islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Ақида

Бўлимлар

Ҳаёт ва Қудрат

Аллоҳ таоло тирикдир, Қодирдир, Жаббордир, Қоҳирдир, унга камчилик–нуқсон ва ожизлик етмайди. Уни мудроқ ва уйқу ушламайди. Унга фонийлик ва ўлим таҳдид солмайди. У мушоҳада олами(кўзга кўринадиган олам)нинг ҳам, ғайбиёт олами(кўзга кўринмайдиган олам)нинг ҳам эгасидир. Азизлик ҳам, буюклик ҳам Уникидир. Султонлик, қаҳр, яратиш ва амр қилиш Унга тегишлидир. Осмонлар Унинг ямийни[1] ичидадир. Махлуқотларнинг барчаси эса Унинг қабзасида бўйсунган–мағлуб бўлган ҳолдадирлар. У яккаю ёлғиз яратувчи ва ихтиро қилгувчилир. Вужудга келтирувчи ва пайдо қилувчи ёлғиз зотдир. У махлуқотларни ҳам уларнинг амалларини ҳам яратди. Шунингдек ризқларини ва муддатларини белгилаб қўйди. Қудрати остидаги бирор нарса Унинг қабзасидан чиқиб кетолмайди. Бирор ишнинг тасарруфоти қудратидан четда қолмайди. Унинг қудрати етадиган нарсаларнинг саноғи йўқ. Унга маълум бўлган нарсаларнинг чегараси йўқдир.  Илм Аллоҳ Таоло барча маълумотларни билувчидир, ерларнинг қаъридан то осмонларнинг устларигача бўлган маконларда содир бўлаётган барча нарсаларни илми билан иҳота қилгандир, қамраб олгандир. У олимдир, Унинг илмидан еру–осмонда заррача нарса яширин қолмайди. Балки У тун қоронғусида қоя тошнинг устида юрган қора чумолининг эмаклашини ҳам билади. Ҳаво кенглигида учиб юрган зарранинг ҳаракатини идрок этади, яширин нарсаларни, балки унданда махфийларини ҳам билади, қалбларда яширинган нарсалар, ҳаёлда кечган нарсалар ва кўнгил сирларини Ўзининг қадим, азалий илми билан билади ҳамда азал–азалдан шу сифат билан сифатланган. Унинг билиши тушиш, кўчиб ўтиш билан зотида янгитдан пайдо бўлган илм билан содир бўлмайди.  Ирода Аллоҳ Таоло борлиқдаги барча нарсаларни ирода қилгувчи, йўқдан пайдо бўлган нарсаларни бошқарувчи зотдир. Ушбу борлиқда кам ҳам кўп ҳам, кичик ҳам катта ҳам, яхши ҳам ёмон ҳам, фойда ҳам зарар ҳам, иймон ҳам куфр ҳам, тан олиш ҳам инкор қилиш ҳам, муваффақият ҳам мағлубият ҳам, кўпайиш ҳам камайиш ҳам, бўйнсуниш ҳам, бош тортиш ҳам ҳамма–ҳаммаси Аллоҳ Таолонинг қазоси, қадари, ҳикмати ва ҳоҳиши билангина содир бўлади. У нимани ҳоҳласа шу бўлади, нимани ҳоҳламаса бўлмайди. Ҳатто бирор назар ҳам, бирор ҳаёл ҳам Унинг машийъати(ҳоҳиши)дан ташқарига чиқмайди. У бошловчидир, қайтарувчидир, ирода қилган нарсаларини амалга оширувчидир. Унинг ишини чиппакка чиқарувчи йўқдир, ҳукм қилган нарсаси учун Уни жавобгар қилувчи йўқдир. Банда Унга маъсият қилишдан фақат Унинг тавфиқи ва раҳмати билангина сақлана олади, Унинг машийъати ва иродаси билангина Унга бўйнсунишга қувват топа олади. Агар инсонлар, жинлар, фаришталар ва шайтонлар барчаси бу оламда бирор заррани ҳаракатга келтириш ёки ҳаракатдагисини тўхтатиш учун жамлансалар бу борада Аллоҳ Таолонинг иродаси ва машийъати бўлмаса бу ишни қилолмайдилар. Аллоҳ Таолонинг иродаси барча сифатлари қатори Унинг зотида қоимдир. Унинг бу сифат билан сифатланиши доимийдир, ушбу сифати билан Ўзининг азалида белгилаб қўйган нарсаларни айнан ўша белгиланган вақтларида вужудга келишини ирода қилувчидир. Нарсаларнинг барчаси олдин ҳам кейин ҳам эмас, балки У азалида  ирода қилганидек, ўз вақтларидагина вужудга келган, ҳеч қандай алмашишсиз, ўзгаришсиз унинг илми ва иродасига мувофиқ содир бўлган. У барча ишларни тадбир қилди, бироқ фикрлаш тадбири билан эмас, бирор замонни кутиб туриш билан ҳам эмас. Шунинг учун ҳам У бир иш билан банд бўлиб бошқа ишдан ғафлатда қолмайди.  Эшитиш, кўриш Аллоҳ Таоло эшитувчи ва кўрувчидир, эшитади ва кўради. Қанчалик махфий бўлмасин бирор эшитиладиган нарсалар Унинг эшитишидан яширина олмайди. Қанчалик кичик бўлмасин бирор кўринувчи нарса Унинг кўришидан яширина олмайди. Узоқлик унинг эшитишини чеклай олмайди, қоронғулик кўришига халал бермайди. Ҳудди қалбсиз билгани, тана аъзоларисиз ушлагани, асбобларсиз яратгани каби кўз...

Жаннатда Аллоҳ таолони кўриш ҳақида эътиқодимиз

Мотуридия мазҳабидаги мўътабар уламолардан бири бўлган Нажмиддин Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ «Ақоиди Насафий» асарида қуйидагиларни ёзган: «Аллоҳ таолонинг бандаларига кўриниши ақлан жоиз, нақлан вожибдир. Ҳа, охират диёрида мўминларнинг Аллоҳ таолони кўришларини тасдиқловчи самъий далиллар келгандир. Шунга кўра бирор маконда бўлмасдан, бирор муқобил тарафда турмасдан, ёки нурга чулғанмасдан, ёки кўрувчи билан Аллоҳ таоло ўртасида масофа собит бўлмасдан кўринади». Аҳли сунна уламолари Аллоҳ таолони жаннатда кўриш собитлигига Қуръони каримдаги ушбу оятни далил қилиб келтирганлар: وُجُوهٌ يَوْمَئِذٍ نَاضِرَةٌ إِلَى رَبِّهَا نَاظِرَةٌ  «У кунда чиройли юзлар бор. Ўз Роббисига назар солувчилар» (Қиёмат сураси, 22-23 оятлар). Бошқа бир оятда кофирларнинг қиёмат кунида Аллоҳ таолони кўришдан тўсилишлари шундай хабар берилган: كَلَّا إِنَّهُمْ عَنْ رَبِّهِمْ يَوْمَئِذٍ لَمَحْجُوبُونَ «Йўқ!!! Албатта, улар ўша кунда ўз Роббиларини кўришдан тўсилурлар» (Мутоффифин сураси 15 оят). Уламолар ушбу оятни мўминларнинг Аллоҳ таолони кўришлари ҳақлигига далил қилганлар. Бу ҳақида имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ: «Ушбу оятда мўминларнинг Аллоҳ таолони кўришларига далил бор», деган. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ: «Унинг душманлари тўсилган ва Уни кўра олмаганларидан кейин, Ўзининг дўстларига тажаллий (Ўзини намоён) қиладики, У Зотни кўрадилар», деган. Аллоҳ таолони жаннатда кўриш ҳақлигига ҳадиси шарифларда ҳам кўплаб далиллар келган. Жумладан Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган: “Бизлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик, у зот тўлин ой кечасида ойга назар солдиларда: «Сизлар яқинда Роббиларингизни бу ойни кўргандек кўрасизлар, Уни кўришда қийналмайсизлар, агар қуёш чиқишидан олдин ва ботишидан олдин намозга куч сарфлашга қодир бўлсаларингиз, албатта, уни адо қилинглар»,дедилар”. (Муттафақун алайҳ). Уламолар ушбу ҳадиснинг шарҳида қуйидагиларни айтганлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Бу ойни кўргандек кўрасизлар» дейишлари кўриладиганни кўриладиганга ўхшатиш эмас, балки кўришни кўришга ўхшатишдир. Аллоҳ таолони кўришни ойни кўришга ўхшатишда икки хил маъно бор: Тўлин ой кечасида ойни кўриш тўғрисида ҳеч қандай шак-шубха бўлмайди; Ойни кўришда кўрувчилар қанча кўп бўлишларидан қатъи назар ҳеч бир машаққатсиз барчалари баравар кўраверадилар”. Мўминлар Жаннатга киргач, уларга кўзлар кўрмаган ва қулоқлар эшитмаган сон-саноқсиз неъматлар берилади. Ўша неъматларнинг энг улуғи Аллоҳ таолога назар солиш ҳисобланади. Бандалар Аллоҳ таолони шаклсиз, идроксиз ва бирор тимсолсиз кўрадилар. Бу ҳақда Сўфи Оллоҳёр бобомиз ўз байтларида шундай келтирган: Кўнгулда кечса, кўзга тушса ҳар шай Эрур андин муназзаҳ Холиқи Ҳай. Яъни инсоннинг кўнглида Аллоҳ таолонинг қандайлиги тўғрисида қандай фикр ўтса ҳам, унинг кўзига қандай улуғвор нарса кўринса ҳам Аллоҳ таоло барчасидан бошқа бўлган, олий ва буюк Зотдир. Идроксиз кўриш деганда эса кўрилган нарсани тасвирлаб бера олмайдиган, унинг қандайлигини тушунтириб бера олмайдиган ҳамда ёдида сақлаб қола олмайдиган даражада кўриш маънолари тушунилади. Шунга кўра мўминлар жаннатда Аллоҳ таолони бирор шаклсиз, идроксиз ва ҳеч бир тимсолсиз равишда кўрадилар, деб эътиқод қилишимиз лозим бўлади. Аллоҳ таоло барчамизга жамолини кўриш бахтини насиб этсин. Омин! Тошкент Ислом институти талабаси Турғунбоев Нуриддин 169

Тавозуъ гўзал хулқнинг белгисидир

Муқаддас дини исломимизнинг бори гўзал хулқдир. Ислом дини ҳусни хулқлиликни энг юқори ўринга қўяди. Инсон хоҳ олим бўлсин, хоҳ обид бўлсин хулқи гўзал бўлмаса унинг қиймати йўқдир. Бунга динимизда кўплаб ҳадиси шарифлар, ояти карималарни мисол қилиб келтириш мумкин. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Учта хислат бор. Кимда ўша учта хислатдан биттаси бўлмаса ҳам қилган амали ҳисобга ўтмайди. Бу – Аллоҳга бўлган тақво у шундай тақвоки, уни гуноҳдан сақлайди, ахмоқни жиловлайдиган ҳалимлик, одамлар орасида хушхулқлик”. Табароний ривояти. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Банда ўзининг ёмон хулқи билан жаҳаннамнинг энг тубига қулайди”. “Эй мўминлар, сизларнинг ичингиздан кимда-ким ўз динидан қайтса, Аллоҳ бошқа бир қавмни келтирурки, Аллоҳ уларни яхши кўрур, улар Аллоҳни яхши кўрурлар. Улар мўминларга хокисор, кофирларга эса қаттиққўл кишилардир” (Моида сураси, 54-оят). Гўзал ахлоқ, илм ва адаб ўрганмоқ, яхши инсонлар билан дўстлашмоқлик ила ҳосил қилинур. Динимиз мўъминларга гўзал хулқни эгаллашни ва ёмон хулқлардан четлашишни буюради. Шунингдек, Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам хулқлари бу борада энг юксак намунадир. Зеро, Аллоҳ таоло ўз ҳабибини мадҳ этиб, шундай марҳамат қилади: “Албатта сиз улуғ Хулқ устидадирсиз” (Қалам, 4-оят). Яхши инсон, гўзал хулққа эга бўлган инсондир. Ҳусни хулқли кишилар яхши ишларни қилишга ошиқадилар. Уламолар гўзал ахлоқ доирасига кирувчи кўплаб хусусиятларга таъриф берганлар. Улардан энг аввалги поғонасида ўрин эгаллагани албатта тавозуъ эканлигига ҳеч шубҳа йўқдир. Инчунун, тавозуъ ҳар нарсанинг калитидир. Тавозуъ луғавий жиҳатдан камтарлик ва хокисорлик демакдир. Имом Суҳравардийнинг машҳур асари “Авориф ал-маъориф” да тавозуъ ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар ва машойихларнинг қимматли фикрлари келтирилади. Унда айтилишича, инсон тавозуъдан ҳам гўзалроқ либос киймагандир. Тавозуъ ва ҳикмат хазинасига ноил бўлган киши ҳар кимга чиройли суратда муомала қилади. Шунингдек, ҳар кимса ҳам унга юқори даражада ҳурмат кўрсатади. Тавозуъдан насибадор бўлган кимса қалб роҳатини топади. Бунга эса фақат илм соҳибларигина эга чиқишлари мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавозуълари шундай эдики хоҳ ҳур бўлсин, хоҳ қул ҳар кимнинг даъватига ижобат қилардилар, бир қултум сут ё қуённинг бир оёғи бўлса ҳам ҳадияни қабул қилардилар. Уларни тановул қилмоқдан орланмас, ҳадияга ҳадия билан жавоб берар ва ҳаттоки жория ёки мискиннинг ҳам даъватидан бош тортмас эдилар. Зеро, Аллоҳ таоло ўз каломида ҳабибига қарата шундай марҳамат қилади: Аллоҳ таоло: “Ўзингизга эргашган мўминлар учун қанотингизни паст тутинг (яъни уларга хуш хулқ билан камтарона муносабатда бўлинг)” (Шуаро сураси, 215-оят). Абу Зуроъа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай хабар қилдилар: “Тавозуънинг илк шарти сен унга йўлиққан кимсага салом бермоғинг, сенга салом берганга жавоб қайтармоғинг, мажлисда энг қуйи қисмига ўтирмоққа рози бўлмоғинг ва мақталиб, яхшиликларинг эслатилмоғини ёмон кўрмоғингдир. Жунайддандан тавозуъ ҳақида сўрадилар. Шундай жавоб бердилар: “Хокисор бўлмоқ ва инсонларга юмшоқ муомалада бўлмоқ“. Фузайл ибн Иёз дедилар: “Аллоҳга нисбатан хузуъ ила бўйин эгмоқ, айтилганларга қулоқ солиб, қабул этмоқдир. Яна шундай дедиларки: “Нафсида бир қиймат кўрган кимсанинг тавозуъдан насиби йўқдир”. Ҳасан Басрий ҳазратлари, бошқаларни кўрганда ўзидан афзал деб биладиган инсон зоҳид инсон эканлигини айтганлар. Ваҳб ибн Мунаббиҳ дедилар: Самовий китобларда шундай келгандир: “Мен Одамнинг сулбидан унинг зурриётини чиқардим ва улар ичида энг мутавозеъи ўлароқ Мусони кўрдим, шунинг учун уни ўзимга Калимуллоҳ қилиб танладим”. Шундай бир сўз бордир: “Нафсининг яширин айбларини билган кимса устунлик ва шарафга тамаъ қилмай тавозуъ йўлини тутгай. Уни айбларини юзига солганга душманлик қилмас, мақталган пайтда эса Аллоҳга шукр қилади”. Абу Ҳафс дедилар: Қалбини тавозуъга тўла бўлишини хоҳлаган кимса солиҳларнинг суҳбатида давом этсин ва уларга ҳурмат кўрсатишда нуқсонга йўл қўймасин. Киши солиҳларнинг ниҳоятда тавозуъли эканликларидан фойдаланиб уларга катталик, яъни кибр қилиши керак эмас. Луқмон: “Ҳар нарсанинг улови бордир, амалнинг улови тавозуъдир”,...

Илмнинг амалдан кўра афзал туриши

Ҳозирги вақтда фиқҳ илмида алоҳида ўрганилаётган муҳим йўналишлардан бири у “Фиқҳул- авлавийят“дур. У ўзбек тилида “Фиқҳдаги афзаллик илми” деб юритилади. Бу фаннинг асосий мақсади замон ва маконга қараб ҳар бир шахс учун афзал бўлган амални очиб беришдир. Фазилат сўзи зиёдалик маъносидаги фазл сўзидан олинган. Агар икки нарсада бир хил сифат мавжуд бўлса, бирининг сифати бошқасидан кўпроқ афзалроқ, зиёдароқ дейилади. Бунда мазкур нарсанинг мукаммалига далолат қилувчи зиёдалик миқдори аҳамиятли эмас. Масалан оддий кундалик ҳаётимизда учратадиган ҳайвонлардан от эшакдан афзал дейилса, от билан эшак юк ташишда тенг аммо от чопиш, тез югуриш ҳамда чиройли суратда бўлиши билан эшакдан афзалроқ экани тушунилади. Илмнинг афзаллиги бошқа сифатлар билан қиёсланганда тушунилади. Масалан, тез югуришда от эшакдан нисбатан афзал саналсада, у мутлоқ фазилатли эмас. Илм эса айнан фазилатлидур. Бошқа нарсага қиёс қилинмаганда ҳам мутлоқ афзал бўлиб қолаверади. Зеро, илм Аллоҳ таолонинг комил сифати, фаришта пайғамбарларнинг шарафидур. Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Илм пешво имомдир амал унга эргашувчидир”. Илм эса ўз соҳибига амал билан келганда фойда беради. Илмни кўпчилик олимлар бошқа амаллардан устун қўядилар ва бунга кўплаб далилларни келтирадилар, қуйида баъзиларининг зикри билан кифояланамиз. “Бас, (эй Муҳаммад), ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Аллоҳгина бор эканлигини билинг ва ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин-мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг!“ (Муҳаммад сураси 19 оят). Бу ояти каримада Аллоҳ таоло ўз расулига аввало тавҳидни (Аллоҳнинг ягоналигини) билишга кейин эса истиғфор билан мақтамоқликка буюрмоқда, бу эса амалдур. Бу ҳитоб Расулуллоҳ учун бўлса ҳам бутун уммат учун умумийдир. Қурони каримда биринчи нозил бўлган оят “ўқи” калимаси билан бошлангандур, бу калима эса илмнинг калитидур. Кейин эса амал нозил бўлган яъни Муддасир сурасининг 1-4 оятлари: “Эй (либосларига) бурканиб олган зот, туринг-да, (инсонларни охират азобидан) огоҳлантиринг! Ёлғиз Парвардигорингизни улуғланг! Либосларингизни пок тутинг!“ Юқоридаги ояти карима ҳам илмнинг амалдан устун эканига далолат қилади. Яна улуғ Аллоҳ марҳамат қилиб айтадики: “Айтинг: “Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?!”(Зумар сураси 9-оят). Аллоҳ яна хабар беради: “Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур“ (Мужодала сураси 11 оят). Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Олимларнинг даражалари мўминларнинг даражаларидан етти юз даража юқори туради ва икки даража орасидаги фарқ беш юз йиллик масофада бўлади. Яна Аллоҳ хабар бериб айтади: “Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларгина қўрқур“ (Фотир сураси 28 оят). Имом Бухорий ва Муслимларнинг саҳиҳларида қуйидаги ҳадисни Муовия ибн Суфён  розияллоҳу анҳу ривоят қилдилар. У ҳадиси шаърифда Муовия розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аллоҳ кимга яҳшиликни ирода этса уни дин ишида олим этади” деганларини эшитдим. Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У зот айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида бири обид ва бири олим бўлган икки киши зикр қилинди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Олим кишининг обидга нисбатан фазли, яъни ортиқлиги ораларингиздаги энг қуйи табақа вакилига нисбатан менинг ортиқлигим кабидир”,-деб айтганлар.Сўнг яна у зот алайҳиссалом: “Дарҳақиқат Аллоҳ унинг фаришталари осмон ва ер аҳллари ҳатто уйчасидаги чумоли ва ниҳоят денгиздаги кит ҳам одамларга яхшилик ўргатувчи пайғамбарларнинг меросхўри бўлган олимларни дуо қилишади“ дедилар. Бу ҳадисни Имом Термизий ривоят қилган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: “Ким илм ахтариб бир йўлга чиқса, Аллоҳ унга шу илм билан жаннат йўлини осон қилади”. Яна пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади: “Ким исломни ривожлантириш йўлида илм талабида бўлсаю, нагоҳ унга ўлим келиб вафот этса жаннатда пайғамбарлар билан унинг орасида унинг орасини бир даража ажратиб туради холос. Имом Дорумий ривоят қилган. Саҳоба Муоз Ибн Жабал розияллоҳу анҳу айтадилар: “Илм ўрганинглар зеро, уни Аллоҳ йўлида ўрганиш–билимдир, уни талаб этиш ибодатдир, илм ўқиш тасбеҳдир. Билмаган одамга илм ўргатиш садақадир, илмни илм аҳлига етказиш қурбат, яъни ...

Иймон ҳаловати

Иймон-нақадар таъсирли, сермаъно ва ҳаётбахш сўз. Бу сўзни эшитган заҳоти юраклар ларзага келади. Беихтиёр инсоннинг инсонийлигини эслатадиган, ҳамма илмларни мукаммали бўлган, гўзал хулқларни ўзида жамлайдиган сўздир. “Иймон” сўзи луғатда “тасдиклаш, ишониш” деган маьноларни англатади. Унинг истилоҳий маъноси “Қалб билан тасдиқлаб,тил билан иқрор бўлмоқликдир”. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ҳадис ривоят қилганлар: “Илм исломнинг ҳаёти бўлса, иймон унинг таянчидир”. Иймон ҳар бир инсоннинг залолат ботқоғидан ислом, иймон нурига олиб чиқадиган энг буюк сўздир. Биз бу гўзал иймон ҳаловатини тотиш ва иймон нурларимизни зиёда қилиш учун ислом мутафаккирлари таъкидлаганидек зикр ва тафаккурга эътибор қаратишимиз даркор. 1. Қалбимиз ва ҳаёлимизни буюк Аллоҳнинг зикри билан банд этишимиз керак бўлади. Аллоҳ таоло ўзини зикр қилмайдиганларни қоралаган, зикрни унутиб бошқа нарсани эслайдиганларни ҳасрат ва надоматда қолишини таъкидлаган. Зикр нафсни поклайдиган ва аҳлоқни сайқаллайдиган энг кучли омиллардан биридир. Қуръон тиловатидан кейин тил учун энг афзал ибодат ихлос билан зикр қилишдир. “Зикр” сўзи луғатда “эслаш, хотирлаш, тафсифлаш” деган маьноларни англатади. Истилоҳда эса “зикр” банда роббисини тили ва дили билан эслашидир. Аллоҳ таоло “Тоҳа” сурасининг 124-оятида: “Ким менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унга торчилик ҳаёти бўлур ва қиёмат куни уни кўр ҳолида тирилтирурмиз”, деган. Аллоҳ таоло “Аҳзоб” сурасида: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар. Ва эрта-ю кеч Уни поклаб ёд этинглар”, (41-42 оятлар) деган. Аллоҳни зикр қилиш қалбни Унга боғлаш ҳамда “У мени кузатиб турибди” деган доимий сергакликда туришдир. Аллоҳнинг буйруқларини бир лаҳза ҳам эсдан чиқармай, холис амал қилишдир. Аллоҳ таоло “Анфол” сурасида: “Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қилгувчи ва Роббиларига таваккул қилгувчиларгина мўминлардир” (2-оят). Зикр қилиш ҳақида  дастуруламал бўлган Қурьони карим оятларида кўп бор зикр қилинган. Зикр қилиш  ҳақида кўп ҳадисларда ҳам келган. Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қай бир қавм ўтириб, Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилсалар,албатта, уларни фаришталар қуршаб олур, раҳмат ўраб олур устиларидан сакийна нозил бўлур ва Аллоҳ уларни Ўз ҳузуридагилар ичида зикр қилур”,-дедилар. Шунингдек яна бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “​Муфарридлар ўзиб кетдилар”, -дедилар. “Муфарридлар ким, эй, Аллоҳнинг расули?” –дейишди. Аллоҳни кўп зикр қиладиган эркак ва аёллардир”, -дедилар. Оиша розияллоҳу анҳадан шундай ҳадис ривоят қилинган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Аллоҳни барча вақтларида зикр қилиб юрар эдилар”. Жалолиддин Румий “Ҳикматлар” номли китобида шундай деганлар: “Инсонни бошқарадиган аъзоси бу ҳаёлидир, чунки инсон нимани ҳаёл қилса ўша нарсага интилади, масалан бозорга бориш ҳаёлига келса, ўзи хоҳламаган ҳолида унга боғланиб қолади. Ҳаёлига келгани қалбига ўрнашади ва уни ўйлайди ёки тилига чиқаради. 2. Иймон ҳаловатини тотишнинг яна бир сабаби бутун коинотни тафаккур қилишдир. Аллоҳ таоло “Оли Имрон” сурасида “Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида эслайдиган, осмонлару ернинг яратилишини тафаккур қиладиганлар: Роббимиз, буни бекорга яратгани йўқ, Ўзинг поксан, бизни ўт азобидан сақлагин, дерлар”, деган (191-оят). Ушбу оятдан кўриниб турибдики, Аллоҳ таолонинг биру борлигини ҳамда чексиз қудрати ва бошқа комил сифатларини тўла англаб етиш учун ибодат, зикр ва тафаккур лозим экан. Қуръони каримда тафаккур ҳақида кўп оятлар келган. Тафаккур 70 йилги ибодатдан афзалдир дейилади. Бу бежиз емас тафаккур хар қандай оқил инсонни Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи, гўзал иймон соҳибига айлантирувчи энг муҳим омил ва енг юксак туйғудир. Ҳаётда бизни тарбиялайдиган қийинчиликлар бошимизга келганда,айрим ҳолларда “уф”, “оҳ” деган сўзларни кўп ишлатиб, қаттиқ сиқиламиз. Бу сўзларни ўрнига “Алҳамдулиллаҳ”, “Аллоҳ”, “Субҳаналлоҳ” дейишимиз даркор. Сабабики, тиббиётдан маълумки инсон агар қаттиқ сиқилиб “уф”, “оҳ” деса асаб ва нерв толалари узилар, мияда ҳар хил еллар тўпланиб, шишишлар пайдо бўлади. Агар Аллоҳ таолонинг зикрини қиладиган бўлсак ўзимизга фойда қилган бўламиз. Жаҳл келганда ҳам тез суратда Аллоҳ таолонинг исми ва сифатларини зикр ва тафаккур қилмоқлигимиз зарур ва шартдур. Шунда жаҳли келган инсоннинг жаҳли тез кетишлигини Пайғамбаримизнинг кўп ҳадисларида таъкидланганлигини кўришимиз мумкин. Доимо Аллоҳ таолонинг зикри ва тафаккурида бўлиб қалбларимиздаги иймон нурлари янада зиёда бўлишини ва иймон ҳаловатини ҳар дам тотиб юришни, Ўзининг энг севимли бандалари қаторида бўлишни меҳрибон ва бенуқсон бўлган Роббимиз Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз. 284
1 18 19 20 21 22 24