кўнгилсизликни «ташкиллаштиради». Афсуски, ундан ўрнак олаётган ва уни энг севимли мультқаҳрамони деб биладиган жажжи қизчалар ҳозир минглаб топилади. Болалигимизда телевизорда «Покахонтас» деган мультфильм намойиш этиларди. Унда бир ҳинду қизнинг инсоний фазилатлари, ҳаммага ёрдам бериши, қабилаларни бирлашишга ундагани ҳақида ҳикоя қилинар, деярли ҳамма қисмида у бармоқларини бир-бирига кийиштирганча «Буюк руҳ»дан ёрдам сўрарди. Бу қайсидир диннинг одатларига жуда ўхшашини улғайгач, билиб олдим. Албатта, гап бу ҳақида эмас. Аудиовизуал ахборотлар, айниқса, интернет ва телевидение орқали етказилган маълумотлар одамнинг диққатини тортади. Технологиялар ривожланиб бораётган даврда кино, мультфильм, умуман, компьютер графикаси орқали яратиладиган медиа- маҳсулотларни ишлаб чиқариш бир замонлардагидек мураккаб эмас. Маълум бир ғояни тарғиб этувчи, кимларнингдир манфаатига хизмат қилувчи медиа «восита»ни тарқатиш эса ундан ҳам осон. Бу жараённи мутлақ чеклашнинг иложи йўқ. Фақатгина келаётган ахборот оқимини фильтрлаш, миллий медиамаҳсулотни ишлаб чиқариш орқали бироз ҳимояланиш мумкин. Тўғри, мультипликация соҳасида ўзгаришлар қилинмоқда. Масалан, 2017 йил 28 декабрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбеккино» Миллий агентлиги фаолиятини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига биноан агентлик ҳузурида «Мультипликацион фильмлар студияси» Давлат унитар корхонасини ташкил этиш кўзда тутилган. Ҳозирга қадар мамлакатимизда бир қанча сифатли мультфильмлар тайёрланган. Аммо, тан олиш керак, ишлаб чиқариш ва намойиш этиш борасидаги ишлар ҳали етарли даражада эмас. Мавжуд мультфильмларнинг аксарияти мазмун жиҳатдан қизиқ бўлса ҳам, аксарияти сифат жиҳатидан, яъни графикасининг соддалиги, мураккаб эффектлардан фойдаланилмаслиги сабаб болаларни жуда тез зериктириб қўяди. Соҳа мутахассисларига ақл ўргатиш ниятим йўғ-у, лекин бугунги шароитда сусткашликка йўл қўймасдан, томошабин учун янада қизиқроқ, мазмун ва сифат жиҳатидан чет эл медиамаҳсулотларидан қолишмайдиган мультфильмлар ишлаб чиқарилса, аудиторияни жалб этиш, ўсиб келаётган авлодни зарарли ғоялардан бироз бўлса-да, ҳимоялаш имконияти пайдо бўлади. Ана шунда ҳеч қандай фильтрга ҳам, боланинг ёнида...
Етук аллома, фақиҳ имом Дабусийнинг тўлиқ исми Убайдуллоҳ ибн Умар ибн Исо ад-Дабусий бўлиб, Абу Зайд унинг кунясидир. Аллома 978 йили (ҳижрий 360) йили Самарқанд ва Бухоро ўртасидаги Дабусия шаҳрида туғилган. Дабусия шаҳри ҳозирги Самарқанд вилоятига қарашли Пахтачи тумани ҳудудларига тўғри келади. Бу зотнинг яшаган даври Аббосийлар ҳукмронлиги даврига тўғри келади. Манбаларда аллома Дабусий туғилган шаҳар «Дабуса», «Дабус» деб ҳам номланган. Бу зот Самарқанд ва Бухорода таҳсил олди. Фиқҳни Абу Бакр Жаъфар ал-Устуршонийдан таҳсил олган. Унинг ота-онаси, оиласи ва ёшлиги ҳақида таърих китобларида маълумотлар кам учрайди. Унинг «отам бу ҳадисни Бағдодлик шайхлардан ривоят қилган» деган гапидан келиб чиқиб, отаси Умар ибн Исо диний илмлардан хабардор бўлганини хулоса қилиш мумкин. Абу Зайд ад-Дабусий яшаган даврда Мовароуннаҳрда илм-фан ривожланган бўлиб, ҳанафий ва шофеий мазҳаблари ўртасида илмий баҳс-мунозаралар, тортишувлар кучайган эди. У зот усулул фиқҳ олими ва ҳанафий олимларнинг катта фақиҳларидан бўлган, араб тилида шеърлар ҳам ёзган. Имом Дабусий Қорахонийлар даврида расмий қози вазифасида ишлагани сабабли у фиқҳий асарларда «Қози Зайд» деб номланган. Ҳаттоки ҳужжатларни келтиришда қарашлари ўта кучли бўлгани учун унинг номи зарбулмасал қилинган. Ибн Холликон айтганидек бу зот хилоф илмида кўзга кўринган кишилардан бўлган. Бу алломани кўплаб ёзган китоблари бўлиб, улардан машҳурлари қуйидагилар: ал-Анвор Тақвиймул адилла (усулул фиқҳга оид). Таъсийсун назар (хилоф илмига оид). ал-Асрор (усул ва фуруъ масалаларига оид) ал-Амрул ақсо (ҳикматлар ва насиҳатларга оид) Шарҳу жомиул-кабийр (фуруъ масалаларига оид) Алломанинг айниқса «Тақвиймул адилла» асари усулул фиқҳ фанининг ривожланишида улкан ҳисса қўшган манбалардан ҳисобланади. Бу зот 1039 йили (ҳижрий 430 йили) Бухорода вафот этган. Имом Абу Бакр ибн Тархон яқинига дафн қилинганлар. Аллоҳ таоло у кишининг бизга қолдириб кетган меъросларидан манфаат олишимизга муваффақ қилсин. 4-курс талабаси Улуғбек Ҳасанов 618
ЎМИнинг muslim.uz сайтида “Соғлом эътиқод сабоқлари” деб номланган янги рукн ташкил этилди. Тўғри эътиқодли бўлиш ва хато эътиқодий қарашлардан сақланиш ҳар бир мусулмон учун жуда муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун сайтда мазкур рукн остида зарурий эътиқодий масалаларни содда, тушунарли ва лўнда шаклда баён қилиб борилади. Рукнга “Диний фанлар” кафедраси “Ақоид” фани ўқитувчиси А.Пардаев муҳаррирлик қилмоқда. “Соғлом эътиқод сабоқлари”да А.Пардаевнинг “Имон калималари” номли мақоласи рукннинг илк мақоласи сифатида эълон қилинди. Аллоҳ таоло бошлаган ушбу ишни хайрли ва манфаатли бўлишини таъминлаган бўлсин. 742