Фарзандингиз сиз олиб берган нарсаларни қадрига етмаса, исроф қилаётган бўлса, албатта бу борада нимадир қилишингиз керак. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “…Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйма! Албатта, исрофчилар шайтонларнинг биродарлари бўлганлар. Шайтон эса Роббига ўта ношукр бўлгандир.“ (Исро сураси, 26-27 оятлар). Болалар кичиклигидан пул ҳақида тушунчалари бўлмаслиги керак, ҳали эрта деб ўйламанг. Уларни иқтисодий муносабатлардан узоқ сақлашга ҳаракат қилманг. Пул ва кундалик ҳаётимиздаги ҳар бир моддий нарсалар – энг биринчи навбатда инсон ақлий ва жисмоний меҳнатининг самараси эканлигини тушунтиринг. Исроф қилмасликни ўргатиш узоқ ва қийин, шунинг учун имкон борича бу тарбияни эрта бошлаганимиз маъқул. Баъзи ота-оналар болалари кўнгли тусаган ҳамма нарсани олиб беради, натижада болалар уни қадрига етмайди. Улар на ўзларининг, на бошқаларнинг нарсаларини эҳтиёт қилишади. Болаларни тежамкорликка ўргатишнинг бир қанча усуллари бор: 1. Болаларга ўз нарсаларига ўзлари ғамхўрлик қилишини вазифа қилиб беринг. Ўйинчоқлари ва китобларини йиғиштириш, нарсаларини тахтлаш, жойлаштириш уларнинг ўз вазифаси бўла қолсин. Ҳар бир боланинг ёшидан келиб чиққан ҳолатда оилада ўз вазифаси бўлиши керак: 2 ёшли боланинг 2 ёшли болага мос, 10 ёш боланинг 10 ёшга мос вазифалари бўлсин. 2. Болалар ниманидир синдириб қўйса, бу воқеа сизни маҳзун қилганини кўрсатинг. У нарсанинг қийматига нималар олиш мумкинлигини мисол қилинг.( Аввалдан огоҳлантирмаган бўлсангиз, бехосдан қилинган хато учун болани жазолашингиз нотўғри) 3. Болаларга ортиқча кўп ўйинчоқ, кийимлар олиб берманг, бу ҳолатда бола учун нарсаларнинг қадри йўқолади. 4. Катта фарзандларингиз, айниқса ўғил болалар, оила бюджетини режалаштиришда иштирок этсин. 5. Нарсалар харид қилишга болаларни биргаликда олиб боринг, қайси маҳсулотни нима учун олиш керак, қайси бирини олиш керак эмас, уларга тушунтиринг. Каттароқ ёшдаги болага бозорлик қилишни топшириш ҳам мумкин (Лекин бошида баъзи бир хатоларга тайёр бўлинг.) 6. Ўзингиз ҳам тежамкорликда намуна бўлинг. Ҳаттоки, сизни мулкингиз бўлмаган нарсаларни ҳам авайлашингизни кўрган бола, албатта сиздан тежамкорликни ўрганади. (Кераксиз жойда лампочкаларни ўчиринг, сувни исроф қилманг, кийимлар ва овқат борасида ҳам тежамкор бўлинг) Аллоҳ берган неъматларни қадрлаб, эҳтиёт қилиб ишлатиш, бу иймонимизнинг яна бир бўлагидир. Бундай тарбия йўлида Аллоҳ бизга мададкор бўлсин. Манбаа:http://muslima ona kundaligi 509
Ўз каломи шарифида : «Албатта, Аллоҳ тавба қилувчиларни севади ва покланувчиларни севади» (Бақара сураси, 222),- дея бандаларини покликка ундаган Зот – Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин. Ҳадиси шарифларида: «Аллоҳ покдир! Покликни севади!»,- дея Роббисининг сўзини тасдиқ қилган зот-ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду саломлар бўлсин. Ислом дини ҳукмларини гўзал тарзда, буюк омонат қилиб етказган зотлар – саҳобаи-киром, тобеъин, улуғ мужтаҳидларга Аллоҳнинг ризолиги, раҳмати ва мағфирати бўлсин. Биз ўрганмоқчи бўлган мавзу – таҳорат диннинг беш арконидан шаҳодатдан кейинги ўринда турувчи, мўминнинг меърожи бўлган намознинг асосий шартларидандир. Бунинг бошқа амалларга масалан айнан намозга шарт қилинишида Ислом динининг нафақат маънан, балки, ҳиссан (моддий) покланишга ҳам қанчалар аҳамият берганини кўрасиз. Чунки, намоз бошқа амаллардан фарқли равишда мўмин кишининг кундалигидан алоҳида ўрин олгандир. Биз бу мавзуни Ҳанафий мазҳабимиз учинчи табақаси – мазҳаб соҳибларидан ривояти келмаган масалаларда ўз ижтиҳодлари ила ҳукм чиқаришга қодир бўлган мужтаҳид-фақиҳлар табақасидан бўлмиш имом Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Салама ибн Салама ал-Аздий ат-Таҳовий (роҳматуллоҳи алайҳ) қаламларига мансуб «Шарҳи маонил-осор» – «Осорлар маʼнолари шарҳи» китоби орқали ўрганамиз. Мавзуни ўрганиш жараёнида ҳадисларнинг бир-бирига қандай мувофиқлаштирилиши, бир ҳадисдан қандай маъно тушунилиши, ҳадисларнинг ҳукмлар билан нақадар боғлиқлиги, асосийси, бу Динни етказиш йўлида уламоларнинг қилган ҳиммату ғайратлари, машаққату заҳматларини озгина бўлсада тушуниб, ҳис қилсак ажаб эмас… Биздан Имом Таҳовий роҳматуллоҳи алайҳгача муттасил равишда етиб келган ривоятга кўра, у зот роҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Сулаймон ибн Бурайра розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилди: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир намоз учун таҳорат қилардилар. (Макка) фатҳ бўлган пайтда эса (беш вақт) намозларни бир таҳорат билан ўқидилар». Сулаймон ибн Бурайда розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилди: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳ бўлган куни беш (вақт) намозни бир таҳорат билан ўқидилар ва икки махсиларига масх тортдилар. Шунда, Умар розияллоҳу анҳу У зот соллалллоҳу алайҳи васалламга: “Ё Росулуллоҳ, аввал ҳеч қилмаган ишингизни қилдингиз?!, – дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Буни атайин қилдим, эй Умар!», – дедилар. Зоҳирийлар ва Шофеийлардан бир жамоаси бу ҳадисларни ҳужжат қилиб: “Муқим бўлган кишиларга ҳар намозга алоҳида таҳорат қилиш вожиб, – дейишди. Тўрт мазҳаб имомлари ва уларнинг асҳоблари, ҳадис аҳлининг кўпчилиги ва бошқалардан иборат жумҳур уламолар шундай дедилар: «Таҳорат таҳоратсизлик (яъни, уни бузувчи нарса) етгандагина вожиб бўлади». Бу масалада ушбу уламолар юрган йўлга мос келувчи ҳадислар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган: Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Росулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорлардан бир аёлнинг уйига саҳобалар билан (меҳмонга) бордилар. Саҳобия – ансория аёл уларнинг ҳузурларига қовуриб қўйилган қўй гўштини келтирди. (Ундан) Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам едилар ва биз ҳам едик. Сўнг пешин вақти кирди. Шу дам Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат олиб намоз ўқидилар. Сўнг, аср вақти кирди, шунда, таҳорат олмай намоз ўқидилар». Абу Жаъфар роҳматуллоҳи алайҳ айтдилар: Бу ҳадисдан кўриниб турибдики, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пешин ва аср намозини пешин вақтида қилган таҳоратлари билан ўқиганлар. Бурайда розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир намоз учун таҳорат олишлари фазлни истаб бўлгани эҳтимол, вожиб бўлганлиги учун мас. Бирор киши: “Бу ишда қандай исталадиган фазл бор?”, – деса, унга шундай жавоб берилади: “Албатта, фазл бор. Бизга Абу Ғутойф ал-Ҳузалийдан ривоят қилинди, у...
«Биз юз йил олий таълимдан ҳам таълимдан (халқ таълими-таҳр.) ҳам Исломни суғуриб олдик. Ислом маънавиятини суғуриб олдик. Ҳалол билан ҳаром, тўғри яшашни суғуриб олдик. Биз Гётени ўргатдик, лекин жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларини келтиришдан чўчидик. Мана кеча, (Олий Мажлис) Юқори палата раиси ва Коррупцияга қарши республика идоралараро комиссия раиси мажлисда ҳадисдан иқтибос келтирдилар. Жиноят кодексининг 210 ва 211- моддалари санкциялари ҳам айни ҳадисдан олинган. Кодексда ҳам пора берган ва олган учун жазо тайинланган. Биз буларни ўрганмадик. Ислом маърифатини фақат имом гапирсин дедик. Дунёвий билим олганлар гапирса, унга бошқача қарадик. (Оқибатда) нима бўлди? Коррупция ҳақида гапирадиган бўлсак, олий таълимда нафақат коррупцияга йўл қўйилди, балки ёш, келажак авлодга коррупция ўргатилди. Адолатсизлик ўргатилди. Олий таълимдаги муаммолар… Мана ҳозир бинолар кўрсатилди. Мен кечирим сўрайман, аждодларимиз ярмигача шўр босиб ётган мадрасаларда Қуръонни 9 ёшгача ёдлаган. Буларни тузатса бўлади. Агар чиройли бинолар билан алломалар чиқадиган бўлса, биласизми, ҳозир қанча Термизийлар, Бухорийлар чиқар эди?! Таълимнинг сифатига адолатсизлик сабаб. Биринчи курс талабаси биринчи семестерда яхши ўқийди, аммо семестер якунида адолатсизликни кўргач, 7 семестер ўқимайди. Нима учун, таниш-билиш, тамагирлик», – дея таъкидлади Термиз Давлат университети ректори, сенатор Абдуқодир Тошқулов. Манбаа: http://kun.uz 544
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «…Ёлғончиликдан сақланинглар. Зеро, ёлғончилик фожирликка (гуноҳкорликка), фожирлик эса дўзахга бошлайди. Банда ёлғон гапириш ва ёлғончиликка интилишда давом этаверади, ниҳоят Аллоҳ ҳузурида ёлғончи деб ёзилади», дедилар” (Бухорий, Муслим, Термизий ривояти). Аввалги мақоламизда болаларнинг ёлғон гапиришига сабаб бўладиган баъзи ҳолатларини кўриб чиққан эдик. Хўш, булар билан қандай курашиш мумкин? Тарбиянинг ва умуман тақвонинг асоси – ҳалол ризқ эканлиги ҳақида эслатиб ўтиш шартмас, фикримизча буни ҳамма билади ва бунга амал қилишга ҳаракат қилади. Шундай бўлса ҳам, фарзандингиз сизни алдаганини сезсангиз асабийлашишга уни изза қилишга шошилманг. Боланинг нега ёлғон гапирганини тушунишга ҳаракат қилинг. Болаларга ёлғон гапириб роҳатланмайди, кўп болалар ёлғони фош бўлишдан хавотирланиб юришади. Сизнинг агрессив ёки ўйланмай қилган муносабатингиз болани жуда ёмон аҳволга солиб ўртангиздаги муносабатга ёмон таъсир қилиши мумкин. Сизни ва бизни мақсадимиз, нафақат ёлғонни йўқ қилиш, балки болаларимиз ҳаётидаги ўзгаришлардан хабар топиб, уларни ҳал қилишида ёрдамчи бўлишдир. Агар фарзандингиз ҳеч қандай мақсадсиз, шунчаки ёлғон гапираётган бўлса, ўзингиз ва бошқа оила аъзоларингизни кузатинг, фарзандингиз кимгадир тақлид қилаётган бўлиши мумкин.(бу 4-5 ёшдан катта болалар учун, 4 ёшдан кичик болалар шунчаки, нутқи, фантазияси ривожланаётган даврда хаёлий дўстлар воқеалар тўқиши мумкин) Биз учун аҳамиятсиз туюлган майда ёлғонларимиз ҳам номаи амалимизга ёзилади, кимларнидир ишончини синдиради, кутаётган одамни эса вақтини зое қилади. Фарзандларимиз орқали бизларни тарбиялайдиган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Олдинги мақолада айтиб ўтган иккинчи сабаб – қўрқинч эди, фарзандингиз жазодан қўрқиб ёлғон гапирса, билингки сиз ҳаддан зиёд қаттиқ қўлсиз ёки жазолар адолатсиз берилган. Шуни унутмангки, болаларни аввалдан огоҳлантирилган ишлар учунгина жазолаган маъқул.Тасаввур қилинг сиз ишга кеч қолдингиз, агар сизни аввалдан бу учун жарима борлигини огоҳлантирилмаган ҳолда ойлигингиздан жарима ушлаб қолишса, айбингиз борлигини билсангиз ҳам буни адолатсизлик деб қабул қиласиз. Болаларда ҳам худди шундай туйғу бўлади. Сизни хурсанд қилиш учун ёки аксинча ҳафсалангизни пир қилмаслик учун ёлғон гапирган фарзандингиздан сиз жуда кўп нарсалар кутган кўринасиз. Ҳар бир боланинг ўзига яраша қобилияти борлигини ва бу қобилият доим ҳам сиз кутган, орзу қилган нарсалар билан мос келмаслигини тушуниб етинг. Биз болаларни бизни орзуйимизда эмас, ўз ҳаётида яшашига қўйиб берайлик, ўзига ёққан ва уддасидан чиққан машғулотлари билан шуғуллансин. Болаларни мақтанишга, ўзини кўрсатишга ҳаракат қилиши табиий ҳолат, шу мақсадда ёлғон тўқиган фарзандингиз билан мусулмон кишининг қадриятлари ҳақида гаплашиб, ўзингиз ҳам атрофдагилар билан муомалада уларга намуна бўлганингиз маъқул. Бизга энг қўл келган ва бола ақидасига ҳам тасир қиладиган тарбия усулларидан бири – Аллоҳ уни ҳар жойда ва ҳар вақт кўриб туришини, фаришталар ҳар бир амалларни ёзиб боришини эслатиб туришдир. Психологларнинг фикрига кўра, ота-онаси уни яхши кўришига қаттиқ ишонган болаларнинг ёлғон гапириши эҳтимоли анча камроқ экан. Албатта, ёлғонни эътиборсиз қолдиришингиз, уни яна такрорланишига сабаб бўлади, баъзида эса ёлғонни сезганингизни болага кўрсатишингизни ўзи етарлича тарбия бўлади. Шуни унутмангки, фарзандларимиз жисмонан, руҳан, ақлан ривожланиб боряпти, бу даврда улар бизнинг маслаҳатимиз ва қўллаб-қувватлашимизга муҳтож. Буни фақат уларни ишончида бўлган ҳолимизда амалга ошириш мумкин. Сизнинг фарзандингиз ҳам ёлғон гапирганми? Бунга қандай чора кўргансиз? Манбаа: http://muslima ona kundaligi 730
Юртимизда барча соҳалар қатори диний соҳада ҳам улкан ислоҳотлар амалга оширилиб, муқаддас ислом динини ўрганиш, аждодлар меросини қайта тиклаш ва уларни келажак авлодларга асл ҳолича етказиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, буюк аждодларга муносиб ворисларни тайёрлаш мақсадида юртимизда диний таълим тизимини такомиллаштириш, уларнинг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш мақсадида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Маълумки, Мовароуннаҳр заминидан етишиб чиққан буюк муҳаддислар Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий, Абдуллоҳ ибн Муборак, Ибн Ҳиббон, Ҳайсам ибн Кулайб Шоший, Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад Барокотий, Иброҳим ибн Маъқил Насафий ва Абд ибн Ҳумайд Кешийлар томонидан катта ҳадис мактабига асос солинган бўлиб, ушбу илму маърифат ва зиё масканлари ҳадис илми ривожи ҳамда дунё илм-фан тараққиётида ўчмас из қолдирган. Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5416-сон Фармонига асосан ислом дини ва ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, улар томонидан асос солган ҳадис мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш, улар қолдирган бой илмий меросни ўрганиш, тадқиқ қилиш орқали халқимиз ва кенг жамоатчиликка етказиш ва тарғиб қилиш мақсадида Ҳадис илми мактабини ташкил этилган эди. Давлат раҳбарининг жорий йил 11 январь куни Самарқанд вилоятига ташрифлари давомида Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил этишга оид берган топшириқлари ижроси мақсадида бир қанча вазифалар амалга оширилди. Жумладан, 2019 йил 23 мартда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлис баёни ва Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил қилиш бўйича Йўл харитаси тасдиқланди. Мазкур Йўл харитасига мувофиқ Ҳадис илми мактаби абитуриентларини янги ўқув йилига қадар пухта тайёрлаш, энг муносиб абитуриантларни талабаликка кабул қилиш мақсадида 2019 йил 17 июндан Тошкент ислом институтида тайёрлов курси бошланди. Ушбу курсда Республикамиздаги ўрта махсус таълим муассасаларини битирган 52 нафар абитуриентлар иштирок этмоқда. Тайёрлов курси дарс машғулотларига “Араб тили”, “Ҳадис истилоҳлари”, “Ҳадис шарҳлари” фанларидан Тошкент ислом институти ва Ўзбекистон Халқаро ислом академиясининг малакали профессор-ўқитувчилари жалб қилинди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Ҳадис илми мактаби абитуриентларига ётоқхона, уч маҳал овқат ва ўқув машғулотларига ўз вақтида келиб-кетишлари учун автобус таъминотлар билан тўлиқ таъминланди. 2 477