Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур ва яхши амалларни қилувчи мўминларга, албатта, ўшаларга, улуғ ажр борлиги хушхабарини берур” (Исро, 9) Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги илоҳий таълимотларини қамраб олган китоб – Қуръони каримни қиёмат кунигача инсониятни икки дунё саодатига элтиш учун, энг тўғри йўлга ҳидоят қилиш учун нозил этди. “Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур”. Қуръон ҳамма замон ва макондаги инсонларни ҳам бу дунё, ҳам у дунё саодатига ҳидоят қилади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Биз Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қиламиз. У золимларга зиёндан бошқани зиёда қилмас”(Исро, 82). Дарҳақиқат, Қуръони карим шифодир, Қуръони карим раҳматдир. Қуръони карим қалблардаги турли иллатларнинг-ҳиқду ҳасад, бахиллик, манманлик, мутакаббирлик ва бошқа касалликларнинг шифосидир. Қуръони карим турли ахлоқий, ижтимоий, иқтисодий, муомалавий ва бошқа касалликларга шифо бўлади. Шунингдек, Қуръони карим мўминлар учун раҳмат ҳамдир. У ҳар бир нарсада-шахсий, ақидавий, оилавий, ижтимоий, сиҳҳий ва бошқа соҳаларда раҳматдир. Унга амал қилганлар ҳар тарафлама раҳматга сазовор бўладилар. Қуръон тиловати ҳар бир мўминнинг кундалик вазифаси бўлиши афзалдир. Уламоларимиз оддий кишилар учун ҳар куни бир порадан ўқиб туришни тавсия қиладилар. Шунда бир ойда Қуръони карим бир марта ўқиб чиқилади. Ҳар бир мўмин Қуръонни бошидан охиригача ўқишни ўрганиб, ундан бир порани кундалик вазифа қилиб олиши гўзал ишдир. Каломлар ичида улуғи бўлган Аллоҳ таолонинг каломидан кейинги мартабада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари–ҳадиси шарифлар туради. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам Қуръони карим фазли ҳақида зикрлар келган. Ана ўшалар Қуръони каримнинг фазли ҳақида келган маъноларнинг Қуръони каримнинг ўзида келганларидан кейинги ўриндагиси ҳисобланади. Қуйида Расули Акрам алайҳиссаломнинг Қуръони карим фазли ҳақида айтган ҳадиси шарифларидан баъзиларини келтириб ўтамиз. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонга моҳир бўлган киши мукаррам, ўта яхши фаришталар билан бирга бўлади. Ўқиганда қийналадиганга икки ажр бордир”, дедилар”.Тўртовлари ривоят қилишган. Ушбу ҳадиси шарифда Қуръони каримга моҳир бўлиш учун тарғиб қилинмоқда. Қуръони каримга моҳир бўлганлар учун олий мақом ваъда қилинмоқда. Қуръони каримга моҳир бўлганлар Қуръони каримга масъул қилинган Аллоҳ таолонинг ҳузурида мукаррам ва ўта ҳурматли фаришталар билан бирга бўлишлари таъкидланмоқда. Аллоҳ таоло турли бандаларига турли қобилият ва турли имкониятлар берган. Бандалар ичида ўткир қобилиятли ва яхши имкониятли бўлганлари Аллоҳ таолонинг ёрдами ила Қуръони каримга моҳир бўлиб мазкур олий мақомига эришадилар. Аммо баъзи бандалар ўткир қобилиятли бўлмасликлари ва яна бошқалари имкониятли бўлмасликлари мумкин. Уларнинг рағбатлари бўлса ҳам Қуръони каримга моҳир бўла олмайдилар. Унда нима қилиш керак? Ундоқ ҳолда ҳам Қуръони каримни ўрганишга ҳаракат қилавериш керак. Чунки бу ҳадиси шарифда Қуръони каримни ўқишда қийналган кишига қийналмаган кишидан кўра икки баробар кўп ажр берилиши ваъда қилинмоқда. Ушбу маънолардан келиб чиқиб, ҳар бир мусулмон Қуръони каримни кўпроқ ўрганишга уриниши керак бўлади. Шунинг учун ҳам Қуръони каримни иложи борича кўпроқ ўқишга, кўпроқ ёд олишга, кўпроқ ўрганишга ва унга кўпроқ амал қилишга ҳаракат қилмоқ лозим. Абу Довуднинг ривоятида: “Ким Қуръонни ўқиса ва унда бор нарсага амал қилса, унинг отасига қиёмат куни зиёси бу дунёдаги уйларда бўлган қуёшнинг зиёсидан ҳам яхшироқ бўлган тож кийдирилади. Энди бунга амал қилганга нима бўлишини ўзингиз билиб олаверинг”, дейилган. Яъни, Қуръони каримни ўқимаган отага шунчалик хурмат ва иззат бўлса, Қуръони каримни ўқиган ва унга...
Султонул Орифин Боязид Бастoмий ҳазратлари бир куни бомдод намозига тура олмади, ухлаб қолди. Ва намозини қазо этар экан, шу қадар йиғлаб, инградики, унга “Эй Боязид, бу гуноҳингни авф этдик, бу пушаймонлигинг ва кўз ёшинг учун 70 минг намоз савоби эҳсон этдим”, дейилди. Бастoмий ҳазратларини яна бир марта уйқу олди. Шайтон келиб, уни уйқудан уйғотди: “Тур, намозга кечикяпсан!”– деди у. – Эй малъун! Сен ҳеч бундай қилмас эдинг, одамларнинг намози қазога қолишини истардинг, энди нима бўлди-ю, мени намозга уйғотяпсан?– деб сўради Бастoмий ҳазратлари. – Бир неча ой аввал сен бомдод намозига туролмай қолганингда, пушаймонликдан кўп йиғлаб, инграган эдинг ва авф қилинган эдинг, устига-устак 70 минг намоз савоби ҳам олган эдинг. Бугун яна 70 минг намоз савоби эмас, битта намоз савоби олишинг учун сени уйғотдим, – деди шайтони лаъин. *** Боязид Бастoмий ҳазратлари шундай ҳикоя қилади: – Менинг замонимда мингларча вали бор эди. Ҳаммаси ҳам ибодат, риёзат, кашф ва каромат соҳиби эдилар. Фақат асрнинг қутбларидан бири уммий (ўқимаган) бир темирчи эди. Мен бу ишнинг сир ва ҳикмати олдида ҳайрат ичида эдим. Бола-чақасини боқиш учун кеча-кундуз босқон бошидан кетмаган бу темирчини кўриш учун бир кун дўконига бордим. Салом бердим. Мени кўриб, болаларча севинди. Қучоқлади, қўлларимни ўпди. Ва мендан дуо истади. У ҳали кашф оламига кирмагани учун ўз мақомидан хабарсиз эди. У мендан дуо истаганига жавобан: – Мен сенинг оёқларингни ўпайин, сен менга дуо қил, – дедим. У шундай деди: – Сенга дуо этганим билан ичимдаги дард енгиллашмайдида. Мен ундан: – Дардинг нима?– деб сўрадим. – Қиёмат куни шунча одамнинг аҳволи нима бўларкин, деб бунга ёнишдан бошқа дардим йўқ, – деди темирчи. Ва ҳўнгир-ҳўнгир йиғлади. Мени ҳам йиғлатди. Шу он ичимда бир нидо эшитдим: “Булар нафсим, нафсим” деганлардан эмас, “Умматим, умматим”, деганлардандир”. Буни эшитган заҳоти ичимдаги ҳайрат йўқ бўлди. Қутблик мақомининг бир оддий темирчига нима учун берилганини тушунгандай бўлдим. Англадимки, бу каби инсонлар пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалби тўғрисидадирлар, унинг ҳақиқатига мазҳардирлар. Темирчидан: – Одамларнинг азоб чекиши билан нима ишинг бор?– деб сўрадим. – Нима ишим бор? Менинг фитратим хамиртуриши шафқат суви билан йўғрилгандир. Унинг ҳузурида соатларча ўтирдим. Суҳбат этдик. У намозда ўқиш учун фарз миқдоридан ортиқ сура ва оятларни билмас эди. Уларни ўргатдим. Ва унинг олдидан 40 йил давомида эриша олмаганим даражаларга юксалдим. Ичим файзи илоҳийга тўлди. Ўшанда англадимки, қутблик сири бошқа нарса экан. У фазилат билан, илм билан, ибодат билан қўлга киритиладиган нарса эмас, балки Аллоҳнинг бергани экан. (4-қисм тугади. Давоми бор) Мир араб ўрта махус ислом билим юрти талабаси Тўлқинбек Холмирзаев 953
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Мусулмон донишмандлар кенгаши раиси, доктор Султон Румайсий жанобларининг таклифига биноан Бирлашган Араб Амирлигининг Абу Даби шаҳрида бўлиб ўтаётган халқаро анжуманда иштирок этмоқда, хабар берди ЎМИ Матбуот хизмати. Жорий йилнинг 3 февраль куни Абу Даби шаҳрида Инсоний биродарлик бўйича анжуман ўз ишини бошлади. Анжуман бош ҳомийси БАА амири Шайх Муҳаммад бин Зоид ал-Наҳён ҳисобланади. Унда дунёнинг барча мамлакатларидан келган таниқли уламолар, машҳур муфтийлар, профессор-олимлар, етук экспертлар, давлат ва дин арбоблари ҳамда турли конфессия етакчилари иштирок этмоқда. Йиғинга бутун жаҳондан мингдан ортиқ меҳмонлар келган. Дунё халқлари турли муаммоларга дуч келаётган ҳозирги мураккаб шароитда дин пешволари бир жойга жамланиб, ягона мақсад – йўлида ҳамкорлик қилишлари ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Мазкур анжуманда дунёнинг кўплаб мамлакатларидан бир неча юзлаб делегация вакиллари бир мажлисда жам бўлиб, муҳим масалаларни машварат қилишлари, албатта, ўзининг ижобий натижаларини беради, инша Аллоҳ. Ушбу нуфузли анжуманда сўзга чиққан нотиқлар турли халқлар ўртасида ўзаро бирдамлик, ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ўзаро аҳилликка эришиш, турли ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бериш кераклиги борасида сўз қиладилар. 785
Бир муҳаддис айтади: “Ҳадис ёзиб ўтирган эдим. Мен ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга фақат саловат айтиб, саломни тарк қилардим. Тушимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. У зот менга: “Китобингда саловатингни тўлиқ қилмайсанми?” дедилар. Шундан сўнг ёзадиган бўлсам, у зотга саловат ва салом айтадиган бўлдим”. *** Сулаймон ибн Нуайм айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тушимда кўрдим ва: “Эй, Аллоҳнинг Расули, ану у кишилар Сизнинг муборак равзангизни зиёрат қилиб, Сизга салом айтишмоқда. Сиз уларнинг сўзларини тушунасизми?” деб сўрадим. У зот алайҳиссалом: “Ҳа, уларга алик оламан”, деб жавоб бердилар”. *** Шайх Абдулғаний Нобулусий айтади: “Бўёқчи шайх Ризвон тушида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрди. Сайдодаги катта “Умарий” масжидида экан. Инсонлар жуда кўп экан. Бир киши шайх Ризвонга қараб: “Эй, Ризвон, ичкарига кир”, дебди. Ўша пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гапираётган эканлар. Ризвон у киши билан ичкарига кирибди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрибди. У зот алайҳиссалом унга қараб: “Эй Ризвон, чиқиб ҳадисимни айт”, дебдилар. Сўнг ушбу ҳадисни айтибдилар: “Истаганингча яша. Бир кун келиб вафот этасан. Истаган кишингни яхши кўр. Бир кун келиб ундан ажраласан. Истаган ишингни қил. Бир кун келиб у ила ҳисоб қилинасан”. Шайх Ризвон чиқиб, худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек ҳадисни инсонларга етказибди”. *** Абул Хайр Тайтоний айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак шаҳарларига кирдим. Ейишга ҳеч вақоим йўқ эди. 5 кун ўтди ҳамки, туз тотмадим. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қабрлари олдига келдим. У зотга, Абу Бакр, Умар розияллоҳу анҳумоларга салом бердим ва: “Эй, Аллоҳнинг расули, бу кеча мен сизнинг меҳмонингизман”, дедим-да, бориб, минбарнинг ортида ухладим. Тушимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўнг томонларида, Умар розияллоҳу анҳу эса, чап томонларида, Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу олдиларида эди. Али мени туртиб: “Тур, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келдилар”, деди. Мен туриб, икки кўзлари орасида ўпдим. У зот алайҳиссалом менга битта нон бердилар. Мен унинг ярмини едим. Уйғониб кетдим. Қарасам, қўлимда нонинг иккинчи ярми турган экан”. *** Али розияллоҳу анҳунинг авлодларидан бўлган бир киши оиласи билан Балҳ шаҳрини ватан тутишган эди. Унинг аёли ва қизлари бўлиб, уларга фақирлик етганди. У киши вафот этиб, аёли душманларнинг ичи қоралигидан қўрққани сабаб қизларини олиб Самарқанд томонга йўл олди. Унинг сафари қаттиқ совуқ тушган пайтга тўғри келди. Улар шаҳарга киришгач, аёл фарзандларини масжидга олиб кирди. Ўзи озуқа излаб ташқарига чиқди. Икки тўда олдидан ўтди, уларнинг бири мусулмон тўдаси, иккинчиси мажусий кишилар тўдаси эди. Аёл бир мусулмоннинг олдига келиб, ўзини таништирди – Али розияллоҳу анҳунинг авлодларидан эканини айтди ва: – Бир кечалик егулик излаяпман, – деди. Мусулмон: – Ҳақиқатдан ҳам Али розияллоҳу анҳунинг авлодларидан эканингни исботловчи далил келтир – деб жавоб қилди. Аёл: – Бу шаҳарда мени танийдиган бирор кимса йўқ, – деди. Мусулмон унинг гапини эшитиб, ёрдам беришни истамади. Аёл мажусийнинг олдига бориб, бор гапни айтди ва мусулмон билан ўрталарида бўлган суҳбатни ҳам сўзлади. Мажусий уйдагиларини аёл билан масжидга юборди ва улар болаларни унинг уйига олиб келишди ва ажойиб кийимлар кийдиришди. Тун ярмига борганда бояги мусулмон туш кўрди. Гўё қиёмат қоим бўлган эмиш. Байроқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошлари узра турган экан. Яшил зумраддан бўлган қаср ҳам бор экан. Шунда мусулмон: “Эй, Аллоҳнинг расули, бу қаср ким учун?” деб сўради. У зот алайҳиссалом: “Тавҳид калимасини айтган мусулмон учун”, деб жавоб бердилар. “Ахир мен ҳам мусулмонман-ку!” деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ундай бўлса, менга мусулмон эканлигинг далилини келтир”, дедилар. Мусулмон ҳайратланиб қолди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Алининг авлоди сендан ёрдам сўраб келганида “Менга далил келтир” дединг. Сен ҳам ҳужжат келтир”, дедилар. Мусулмон йиғлаганича ўзини ўзи уриб уйғонди. Ташқарига чиқиб, шаҳардан аёлни излай кетди ва ахири қаерда эканини билди. Мажусийга одам юборганди,...
30 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Самарқанд вилоятига ташрифлари чоғида янги бунёд этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби фаолияти билан яқиндан танишдилар. Қуйидаги ушбу икки илм масканига ташрифдан фотолавҳалар билан танишишингиз мумкин. 724