Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳнинг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий” китоби Қуръон каримдан кейинги энг саҳиҳ манба ҳисобланади. Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ ушбу китобни 16 йил мобайнида ёзганлар. “Саҳиҳул Бухорий”ни ёзиш жараёнида тақво масаласига алоҳида эътибор берганлар. Хатиб Боғдодий бу борада Бухорийнинг тилидан қуйидагиларни ривоят қилганлар: “Аввал ғусл қилиб, 2 ракат намоз ўқимай туриб, “Саҳиҳ” китобимга бирорта ҳадис киритмаганман”. Саҳиҳул Бухорийдаги ҳадислар сони охирги маълумотга кўра 7563 тадан иборат. Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ асарларининг ички тузилмасида ўзига хос услубни танлаганлар. Уни китобларга ажратганлар. Масалан, “Таҳорат китоби”, “Намоз китоби” ва бу китобга тегишли боблар ва ҳадисларни келтирганлар. Тафсирга оид қисмини “Қуъон тафсири китоби” деб номлаганлар. “Қуръон тафсири китоби”даги ҳадислар сони “Саҳиҳул Бухорий”нинг 7 % ини ташкил қилади. Тафсир китобида жами 353 боб ва 504 та ҳадис келтирилган. Такрор ҳадислар 18 та, мазмуни бир хил ҳадислар 4 тани ташкил қилади. Ҳадис ривоят қилган ровийлар 99 та бўлиб, энг кўп ҳадисни Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилганлар. Бундан кейинги китобни “Қуръон фазилатлари китоби” деб номлаганлар. Бунда асосан суранинг фазилати борасидаги ҳадисларни йиғиб чиққанлар. Асар Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳнинг юксак билим ва ўткир заковат соҳиби эканидан дарак беради. Манбалар асосида Тошкент ислом институти битирувчиси Султонова Диловар тайёрлади 846
Рўзада риё бўлмайди, деган гап илм аҳли орасида машҳур. Бу фикр асосан Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ўз «саҳиҳ»ларида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилиб келтирганлари қуйидаги ҳадиси шарифнинг шарҳи борасида уламолар томонидан айтилган фикрлардан келиб чиққан. Мазкур қудсий ҳадисда «Одам боласининг барча амали ўзи учундир, магар рўза бундан мустасно. У мен учундир, унинг мукофотини ҳам Ўзим бераман», дейилади. Уламолар нима учун рўзага нисбатан бундай имтиёз берилди, деган саволга жавобан айтган сўзларида рўзада риё воқеъ бўлмаслигини сабаб қилиб келтирадилар. Бу фикрни Зуҳрийдан мурсал тарзда ривоят қилинган “рўзада риё йўқ” деган мазмундаги ҳадис ҳам қувватлайди. Мазкур ривоятнинг санади борасида гарчи турли сўзлар айтилган бўлса-да, аммо маънан юқорида келтирилган саҳиҳ ҳадиснинг мазмунига тўғри келади ва уни шарҳлайди. Зеро, кўп амаллар бажарилаётган вақтда одамлар учун ошкор бўлиб туради. Кишининг рўзадорлиги эса ташқаридан қараганда билинмайди. Шу жиҳатдан рўза намоз, ҳаж каби бошқа амаллардан фарқли ўлароқ риё хавфидан бир мунча узоқ бўлган амал ҳисобланади. Аммо, “рўзада риё бўлмайди” деган сўзни мутлақ тарзда тушуниш ниҳоятда хато фикрдир. Зеро, рўзада риё содир бўлмаслиги фақатгина унинг амалга ошиш шакли ва жараёнига тегишли холос. Аслида эса, бу ибодатга ҳам риё хавф солиши мумкин. Маълумки, ибодатлар муайян ҳатти-ҳаракатлар билан амалга оширилади. Уни атрофдагилар кўришади. Намоз ўқиётган киши атрофида одамлар бўлса, ўз намозини ниҳоятда гўзаллаштириб, ёлғиз ўқигандаги ҳолатидан ўзгача ўқиши мумкин. Бунда гарчи амалнинг асли холис ният билан бошланган бўлса ҳам, бироқ унинг васфида риё пайдо бўлиш эҳтимоли мавжуд. Рўза эса турли ҳатти-ҳаракатлардан холи бўлган ибодат бўлиб, унда ният асосий ўринни эгаллайди. Шу маънода рўза ибодатининг амалга ошиш ҳолатига риё хавфи кўланка солиши қийин. Бироқ, инсон ўзининг рўзадорлигини ўзгаларга билдириши орқали риё амалга кириб келади. Мисол учун киши нафл рўза тутмоқда. То шу ҳақда бировга айтмагунча, бу амалга риё дахл қилолмайди. Хабар бериши билан бундай рўза риё ва сумъага нишон бўлиши мумкин. Шу боис, «рўзада риё бўлмайди» деган сўзни мутлақ маънода тушуниш тўғри эмас. Хабар бериш ва эшиттириш билан ҳар қандай амалга риё сизиб кириши мумкин. Валлоҳу аълам! Тошкент ислом институти ўқитувчиси Алишер Султонхўжаев 857
Аввал хабар берганимиздек, Жазоирнинг “El Djazairia One” телеканали Рамазон ойи давомида Ўзбекистон ҳақидаги кўрсатувларни намойиш қилиш учун теледастурнинг 3-сонини “Ҳазрати имом” мажмуасида суратга олган эди. Эфирга узатилган кўрсатувнинг мазкур сонида, бошловчи дастлаб, Абу Бакр Қаффол Шоший ҳазратлари, ул зотнинг илмий мероси ҳақида таништиради. Сўнгра Тошкент ислом институтида бўлиб, олий маъҳад фаолияти тўғрисида институт проректори Ж.Мелиқўзиевдан маълумот олгач, Ўзбекистон Қуръон мусобақаси мутлақ ғолиби Йўлдош қори Иброҳимов билан суҳбат уюштиради. http://vakillik.uz 773
Дунёнинг олти қитъасида истиқомат қилаётган мусулмонлар шу кунларда муборак Рамазон ойининг рўза ибодатини бажаришга киришган. Эрта тонгдан кун ботгунга қадар давом этадиган рўзадорлик вақти дунёнинг турли мамлакатларида турличадир. Khaleejtimes нашри маълумотига кўра, шу кунларда дунё бўйича рўзадорлик қарийб 21 соатдан 11 соатгача бўлган вақтни ташкил этмоқда. Бир ой давомида оғиз ёпиқ бўладиган вақт узайиб бориши баробарида шу кунларда Исландияда рўзадорлик вақти 20 соат 17 дақиқани (соат 02:27 дан 22:44 гача) ташкил этмоқда. Финляндия ва Гренландияда рўзадорлик вақти 19 соат 25 ва 19 соат 21 дақиқани ташкил қилмоқда. Нашрга кўра, бу йилги Рамазон ойида рўзадорлик вақти энг қисқа бўлган мамлакат Чилидир. Шу кунларда Чили мусулмонларининг рўзадорлик вақти 10 соат 33 дақиқадан иборат. Исландия билан солиштирганда бу 10 соат 44 дақиқага қисқа. Шунингдек, рўза тутиш 12 соатдан кам бўлган бошқа давлатлар Янги Зелландия (11 соат 35 дақиқа) ва Жанубий Африка Республикасидир (11 соат 47 дақиқа). Бразилия ва австралиялик мусулмонлар эса 11 соат 59 дақиқадан рўза тутмоқда. Бирлашган Араб Амирликларида мусулмонлар 14 соат 52 дақиқада ифторлик қилмоқда. Ўзбекистонда эса рўзадорлик вақти 16 соат беш дақиқани ташкил этмоқда. Mehrob.uz 851