Абул Ос Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига нубувват юборилишидан олдин келди ва: “Катта қизингиз Зайнабга уйланмоқчиман“, деди. (Одоб) Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У изн берсагина никоҳинга бераман“, дедилар. (Шариат) Ва Зайнаб розияллоҳу анҳонинг олдиларига кириб: “Холангни ўғли ёнимга келиб, исмингни айтди… Сен унга жуфт бўлишга розимисан?“, дедилар. Зайнаб юзларини тўсиб табассум қилди. Зайнаб розияллоҳу анҳо Абул Осга кучли муҳаббат қиссасини бошлашлик учун турмушга чиқди. Ва у кишидан Али ва Умома исмли фарзанд кўрди. Сўнг нубувват юборилгандан кейин катта мушкуллик юзага келди. (Ақийда). Абул Ос сафарда эди, қайтиб келса аёли Исломни қабул қилибди. Зайнаб розияллоҳу анҳо унга: “Менда сизга буюк хабар бор“, деди. Эри бироз туриб, сўнг Зайнабни ёнидан кетди.(Эҳтиром) Зайнаб розияллоҳу анҳо бундан даҳшатга тушди ва эрига: “Отам Набий бўлиб юборилдилар. Мен эса Исломга кирдим“, деганча уни ортидан борди. Эри: “Мени аввал огоҳлантирдингми?“, деди. Зайнаб розияллоҳу анҳо: “Мен отамни ёлғончига чиқара олмасдим. Ва отам ҳам ҳеч қачон ёлғончи бўлмаганлар. Улар Содиқ ва Амин бўлган зотлар. Исломга кирган ёлғиз мен эмас, онам ва сингилларим ҳам Исломга кирган. Амакимнинг ўғли Али ибн Абу Толиб, амакингиз ўғли Усмон ибн Аффон, дўстингиз Абу Бакр Сиддиқлар ҳам Исломга кирган“, деди. Эри: “Лекин мен одамлар АбулОс қавмидан бош тортди, ота-бобосининг динига куфр келдириб хотинини рози қилишга кетди дейишларини хоҳламайман. Ва отанг ҳам муттаҳам инсон эмас“. Сен узр сўраб, Исломга кириш учун бироз ўйлаб кўрмайсанми? (Аниқ сўзлашув) Зайнаб розияллоҳу анҳо: “Мен узр сўрамасам ким мени узримни қабул қиларди? Лекин мен сизнинг аёлингизман, кучим етканча ҳаққа бошловчингизман“. Зайнаб розияллоҳу анҳо ушбу гапига 20 йил вафо қилиб яшади. Абул Ос ўзини куфрида давом этди. Сўнг Зайнаб онамиз ҳижрат қилиб кетди. Отаси Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига бориб: “Эй Аллоҳнинг Росули, менга эрим билан қолишга изн берасизми?“, деди. (Муҳаббат) Оталари соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунга изн бердилар. (Раҳмат) Улар Бадр ғазотигача Маккада яшадилар. Сўнг Абул Ос Қурайш қўшини сафида урушга чиқишга қарор қилди. Аёли эса отасига қарши урушиши керак эди. Зайнаб онамиз йиғлаганча: “Аллоҳим мен қуёш чиқиб ўша кунда болаларим етим қолишидан ёки ўзим отамни йўқотишдан қўрқаман“, деди. (Ҳайрат ва умид) Абул Ос ибн Робия бориб, Бадр ғазотида иштирок этди. Уруш тугади Абул Ос эса асирга олинди. Буни хабари Маккага етиб келди. Зайнаб онамиз: “Отамга нима қилди“, деди. Унга: “Мусулмонлар ғалаба қозондилар“, дейишди. Аллоҳга шукр айтиб саждага йиқилди. Сўнг: “Эримга нима қилди“, деди. Уни қайнотаси асирга олдилар. Зайнаб онамиз: “Мени эримни озод қилишга бораман“, деди. (Ақл ва эҳтиёткорлик) Лекин Зайнаб онамизда эрини озод қилиш учун берадиган ҳеч нарса йўқ эди. Бўйнидаги онасини туморини ечди ва Абу Ос ибн Робиянинг укасига бериб уни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга юборди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам фидяларни олиб, асирларни қўйиб юбориб ўтирган эдилар. Туморни кўриб: “Бу кимнинг фидяси?“, дедилар. “Бу Абул Ос ибн Робиянинг фидяси“, дейишди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам йиғладилар. Сўнг: “Бу Хадичанинг тумори“, дедилар. (Вафо) Сўнг ўринларидан туриб: “ Эй инсонлар, бу кишини асир олгандик, уни озод қиламизми? (Адолат). Агар унга туморни қайтариб берилса, (рози бўласизми)қабул қиласизларми? (Раҳбарнинг тавозеъси) Улар: “Ҳа, эй Аллоҳнинг Росули“, дедилар. ( Қўшиннинг одоби) Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам туморни қайтариб бердилар ва:...
Бугун юртимизда эътиқод эркинлиги, ҳақиқий миллий қадриятлар, улардаги динийлик ва дунёвийлик нисбати қандай бўлиши лозимлиги тўғрисида турли-туман фикрлар билдирилмоқда. Ўзбекистонни ислом республикасига айлантириш, турмуш тарзини, ижтимоий муносабатларини шариат талабларига мослаштириш тарафдорлари ҳам йўқ эмас. Ўз турмушини онгли ташкил этиш, турли режалар тузиш, орзу-ҳавасларига кўнгли ва тафаккурига мос яшашга, комилликка интилиш инсоннинг хос белгиси. Унинг нафақат моддий-иқтисодий, шунингдек, маънавий эҳтиёжлари ҳам бор. Инсон маънавиятининг ўзагини эса эътиқод ташкил қилади. Маънавият эътиқод теварагида шаклланади. Маънавиятнинг мазмунини энг муҳим хусусиятларини эътиқод белгилайди. Инсоннинг барча туйғулари, кечинмалари ёки барча амал қиладиган ғоялари, меъёрлари, қарашлари маънавият бўлиб қолавермайди. Туйғулар орасида нафс ва ҳирс, жаҳл ва қизиққонлик туфайли юзага келганлари, тушунчалар, ғоялар, баҳолар, фикр, мулоҳазалар, хулосалар орасида илмсизлик, адашиш, хато, нотўғри ахборот сабабли вужудга келганлари бўлиши мумкин. Хом сут эмган бандаси адашишлардан, хатолардан кафолатланмаган. Ботил туйғулар ва фикрлар эса маънавият ҳисобланмайди. Жаҳолат, золимлик, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилмаслик, нафс ва ҳирс қутқусига берилиш, зўравонлик орқали ҳаммани бир хил ўйлашга, бир хил яшашга мажбурлаш маънавиятсизликдир. Ҳар қандай адолатпеша жамият, у дунёвий бўладими ёки диний, қатъий назар, ўз аъзоларини ҳалол, тўғрисўз, одоб-ахлоқли, имон-эътиқодли этиб тарбиялашни хоҳлайди. Бунга қанчалик эриша олади — бу бошқа гап! Эътиқод эркинлиги икки хил намоён бўлади. Биринчиси инсоннинг ички эркинлиги, тафаккур ва ижод эркинлиги, яъни позитив (ижобий) саъй-ҳаракат ва фаолият эркинлиги сифатида юзага чиқади. Иккинчиси ташқи эркинлик, яъни эътиқод эркинлигини амалга ошириш учун тегишли ҳуқуқий асослар, қонунларнинг давлат томонидан қабул қилиниши ва кафолатланиши, жамиятда қарор топган хайрихоҳлик муҳити каби эркинликлар. Эътиқод эркинлиги учун зарур шарт-шароит яратиш, уни ҳимоя қилиш адолатли жамиятнинг талабларидан биридир. Зеро, у инсон имкониятлари ва эркинлигини юзага чиқаришнинг ахлоқий, ҳуқуқий, ижтимоий ва интеллектуал негизини ташкил қилади. Шу сабабли демократик дунёвий давлатларда эътиқод (виждон) эркинлиги, сўз эркинлиги ва фикрлар хилма-хиллиги конституция ва тегишли қонунлар орқали мустаҳкамлаб қўйилади. Фақат дунёвий давлатгина эътиқод эркинлигини тўла таъминлашга қодир. Чунки у, аввало, сиёсий партияларда ва диний жамоалар ички ишига аралашмайди, шунингдек, бирор партия ёки дин манфаатларини кўзлаб, бошқа сиёсий ва диний жамоалар фаолиятини бевосита ёки билвосита чекламайди. Собиқ СССР давлатида коммунистик принципларга мос келмайдиган мафкуралар тақиқланган ёки чекланган эди. Яккаҳоким мафкура мавжуд бўлган давлат ҳеч қачон эътиқод эркинлигини таъминлай олмайди. Мафкуранинг яккаҳокимлиги, одатда тоталитаризмга, жамият аъзолари фикр-ўйлари, сўзларию ҳаракатлари устидан ёппасига назорат ўрнатишга интилади. Диний принципларга қурилган давлат ҳам эътиқод эркинлигини тўла таъминлай олмайди, ҳаттоки, бутун аҳолиси бир мазҳабга оид бўлганда ҳам. Чунки унда ҳукмрон диний мафкура ўрнатилади. Диний аҳкомларни, меъёрларни ҳамма бир хил тушуниши, чалғимаслиги, адашиб кетмаслиги талаб этилади. Бу эса диний догматизм кучайишига, бир дин доирасида ҳам ўзгача фикрларга тоқатсизлик вужудга келишига сабаб бўлади. Диний аҳкомлар жамиятнинг объектив талабларига мос ривожланмай, унинг тараққиёти йўлида тўсиқ ҳосил қилади. XII аср охирида «ижтиҳод эшикларининг ёпилиши», кейинчалик эътиқодий оқимлар (шиавийлар ва суннийлар) ўртасидаги келишмовчиликлар ислом доирасида эътиқод эркинлигига катта зиён етказди. Бу аста-секин ислом мамлакатларининг тараққиётига ҳам салбий таъсир кўрсатди. Хўш, эътиқоднинг ўзи нима? Эътиқод, луғавий мазмунига кўра, қатъий ишонч демак. Бироқ эътиқоднинг луғавий эмас, атамавий (истилоҳий) мазмунини олсак, у жуда мураккаб тузилмага эга, кўпмазмунли тушунча эканига амин бўламиз. Эътиқод фақат диний мазмунга эмас, дунёвий, яъни нодиний мазмунга ҳам эга. Диний мазмунда у асосан имонни, имон талабларига, дин фарзлари...
Сўнгги йилларда Ислом динидаги энг ҳассос бўлган “жиҳод”, “ҳижрат”, “шаҳид” каби тушунчаларни адашган оқимлар бузиб талқин қилиш орқали динни яхши тушунмайдиган кишиларни ўз тарафларига оғдирмоқдалар. Ислом динини ниқоб қилиб олган бундай тоифалар ўта нозиклик ва дақиқлик билан ёндашиш талаб этиладиган тушунчаларни ғаразли талқин этишда ҳеч нарсадан тап тортмаяптилар. Бундай талқин одамлар онгида Ислом дини гўё жангу жадал, қон тўкиш, бошқа диндагиларга қарши муросасиз кураш олиб боришга асосланган, деган мазмундаги ботил тасаввурларнинг шаклланишига сабаб бўлмоқда. Ҳозирда адашган тоифалар одамларни “жиҳод” қилишга ёки ўз юртидан сабабсиз “ҳижрат” қилиб чиқиб кетишга чақириб, Ислом дини ниқоби остида манфур ниятларини амалга ошириш пайида бўлмоқда. Уларнинг мақсади дин йўлида хизмат қилиш эмас, балки дунёвий манфаат, мол-дунёга эришишдир. Ҳали тафаккури шаклланмаган, илми ва тажрибаси етарли бўлмаган ёшлар бундай алдовларга учиб, оқибати қандай аянчли якунланаётганини гувоҳи бўлинмоқда. Шунинг учун мазкур диний тушунчалар аслида қандай изоҳланишини холис баён қилиш мақсадида, Ўзбекистон телевиденияси орқали “Ислом: моҳият ва талқин” номли туркум кўрсатувлар ташкил этилди. Ушбу кўрсатувларда соҳа мутахассислари томонидан “жиҳод”, “ҳижрат”, “шаҳид” каби тушунчаларни Ислом дини манбалари ва эътиборли уламолар далиллари асосида батафсил ёритиб берилди. Бироқ бир-икки ижтимоий тармоқ юритувчи блогерлар ушбу кўрсатувларни ғаразли талқин этиб, “мана расмий имомлар ҳам жиҳод ва ҳижрат қилишга чақирмоқда”, деган фикрларни тарқатишга уринмоқдалар. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, қадим-қадимдан уламоларимиз агар юртга ёв бостириб келадиган бўлса, шу юртда яшаётган халқ динни, юртни, оилани асраш, ҳимоя қилиш учун уларга қарши курашиши, ўз динини, она Ватанини, ўз оиласини ҳимоя қилиши лозимлигини баралла айтиб келишган. Бу нарса ҳозир ҳам амалда. Уламолармиз, барча зиёлиларимиз агар юртимизга душман қурол билан тажовуз қиладиган бўлса, дин, ватан ва оила ҳимояси учун ҳамма оёққа туриши лозимлигини доим таъкидлайдилар. Имом домлалар ҳам масжид минбарларидан туриб динни, ватанни, оилани асраш ҳар бир инсоннинг бурчи эканини айтиб, одамларни яхшиликка чорлаб, ёмонликдан қайтариб келадилар. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган: “Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Амри маъруф қиласиз, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз. Агар аҳли китоблар иймон келтирганларида, ўзларига яхши бўлар эди. Улардан мўминлари бор. Кўплари фосиқдирлар” (Оли Имрон сураси, 110-оят). Ислом уммати ўзи ҳақида билиб қўйиши зарур бўлган ҳақиқатлардан бири – бу умматнинг одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат эканидир. Бу ҳақиқатни ҳозир ўзини бу умматга нисбат бераётганлар яхши тушуниб олмоқлари лозим. Аждодларимиз худди шу ҳақиқатни яхши тушунганлари учун ҳам бутун дунёга устоз бўлганлар. Дунё халқларининг пешқадами бўлиб, уларни ортларидан эргаштирганлар. Ҳеч қачон бошқаларга тобеъ бўлмаганлар. Ўзгаларнинг ортидан кўр-кўрона эргашмаганлар. Улар ҳузурида ўзларини хору зор тутмаганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифлардан бирида: “(Ё) яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарасизлар, ё Аллоҳ сизларга балосини юборади-да, дуолар қилсангиз ҳам, мустажоб бўлмайди” деганлар (Имом Термизий ривоятлари). Ҳукуматимизнинг олиб бораётган ислоҳотларида ҳам 14 асрдан бери амал қилиб келинаётган Ислом динини пок ҳолда сақлаш, уни халқимизга соф ҳолида етказиш, жонажон диёримизни ҳимоя қилиш, ота-она, фарзандлар ва аҳли аёлимизни асраш бўйича зарур чора-тадбирлар кўриб борилади. Ўз навбатида айтиш мумкинки, ҳар бир замонда Ислом шиорлари инкор этилмайди, балки ғаразли талқин этилишига ҳеч қачон йўл қўйилмайди. Биз барчамиз динимизни халқимизга Аҳли Сунна вал Жамоа, хусусан ҳанафий мазҳаби эътиқодига мувофиқ етказишга масъулмиз. Ислом динини пок сақлаш, уни ғаразли хуружлардан, туҳматлардан...